Самарқанд — Ер юзининг сайқали
Туризм иқтисодий тараққиёт, молиявий даромад манбаигина эмас, халқ қадрияти, маданиятини дунёга танитадиган ижтимоий соҳа сифатида ҳам тан олинмоқда. Шу боис Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда.
Туризм юртимизда кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Ўрта асрлардаёқ Самарқанд Буюк Ипак йўлидаги савдо, маданият ва иқтисодиёт маркази сифатида етти иқлимга машҳур бўлган. Бугун қадим шаҳарнинг ана шу мавқеи тикланмоқда. Шунга қарамасдан, сайёҳлик маркази сифатида Самарқанднинг қулай географик жойлашуви, мўътадил иқлими, халқимизнинг бой маданий ва маърифий меросидан тўлиқ фойдаланиляпти, деб айта олмаймиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги «2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида мавжуд камчиликлар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар, галдаги вазифалар белгилаб берилди.
Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳри салоҳиятидан кенг фойдаланиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, замонавий инфратузилмани ташкил этиш, шу тариқа маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш давр талабидир. Шаҳарда 108 та сайёҳ қабул қилиш маскани, 85 туризм оператори фаолият юритмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 2017 йилда 1 миллион маҳаллий ва 249 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари, кўркам иншоотларини томоша қилиш имкониятига эга бўлди. Бу рақам янада салмоқлироқ бўлиши мумкин эди. Афсуски, ҳудуддаги меҳмонларни жойлаштириш объектлари сиғими, хизматлар тури ва сифати, йўллар ҳолати, кўнгилочар масканлар сони, кўрсатилаётган хизмат сифати, экскурсовод ва гиднинг касбий маҳорати, алоқа ва интернет хизмати талаб даражасида эмас. Бу меҳмонларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини халқаро стандартлар даражасида ташкил этишга монелик қилмоқда. Шу боис Самарқанддек кўҳна шаҳарга саёҳатчи ва зиёратчилар оқими тез суръатларда ошмаяпти. Агар 2016 йилда шаҳарга 76,2 минг хорижий сайёҳ келган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 249 мингга етди. Аммо республикамиздаги энг йирик ички ва ташқи туризм марказининг соҳадаги улуши атиги 7 фоизни ташкил этгани ачинарлидир.
Давлатимиз раҳбарининг қарори кучга киргач, туристлар оқими кескин ошди. Ҳар бир қадамжо эртадан-кечгача зиёратчилар билан гавжумлиги яхши. Бу хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг Самарқандга нисбатан қизиқиши ортганидан далолатдир. Улар замин гавҳарининг бетакрор жамоли, обод ва кўркам маскан эканлигини эътироф этишмоқда.
— Самарқанд Афинадек санъат, маданият, илм-фан қадимдан равнақ топган жаҳон цивилизацияси марказларидан биридир, — дейди грециялик Ҳаррис Стратагес. — Афинага ҳам дунёнинг турли давлатларидан кишилар оқиб боради. Кўпчилик сайёҳлар қадимий иншоотлар атрофида тозаликка ҳар доим ҳам риоя қилавермайди. Бироқ Самарқанддаги тарихий обидалар обод, гулларга бурканган, тозалик сақланади. Айниқса, тунда шаҳрингиз кишига ўзгача завқ улашади.
Самарқанд шаҳрида 14 та археология ёдгорлиги бўлса-да, айримлари сайёҳларни қабул қилиш учун талабга жавоб бермайди. Ҳатто ҳар соатда юзлаб, минглаб саёҳатчилар кириб-чиқадиган марказий қадамжоларда ҳам жиддий муаммолар мавжуд. Шоҳи Зинда зиёратгоҳида автомобилларни сақлаш жойи кичик бўлгани учун айрим зиёратчилар ўз уловини серқатнов кўчалар бўйига қўйиб кетишга мажбур. Бу муаммони ҳал этиш зарур.
Сайёҳларни кўпроқ жалб этишнинг асосий талаби улар учун қулай, мақбул шароит яратишдир. Бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган. Шаҳарда «Samarkand City»ни барпо этишга киришилди. Сайёҳларнинг шаҳарда маълум муддат яшаши, ҳордиқ чиқариши учун замонавий инфратузилма бунёд этилмоқда. Энг муҳим вазифалардан бири намунали транспорт хизмати кўрсатишдир. Тез орада Самарқанд халқаро аэропорти, темирйўл вокзалидан шаҳар зиёратгоҳларига доимий қатнайдиган жамоат транспорти йўналишларини ишга тушириш белгиланди.
— Давлатимиз раҳбарининг «2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш, янги инфратузилма объектларини барпо этишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури» қабул қилинди, — дейди вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Мунис Восеев. — Дастурга мувофиқ, Самарқандда туризм тараққиёти учун хизмат қиладиган 50 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. «Samarkand City» туризм зонасини барпо этишдан ташқари, сайёҳлар дам олиш лаҳзаларини мазмунли ўтказиши чораларини кўряпмиз. Маданий мерос объектлари, музейларга келувчиларни электрон рўйхатга олиш ва ягона чипта тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда. Меҳмонхона ва зиёратгоҳда интернет тармоғидан бепул фойдаланиш тизимини яратишга киришдик. Туристларни кузатиш-экскурсия тадбирлари учун икки қаватли автобус хизматга шай.
Туризм архитектура ва тарихий обидаларни зиёрат қилиш, диний туризм, альпинизм, табиат ва тоғ ёнбағирларига саёҳат, яъни экотуризм кабиларни ўз ичига олади. Айнан Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” халқаро туризм университетининг ташкил этилиши бу соҳага етук кадрлар тайёрлаш имкониятини кенгайтиради.
Самарқандда «Хавфсиз туризм» дастури асосида маҳаллий ва хорижлик туристларга хизмат кўрсатувчи янги соҳага асос солинди. Уни янада такомиллаштириш мақсадида ходимлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш чоралари кўрилади. 2018 йилда Самарқандга 1 520 минг маҳаллий ва 350 минг хорижий турист келиши кутиляпти. Келгуси йилда сайёҳлар оқими ва хизмат кўрсатиш салмоғи янада ошади. Шунга яраша меҳмондўст самарқандликлар ва қадимий Самарқанд сайёҳлар учун бағрини кенг очиши зарур.
Ҳаким ЖЎРАЕВ