Амир Темур ва Алишер Навоий
Туташ тақдирлар
Азалдан шоирлар тақдири шоҳлар тақдирига, шоҳлар қисмати эса шоирлар қисматига боғланиб келган. Бунинг боиси не? Шарқни-ку гапирмасак ҳам бўлади, Ғарбда ҳам шундай. Хуллас, тарих умр бўйи мудом ўчакишиб ёхуд ҳамфикр бўлиб яшаб ўтган шоҳу шоирни кўп кўрган. Бежиз эмаски, сўз санъатининг талай буюк асарлари айнан шоҳлар ҳақида: “Шоҳ Эдип” (Софокл), “Шоҳнома” (Абулқосим Фирдавсий), “Қирол Лир” (Вильям Шекспир), “Садди Искандарий” (Алишер Навоий)…
Буюк ҳукмдор Амир Темур ҳамда буюк шоир Алишер Навоийни дунёга келтиргани учун ҳам ўзбек кўп бахтли халқ. Рўзи маҳшаргача бу икки азиз ном башарият онгу шууридан ўчмаслиги аниқ. Бу зотларни таниган киши ўзбекни ҳам билади.
Тошкенти азимнинг белига камар бўлиб турган кўча кўпдан буён Навоий номи билан аталади. Шу кўчанинг қоқ ўртасидан бурилиб, Алишер Навоий ҳайкали ёнидан метронинг “Алишер Навоий” бекатига тушасиз. Ундан лип этиб “Пахтакор” бекатига ўтиб, шаҳарнинг шар¬қи сари юрсангиз, “учар от” сизни “Мустақиллик майдони” орқали тўғри “Амир Темур хиёбони”га элтади. Тепада эса Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг суворий ҳайкалига дуч келасиз.
Ана салобату мана салобат!
Қаранг, “Амир Темур хиёбони”дан “Алишер Навоий” бекатига бориш учун йўлингиз “Мустақиллик майдони”дан ўтади!
Ўй-хаёлингизни “Амир Темур” ва “Алишер Навоий” тушунчалари банд этган эди. Энди бу иккисини боғлаб турган бир ажиб ҳалқа — “Мустақиллик” ҳам пайдо бўлди.
Туркий улуснинг бу чўнг сиймоларини тарихнинг ўзи айнан мустақиллик воситаси ила туташтирган. Истиқлолимиз шу тарихий ҳақиқатни яна юзага чиқариб, Амир Темурни Алишер Навоийга, улуғ шоирни эса буюк Соҳибқиронга рўбарў қилди.
Кимни “соҳибқирон” деймиз?
Қизиқ феълимиз бор-да! Сон минг сўзни биламиз, эҳтиёжимиз учун ўринли ишлатамиз, аммо асл маъноси билан ишимиз йўқ. “Нимсерий — жувонмаргий”, яъни “Чала тўйиш — ёш ўлиш билан баробар”, деганларидек, чала билгандан билмаган афзал. Алқисса, ёзма манбаларнинг қаеридаки соҳиб¬қирон сўзи учраса, Амир Темурга ишора деб тушунишга уриниб кўрамиз. Бироқ унинг айнан қандай маънони анг¬латиши ва кимларга нисбатан қўлланишини яхши билмаймиз. Академик Бўрибой Аҳмедов мазкур атамага бундай изоҳ беради: “Соҳибқирон — икки улуғ сайёра (Зуҳро ва Қуёш) бир-бири билан туташган пайтда туғилган киши, бахтиёр одам”.
Бу сифат юрт олишда бахти доим кулган, аниқроғи, жангу жадалларда қўли баланд келган ҳукмдорларга нисбатан ишлатилган. Соҳибқирон Амир Темур бу сифатга энг муносиб зот эди.
Алишер Навоий кўпгина асарларида темурийлар салтанатининг сўнгги йирик шоҳи — Ҳусайн Бойқарони ҳам Султони соҳибқирон сифати билан тилга оладики, бунда ҳам сўз ўрнига тушган. Зотан, фотиҳлик, ҳарб илми борасида Ҳусайн мирзо улуғ бобоси Амир Темурга тортган эди.
