Афғонистон бўйича халқаро конференция матбуот маркази иш бошлади
Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 23 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот маркази иш бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда матбуот маркази раҳбари Ш.Қудратхўжаев, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Э.Орипов, Ташқи ишлар вазирлигининг Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича бошқармаси бошлиғи О.Акбаров, тарих фанлари доктори, профессор Ш.Абдуллаев Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган мазкур нуфузли анжуманнинг Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш ва қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясини ёритишда 300 га яқин маҳаллий ва 20 дан ортиқ хорижий ОАВ вакиллари қатнашади. Улар орасида «The New York Times», «BBC», «Jenmin Jibao», «NHK» каби йирик халқаро ахборот агентликлари, нашрлар ва телеканаллар бор.
Журналистларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида бўладиган конференциянинг асосий тадбирлари матбуот марказига тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Бундан ташқари, марказ замонавий компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар билан жиҳозланган. Юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли узатиш орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд.
Матбуот марказининг очилиш маросимида Афғонистон бўйича мутахассис ва экспертлар ушбу мамлакат тарихи, дунё ҳамжамияти билан алоқалари, Ўзбекистон – Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, сиёсий, иқтисодий, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги тарихий, маданий ва цивилизациявий яқинлик, Ўзбекистон – Афғонистон муносабатлари: ривожланишнинг янги босқичи, Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро ташаббуслар каби масалаларга бағишланган маърузалар тингланди.
– Тинч Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига чиқиш имкониятини таъминлайди, ўз навбатида, Жанубий Осиё мамлакатларини Европа ва Яқин Шарқ бозорлари билан боғлаши мумкин, – дейди Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Э.Орипов. – Шу маънода, қўшни юртда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш бўйича миллий ярашув – Афғонистон раҳбарияти ва саъй-ҳаракати билан амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бўлажак конференция қўшни давлатда тинчлик бўлишидан манфаатдор томонлар учун қулай мулоқот майдони вазифасини ўташига ишонамиз.
Улуғбек ШОНАЗАРОВ,
ЎзА мухбири