Абайнинг ўчмас ёди
Абай — туркий халқлар адабиётида ўз ўрнига эга, забардаст ижодкор. Унинг ижодий меросини ўрганиш борасида юртимизда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 мартдаги «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Куни кеча пойтахтимиздаги Қозоғистон элчихонаси олдидаги майдонда улуғ қозоқ адиби таваллуд топган санага бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда Шарқий Қозоғистон вилоятидан келган делегация вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фанлар академияси, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар шоирнинг бой ижодий мероси фақат қозоқ халқи учун эмас, балки ўзбек ва жаҳон халқлари учун ҳам битмас-туганмас маънавий хазина эканини алоҳида таъкидлади.
— Абай ўз халқининг камоли, келажагини ўйлаб, қайғуриб ижод қилган маърифатпарвар адибдир, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. — Шоир шеърларида садоқат, мардлик, меҳр-муҳаббат, дўстлик каби туйғулар тараннум этилган. Унинг асарларида эзгуликка, бирдамликка оташин даъват бор. Шу сабаб ҳам бу асарлар безавол яшаб келяпти. Абайнинг ижод намуналарини ёшларимиз ўқиб-ўрганса, ақли тўлишиб, билими хазинаси бойиб бораверади. Қалбида олижаноб туйғулар куртак ёзади.
Тадбирда шоир ҳайкали пойига гул қўйилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Абай Қўнонбоевнинг «Ижод» жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилган «Сайланма»си ҳамда «Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари» номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир якунида ёшлар улуғ мутафаккир ижодидан намуналар ўқиди. Қозоғистонлик санъаткорларнинг чиқиши йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Сардор МУСТАФОЕВ