Мардликни қарангки, Ҳусайн Бой¬қаро унга нисбат берилган соҳибқирон мартабасини айнан Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзига лойиқ кўради. Ҳусайн Бойқаро қаламига мансуб “Рисола” асарида мамлакат ва миллатнинг буюк маънавий қуввати — Алишер Навоий ҳақида қуйидаги латиф жумлаларни ўқиймиз:
“Назм иқлимида қайси берк қўрғонга куч келтурдиким, эшиги анинг юзига очилмади ва қайси азим кишварға табъ чериги била турктоз солдиким, фатҳ қилмади. Бу кун назм арконининг рубъи маскунида қаҳрамон ул туруру бу мамолик фатҳига соҳибқирон (таъкид бизники — С.О.) ани десалар бўлур”.
Келинг, энди бошқа гапларни қўя турайлик-да, икки бобомиз — Темур ҳам, Навоий ҳам соҳибқирон эканини ёдда тутайлик. Амир Темур қилич ва ақл кучи билан юртни қўлга олди, мустақил қилди. Унга кўп ҳудудларни қўшиб, марказлашган йирик давлатга айлантирди, Ер юзининг каттагина қисмини ўз ҳукмига бўйсундирди.
Алишер Навоий қилич эмас, қалам тутиб, ўзига хос “фотиҳлик” қилди. Шоир асарларини фақат туркий халқларгина ўқий олишини назарда тутибми, “Фарҳод ва Ширин” достонида фахр ила бундай деб ёзади:
Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Аммо бу ерда айнан Амир Темур эгаллаган ҳудуд кўзда тутилгани ҳам сир эмас. Алишер Навоийнинг “фотиҳ”лиги ҳамон давом этмоқда, унинг “ҳукм”и¬га кирадиган мамлакатлар сони ошгандан ошиб, йил сайин кўпаймоқда. Бугун мамлакатимизга Ер юзининг қай гўшасидан азиз меҳмон ташриф буюрса, улуғ шоиримиз ҳайкали пойига ҳурмат рамзи ўлароқ гул қўяди.
Ширахўрлик
Тақдирнинг ўзи Алишерлар оиласини темурийлар хонадонига боғлаб қўйган. Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоий ўртасида фақат мактабдошлик, шоҳу вазирлик, дўстликкина эмас, бевосита сут билан ўтган, яъники қон жиҳатидан ҳам яқинлик бор эди. Навоий Бойқарога кўкалтош эди. Кўкалтош — ўзаро сут эмишган, яъни ширхўра дегани.
Бироқ кўкалтош — муайян мансаб ҳам эди. Академик Бўрибой Аҳмедов уни бундай тушунтиради: “Кўкалтош мансаби — кўкалтош — эмишган оға-ини, тутинган оға-ини. Бу мансаб эгаси зиммасига давлатнинг дўсту душманлари хусусида маълумот тўплаш, жосуслар иши устидан раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилган. Кўкалтошлар хон ва подшоҳлар хонадонига яқин турганлар”.
Навоий даври тарихчиси Мирхонд “Равзат ус-сафо” асарида темурийлар билан Алишерлар хонадони яқинлиги узоқ тарихга эга эканини қуйидагича қайд этади: “…Ул офтобдиллик амирнинг (Навоийнинг — С.О.) улуғ ва саховатли бобоси, аввалзамон тақозосига кўра, Амир Темур Кўрагоннинг ўғли — Мирзо Умаршайх Баҳодирнинг хос мулозимлари қаторидан жой олиб, эътибор қалами унинг бисот лавҳига кўкалтошлик даражасини ёзган эди”. Худди шу фикрни Мирхонднинг невараси Хондамир “Ҳабиб ус-сияр” асарида қарийб айнан такрорлайди: “Офтоб ҳашаматли амирнинг (Навоийнинг — С.О.) буюк ота-боболари қадимдан Мирзо Умаршайх Баҳодир ибн Амир Темур Кўрагон хонадонининг хос кишилари жумласидан эдилар ва кўкалтошлик қалами эътибори билан уларнинг хотир лавҳига битилган эди”.
Академик Иззат Султон Навоий даври манбаларини кузатиб, уларнинг ҳеч бирида Навоий исмига кўкалтош сўзи қўшиб ёзилмаганини қайд этган. Бироқ Мирхонд “Равзат ус-сафо”да шоирнинг туғишган укаси — Дарвеш Алининг отига кўкалтош нисбасини қўшиб тилга олади.
Умаршайх Амир Темурнинг иккинчи ўғли эди. У айнан Мирзо Улуғбек туғилган милодий 1394 йил 22 март куни Бағдод яқинидаги Хурамту қалъасини қамал қилиш маҳалида ҳалок бўлган. Бу воқеадан қарийб ярим аср кейин туғилган Алишер Навоий ҳам ота-боболари каби темурийлар хонадонига кўкалтошлик ҳурматини изчил давом эттирди. Чунки унинг отаси ўиёсиддин Кичкина ҳам темурийлар салтанатининг ишончли амирларидан бири эди.
Агар кўкалтошлик сўзи эмикдошлик маъносини англатса, демак, Навоийнинг бобоси Умаршайх мирзо билан ўзаро сут эмишган ака-ука, яъни ширхўра эди. Тахмин қилиш мумкинки, Навоийнинг катта момоси — бобосининг онаси Умаршайх мирзони чақалоқлигида эмизган. Шундай бўлса, Навоий аждодлари ҳам аслан мовароуннаҳрлик бўлиб чиқади. Зеро, Навоий дастлабки девони — “Бадойиъ ул-бидоя”нинг “Дебоча”сида бекорга бундай деб ёзмаган:
Отам бу остоннинг хокбези,
Онам ҳам бу саро бўстон канизи.
Хуллас, амирлик Навоийга отамеросгина эмас, бобомерос ҳам эди. Бунинг устига, кўкалтошлик шунчаки эмас, ўта муҳим хизмат эди. Унга хавфсизликдек ўта нозик вазифа юклатиларди.
Худди шу боис ҳам Навоийга ана шу буюк салтанатга бевосита дохил бўла туриб Амир Темур ҳақида ёзиш осон бўлган эмас…
Ҳампиралик
Амир Темур замонида яна бир буюк зот яшаган эди. Бу зот — Баҳоуддин Нақшбанд.
Агар Амир Темур ҳокимиятини шарт¬ли равишда Самарқанд пойтахт қилинган давр — 1370 йилдан ҳисоблаганда ҳам, ўша замоннинг машҳур тасаввуф пири Хожа Баҳоуддин Нақшбанд султони Соҳибқирон ҳукмронлиги замонида умрининг сўнгги ўн тўққиз йилини ўтказган бўлиб чиқади. Шундай экан, буюк шоҳ билан улуғ шайх ўртасидаги муносабатлар қандай кечган?
Тожик тасаввуфшуноси А.Муҳаммад¬хўжаевнинг “Нақшбандийлик мафкураси” китобида бу масалага дахлдор муҳим бир жиҳат таҳлил этилади. Бу — Амир Темур билан Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзаро ҳ а м п и р а бўлгани масаласи.
Ҳампиралик нима?
Кузатган бўлсангиз, умрида бир-бирини кўрмаган икки касбдош тасодифан учрашиб қолса, ўз-ўзидан гап гапга уланиб, суҳбат қизиб кетади. Суҳбатдошлар бирпасда минг йиллик танишга ўхшаб қолади. Чунки ҳ а м п и р а!
Бухоро тарафларда темирчи темирчини, ошпаз ошпазни, ҳолвагар ҳолвагарни, маҳсидўз маҳсидўзни ҳампира дейди. Бу — кенг маънодаги ҳампиралик. Чунки қадимдан, ҳар бир касбнинг ўз пири бор, деб қаралади.
Тасаввуфда эса пир-муридлик — бош масала. Ҳеч бир солик пирсиз эмас. Албатта, бир пирнинг бир неча муриди бўлиши мумкин. Бу пирнинг муридлари эса ўзаро бир-бирига ҳампира бўлади.
Ана шундай тор маънода Амир Темур билан Хожа Баҳоуддин ўзаро ҳампира эди. Чунки ҳазрат Амир Кулол Хожа Баҳоуддинга ҳам, Амир Темурга ҳам пир эди. А.Муҳаммадхўжев таъкидлаганидек, хожагон (кейин¬чалик нақшбандия) тариқати шайх¬лари ҳукмдорлар билан яқин муносабат ўрнатишди. Олим шу шайхнинг набираси — Шаҳобиддин қаламига мансуб “Мақомоти Мир Кулол” асарига таяниб ёзадики, Мир Кулол дарвешларга васиятларидан бирида илгари сўфийларнинг подшоҳларга ҳурматсизларча муносабатда бўлгани, уларга нисбатан мухолиф вазиятда турганини қоралаб, шоҳларга нисбатан илтифотли бўлиш кераклигини тайинлаган.
Амир Темур билан Хожа Баҳоуддин ўртасида, бевосита бўлмаса-да, билвосита муносабат мавжуд эди. Кейинчалик темурий ҳукмдорларнинг деярли барчаси нақшбандия пирларига мурид тушгани бежиз эмас. Бу уларга улуғ боболаридан қолган муқаддас анъана эди. Маш¬ҳур темурий шоҳлар — Шоҳрух мирзо, Абу Саид мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Умаршайх мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур — барчаси ана шу тариқат пирларига мурид, яъни нақшбандий бўлган.
Алишер Навоий ҳам нақшбандий эди. Ул зот даврининг Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валийдан кейинги улуғ пири — Абдураҳмон Жомийга расман қўл бериб, мурид тушган.
"Айтмоқ" — бошқа нарса, "ўқимоқ" — бошқа
Шарқда шеър битиш қадимдан жуда улуғ шараф ҳисобланган. Навоий «Ҳайрат ул-аброр»да назмнинг насрдан устунлигини исботлай туриб, қуйидагича ёзади:
Бўлмаса эъжоз мақомида назм,
Бўлмас эди Тангри каломида назм.
Демак, мўъжиза мақомида, яъни Қуръони каримдаки назм борми, билингки, у — буюк санъат.
Шунинг учун ҳам улуғ шоиримиз яшаган темурийлар замонида шеърни идрок этиш ва шеър битиш олий маданият белгиси ҳисобланган. Темурийзодалар орасида шоирлар кўп эди. “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг еттинчи мажлиси айнан ана шу шоирлар ҳақида. Навоий рўйхат бошига Амир Темур номини битади. Бу улуғ ҳукмдорнинг шеърий табъи ҳақида ул зот бундай ёзади: “…Агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назму насрни андоқ хўб маҳалу мавқеъда ўқубтурларким, анингдек бир байт ўқуғани минг яхши байт айтқонча бор”.
Шундан сўнг Амир Темурнинг эсига келиб қолиб бир мисра ўқигани воқеаси баён қилинади. Амир Темурнинг ўғли — Мироншоҳ мирзо Табризда ичкиликка берилди. Амир Темурга бунга мирзонинг уч надими, яъни маслаҳатчиси — Хожа Абдулқодир, Мавлоно Коҳий ва устод Қутб Нойий сабабчи эканини айтишди. Соҳибқирон уларнинг бошини келтиришни буюрди. Шунда Хожа Абдулқодир ўлим жазосидан қочиб, қаландар қиёфасида юртма-юрт кезиб, жон сақлаб юрди. Бундан баъзилар хабардор эди. Темур Ироққа юриш қилганида бу хабарни унга етказишди. Соҳибқирон Хожа Абдулқодирни тутиб келтиришни буюрди.
Воқеанинг давомини Навоий қуйидагича ҳикоя қилади: “Ул ҳазрат (яъни Амир Темур — С.О.) тахтда эрдиларким, Хожайи фақирни девоналиққа қўймай судраб, тахт иллайига келтурдилар. Андин бурунким, сиёсат ҳукм бўлғай, чун Хожанинг камолотидин бири Қуръон ҳифзи (Қуръонни тўлиқ ёд билиш — С.О.) эрди ва Қуръон ўқумоқ бунёд қилдиким, ул ҳазратнинг (яъни Амир Темурнинг — С.О.) ғазаби лутфқа мубаддал бўлуб, фазлу камол аҳли сори боқиб, бу мисрани ба вақт ўқудиким:
Абдол зи бим чанг бар Мусҳаф зад...”.
Мисранинг мазмуни: Қаландар қўрқувдан Қуръонга чанг солди.
Амир Темур ғазабга миниб, уни қатл эттиришга ҳозир турган бир маҳалда Хожа Абдулқодир Қуръонни тиловат қилиб, ҳукмдорнинг ғазаби лутфга айланишига эришади. Шундан сўнг Соҳибқирон Хожа Абдулқодирнинг гуноҳидан ўтиб, унга илтифот ва тарбиятлар айлаб, “мажлисида надим ва мулозим қилди”.
Навоий Темурнинг бир мисра шеър ўқиганини: “Идроку фаҳм аҳли билурким, йиллар, балки қарнларда (асрларда (қарн — ҳозирги тилимиздаги “аср” сўзига ўхшаш сўз, лекин у 100 йилни эмас, 30 йилни билдиради) — С.О.) мундоқ латиф сўз воқеъ бўлмас”, дея таърифлайди.
Аввало, бу воқеа — Темурнинг марҳаматли эканига ёрқин бир мисол. У “Темур тузуклари”даги: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим”, деган сўзлари учун ҳаётий далил бўла олади.
Лекин бу ерда асосий гап — Навоийнинг ўқуған билан айтқан сўзларини бир-биридан ажратиб қўллаётганида. Баъзилар шу нозик лисоний фарқни инобатга олмай, Темур ўқиган мисрани, бадиҳа йўли билан тўқилган шеърий сатр, деб тушунтиряпти ҳам. Ҳолбуки, Навоий тилида ўқимоқ фақат бировнинг (!) шеърини ёддан айтмоқни, айтмоқ эса ўзи шеър тўқимоқни билдиради.
Навоий бу ўринда Амир Темурни бош¬қа бировнинг шеърини ҳаётий воқеага жуда мос тарзда ишлатгани учун таърифлаган.
Хўш, унда Соҳибқирон ишлатган мисра қайси шоирнинг шеъридан олинган?
Академик Ботирхон Валихўжаевнинг аниқлашича, Амир Темур ўқиган ўша мисра — Абу Али ибн Синога замондош бўлган шайх Абу Саъид Абулхайр қаламига мансуб бир машҳур рубоийнинг сўнгги сатри.
Хуллас, Навоий наздида, Амир Темур каби шеърни ҳаётий воқеага мос ўринда ишлата олиш — минг яхши байт ёзган билан баробар.
Ростий — рустий
Султони Соҳибқироннинг маҳобатли ҳайкали шоҳсупасига ул зотнинг энг севган шиори ўзбек, рус, инглиз тилларида зарб этилган. Бу шиор жаҳонгирнинг хос қиличида ҳам, узугидаги муҳрида ҳам айнан форсийда — “Ростий — рустий” тарзида битилган эди…
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида Амир Темурнинг Самарқанддаги ҳайкали вариантлари устида олиб борилган ишлар, ўтказилган жиддий муҳокамаларни эслаб, жумладан, шу шиорга ҳам алоҳида тўхталади: “Биз кўп тортишув ва фикр алмашувлардан сўнг Соҳибқироннинг қўлларини бир-бирига қўйиб турган ҳолатини ҳам ўзгартирдик, бармоғидаги “Куч — адолатда” деган маш¬ҳур сўзлар битилган узугини бўрттириб кўрсатишга қарор қилдик. Маълумки, бу узук ва унинг кўзидаги ҳикматли ибора Амир Темурни бутун дунёга машҳур қилган. Бу шиорда бобокалонимизнинг ҳаётий эътиқоди теран акс этган. Шунинг учун узукни тасвирлашга, албатта, эътибор қаратиш керак, деган хулосага келдик”.
Хўш, Амир Темур шу қадар улуғлаган бу шиор замирида қандай маъно яширин?
Бугун айни у шиор “Куч — адолатда” деган маънони англатиши кўпчиликка маълум.
“Ростий” сўзи тўғрилик, адолат деган тушунчаларни англатади, “рустий” эса кучлилик, қувват, мустаҳкамлик маъноларида ишлатилади. Форсий луғатларда унинг роҳат, фароғат маънолари ҳам қайд этиладики, бундан шиорда: “Адолатли бўлсангиз, роҳат-фароғатда яшайсиз” деган мазмун ҳам пин¬ҳон экани ойдинлашади.
Шартли равишда айтиш мумкинки, Амир Темур буюк бир салтанатни барпо этган бўлса, Алишер Навоий ана шу салтанатнинг ўзига хос назариётчиси янглиғ тарих саҳнасида намоён бўлган эди. Темур фаолияти асосида ётган “Ростий — рустий” шиори Навоий яратган назариянинг ҳам ўзаги бўлиши табиий эди. Аслида ҳам шундай.
“Ҳайрат ул-аброр” достонининг 26-боби салотин, яъни султонлар ҳақида. Шоҳга мурожаат услубида битилган бу бобда шоир подшоҳ қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги қарашларини бевосита маслаҳат тарзида баён айлашга ҳам журъат этади. Айш-ишратга муккасидан кетган, адолатсизликларга йўл қўядиган, охиратни — қиёмат кунини ўйламайдиган шоҳларни ҳушёрликка чақиради.
Шу бобнинг Амир Темур билан боғлиқ икки нозик нуқтаси бор.
Биринчиси шуки, шоир шоҳнинг бошига Сулаймонга ўхшаб Ҳумой қуши соя солиши, унинг қўлини Жамшид каби жом ўпишини гапира туриб, бирдан ҳукмдор узугига фалак “Ростий — рустий” шиорини нақшлаганини эсга олади:
Ҳотами адлингга сипеҳри баланд,
“Ростиву русти(й)” била нақшбанд.
Демак, шоир подшоҳларни адолат бобида Амир Темур ақидасига амал қилиб, одиллик билан ҳукм юритишга ундаяпти. Унинг талабига кўра, адолат билан амр қилиш — подшоҳнинг туғроси, яъни буйруқларнинг тепасига битиб қўйилиши шарт бўлган нарса:
Хутбайи жоҳинг қадар иншо қилиб,
“Яъмуру би-л-адл” ила туғро қилиб.
Бу — Амир Темур билан боғлиқ иккинчи жиҳат.
Амир Темур шиорининг навоиёна шар¬ҳи шу билан тугамайди. Шоир ижодининг ўзига хос дастурномаси бўлмиш “Ҳайрат ул-аброр”нинг 40-боби, яъни ўнинчи мақолатида ростлик масаласи алоҳида мавзу қилиб қўйилади. Буниси — энди фақат шоҳларга эмас, бутун инсониятга тегишли панд-насиҳат. Бироқ тўғриликнинг нақадар азиз фазилат эканини тушунтириш учун ҳам шоир яна адолатли подшоҳ тимсолига айланиб кетган Сулаймон пайғамбарнинг ҳукмронлик даврини ёдга олади. Чунки айнан ана шу тўғрилик, адолатлилик учун ҳам халқ бу раҳнамо пайғамбарга эргашган эди. Бу буюк адолатпешанинг узугидаги муҳрда ҳам “Ростий — рустий” деб битилган эди-да.
Бу байтлардаги тасвирлардан шундай маъно англашиляптики, Амир Темургача ислом оламида, Сулаймон пайғамбарнинг машҳур узугидаги муҳрда “Ростий — рустий” шиори ёзилган эди деган ақида мавжуд бўлган. Султони Соҳибқирон бу шиорни танлашда ана шу ақидага суянган бўлиши керак.
Ҳар ҳолда, Навоийнинг Амир Темур шиорини икки бор махсус шарҳлаши ҳам унинг адолатни қанчалар улуғлаганидан далолат беради. Шулардан ҳам маълум бўладики, Алишер Навоий асарларида Амир Темурни адолат тимсоли сифатида ҳурматлайди.
Насаб ва ҳасаб
Наслу насаб...
Яқин ўтмишимизда қовуннинг палагини текширдик, пахтанинг “авлоду аждод”ини суриштирдик, лекин одамнинг наслу насабини менсимадик. Чунки ҳаммамиз бирдай — “пролетар” бўлишимиз шарт эди. Ҳолбуки, одамзод Одам Атодан буён насл сўрайди, насаб суриштиради. Шоҳлик мақомига эгалик эса шу қадар муҳим масала эдики, шоҳнинг ўғлигина шоҳ бўла олар эди.
Алишер Навоий қаердаки Ҳусайн Бойқаро ҳақида сўз юритса, уни, билвосита Темурга алоқадор таъриф, десак ҳам, бўлади. Чунки уларнинг кўпида шоир замона шоҳининг насаб ва ҳасабини улуғлаб ўтишни ёддан чиқармайди. Бобомизнинг бу масаладаги фикри қатъий. “Ҳайрат ул-аброр”нинг 41-бобида айтилганидек, кондан — гавҳар, денгиздан — балиқ ичида бўладиган хушбўй анбар олинганидек, яхши отадан яхши ўғил дунёга келади; одамдан — одам, шоҳдан — шоҳ, хондан — хон туғилади.
Хўш, насаб нимаю, ҳасаб нима?
Насаб — одамзоднинг наслини, аждодини, уруғини, ота-бобосини билдиради. Машҳур кишилар, хусусан, ҳукмдорларнинг махсус “Насабнома”лари ҳам битилганки, уларда шахснинг кимларга авлод экани, яъни шажараси бирма-бир кўрсатиб борилган. Насаб — оврупача тасаввурдаги фамилия тушунчасининг ўзгинаси. Фамилиянинг асл маъноси — оила. Шунинг учун фамилия деган сўз ўрнига бугун насаб сўзини ҳеч иккиланмай ишлатавериш мумкин. Бироқ биз энди “фамилия” сўзига ўрганиб қолдик, у бугун расмий тушунча.
Ҳар бир оиланинг ўз шарафи бўлади. Ҳар бир авлод бу шарафга шараф қўша боради. Ҳасаб айни ана шу — муайян киши ота-боболарининг шон-шуҳрати, обрўйи, довруғи деган маънода ишлатилади. Улуғ насабли кишилар ҳасабда ҳам ота-боболари шарафига муносиб бўлишга интилар эдилар. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да хонлар авлодидан бўлмиш Дарвешбек ҳақида: “Ҳасаби жонибидин ҳам насабча шараф бор эди”, — дея таъриф берадики, бу ҳам — насаб ва ҳасаб кўпинча ёнма-ён қўлланишига бир мисол.
Ҳусайн Бойқаро насаб жиҳатидан, “Бобурнома”да таърифланганидек, карим ут-тарафайн эди. Бу, ота тарафидан ҳам, она тарафидан ҳам шоҳликка чин даъвогар, яъни Амир Темурга бевосита авлод эди, дегани. Ота тарафидан у Амир Темурнинг ўғли — Умаршайхнинг эвараси эди. Отаси Мансур ва бобоси Бойқаро подшоҳлик қилмаган эди. Она тарафдан ҳам у Амир Темурга эвара бўларди. Онаси Амир Темурнинг бошқа ўғли — Мироншоҳнинг қизи Фирузабегим эди.
Шунинг учун ҳам Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг бевосита Ҳусайн мирзо ижоди таърифига бағишланган саккизинчи мажлисида шундай ёзади: “Бу Хусрави гардунжоҳниким, насаби бобида хома сурсам, юз минг хону хоқонни бу жузви мухтасарда йиғиштурса бўлурми?! Ва бу доройи анжумансипоҳниким, ҳасаби шарҳида қалам урсам, юз туман хоқону қооннинг ҳамида ахлоқича сўзни бу муҳаққар ва авроққа йиғиштурса бўлурми?! Насаби бобида фасоҳатшиор яхшилар “Насабнома” битибдурларким, ҳар саҳфаси моний коргоҳин хижил этар ва ҳасаби шарҳида балоғатдисор муншийлар таърихе тартиб берубдирларким, ҳар варақи Чин нигористонин мутфайил айлар…”
Тарих тарих бўлиб, темурийларни Навоийчалик мадҳ этган зот чиққан эмас. Буюк Амир Темурнинг насаби ва ҳасаби шоир учун темурийзодаларни адолатпешалик сари чорлаб туриш мақсади йўлидаги улуғ бир восита эди.
Темурий мирзоларнинг айнан етти отаси хон келгани, Навоий наздида, улар елкасига айрича бир масъулият юклар, бу мақом уларни ана шу улуғ насабу ҳасабга мос иш юритишга мажбур қилар эди.
Зоти шарифини эслатиб туриш шоирга фақат Ҳусайн Бойқаро эмас, унинг ўғилларини ҳам эзгулик сари йўллаш учун керак эди.
Алишер Навоий замонида темурий ҳукмдорлар мадҳида уларнинг ота-боболари таърифини келтириш маҳоратига алоҳида эътибор билан қаралар эди. Буни шоирнинг Паҳлавон Муҳаммад ҳақида айтган мана бу сўзлари ҳам исботлайди: “...Розгўйида бу икки байт¬ни боғлаб эрди ва асоф оламида бу икки байтдек оз айтибдурки, мамдуҳнинг (таърифланаётан кишининг, бу ерда Ҳусайн Бойқаронинг — С.О.) бешинчи отасиға зикр бўлмиш бўлғайким:
Султон Ҳусайни Хусрави ғозий,ки мисли ўр,
Ҳаргиз набуда садафи рўзгор дур.
Шоҳ аст шаҳриёр падар ва падар, ки ҳаст
Мансур Бойқарои Умаршайхи бин Темур”.
Ҳусайн Бойқаро мирзо — шажарада Темурга бешинчи авлод. Бу ерда Паҳлавон Муҳаммад Ҳусайн Бойқаронинг ўзидан олдинги тўрт отасини, яъни отаси (Мансур), бобоси (Бойқаро), бобосининг отаси (Умаршайх) ва бобосининг бобоси (Темур) номларини ҳам қўшиб мадҳ эта олгани таърифланяпти.
Темурийзодаларга улуғ боболари — Амир Темурни бот-бот эслатиб туриш салтанат ва миллатнинг маънавий пири — Навоийнинг бурчи янглиғ бўлиб қолган эди.
Қилич ва қалам
Қилич билан забт этилган ҳудудларнинг тақдир дафтарига абадийлик муҳри босилган эмас. Шунинг учун бўлса керакки, шоирлар қалам билан мулк олиш ишқида ёнади. Қайси мамлакатни ҳукму фармонига киритмоқчи бўлса, Навоий ўша юртга лашкари шеър бўлган девонини юборган:
Не мулк ичраки бир фармон йибордим,
Анинг забтиға бир девон йибордим.
Бу девонким, тутти кишварни андоқ, –
Ки девон тузмагай дафтарни андоқ.
Соҳибқирон Амир Темур Турон юртини жаҳоннинг марказларидан бирига айлантирган эди. Шундай буюк туркий салтанатга яраша шундай буюк туркий адабиёт дунёга келмаганди. Алишер Навоий ана шу ҳаётий эҳтиёжнинг меваси янглиғ туғилди. Темур ўзбекни жаҳон сиёсатининг юксак саҳнасига олиб чиққан бўлса, Навоий миллат маънавиятини ана шундай улуғ поғонага кўтариб қўйди.
Навоий қаламида Темур қиличининг кучи бўлса не ажаб?!
Навоий қалами Темур қиличи билан йўнилган бўлса-чи?!
Султонмурод ОЛИМ