Шивирлаган сўзнинг гумбурлаган садоси
Асарлари билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган ижодкорлар талайгина. Аммо шеърига чинакам маънода ҳайкал қўйилган шоирлар саноқли. Бири доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатов бўлса, ("Турналар" шеърига) яна бири ўзбекнинг оташнафас шоири Матназар Абдулҳаким. У туғилган заминда ижодкорнинг "Дарсдан сўнг" номли шеърига атаб ҳайкал ўрнатилган. Шоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган хотира кечасида бу ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, ёзувчи Шуҳрат Маткарим сингари шоирнинг дўсту биродарлари, шогирдлари унинг ижоди, шахсияти ҳақида фикр юритди, ўлмас хотиралари билан ўртоқлашди.
— Матназар Абдулҳакимнинг Хоразмда туриб пичирлаб айтган мисраси Тошкентда гумбурлаб акс-садо берар эди, — дейди профессор Баҳодир Каримов. — Хоразмликлар Матназар оға шундай ёзган эди, дея унинг сўзларини ҳамон эслаб юришлари бежиз эмас. Унинг "Жавзо ташрифи" китоби Хоразм лирик шеъриятининг ёрқин намунаси бўлиб қолди. Ҳар бир мисрасида шоирнинг юртга бўлган муҳаббатини сезиш мумкин:
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дарёлар чиқар...
Дарҳақиқат, шоирнинг шеърлари ўзидан-да машҳур, дилга яқин. Ижодкорнинг ўзини танимаса-да, шеърларини ёд олганлар кўп. Биргина "Дарсдан сўнг"нинг ўзи қанчалаб шеърсеварларнинг юрагини ларзага келтирган. Бу мисраларни совуққонлик билан мутолаа қилишнинг имкони йўқ. Шеърни ўқир экансиз, ўқувчиларнинг машқ дафтарларини қўлтиқлаганча ўнқир-чўнқир йўлдан кетиб бораётган муаллима кўз олдингизга келиб, унга ортингга қайт, дегингиз келади. Қашқир шарпасини сезган паллада беихтиёр қўрқувни ҳис этасиз. Муаллиманинг дафтарлари адо бўлмаса, ёқилганлари ҳеч ўчмаса, дейсиз. Афсус, ундай бўлмайди... Йиртқичнинг тоқати ҳам, дафтар ҳам тугайди. Аёл фарёди тоғ-тошлардан акс-садо бергандек бўлади. Ичингиз ачишади, қанийди, уйига етиб олганида эди...
"Яхши шеър ёзган инсоннинг ҳурмати ҳар недан азиз, — дейди таниқли адиб Усмон Азим. — Матназар Абдулҳаким ҳам ана шундай азиз инсонлардан. Унга бундан ортиқ таъриф бериб бўлмайди.
Бугун Матназар Абдулҳакимни устоз дея эсловчи, хотирасини ёд этгувчилар талайгина. Ҳаттоки, ўзга соҳа вакиллари орасида ҳам унинг шогирд ва мухлислари бисёр.
— Мен шеър ёзмайман, устоз эса қўшиқ айтмас эди, шундай бўлса-да, у кишига шогирд эдим, — дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси ўқитувчиси Дилфуза Нурматова. — Талабалик вақтларим таътилга чиқиб уйга — Хоразмга борганимда устозни кўрмасдан қайтмас эдим. Ижод, ҳаёт, адабиёт ҳақидаги суҳбатларимизнинг адоғи йўқ эди. Менга Навоийдан ўқиб берар эди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирардик.
Тадбир давомида "Онажоним шеърият" тўгараги аъзоларининг Матназар Абдулҳакимга ёзган хатлари ўқиб берилганда шоирнинг дўстлари, оила аъзолари кўзида ёш қалқди. Шоирнинг ҳаётлик палласида ўқиган шеърлари қўйиб берилди. Ҳар бир тадбирнинг якуни бўлади. Аммо бу тадбир тугамади. Дилкаш наволар янграб, бошловчилар хотира кечасида иштирок этганларга миннатдорлик билдирса ҳам, ҳеч ким жойидан жилмади. Матназар оға ҳақидаги суҳбатларнинг сўнги кўринай демасди. Аслида ҳам ҳақиқий ижодкорга бағишланган кечаларнинг охири бўлмайди. Шоир сўзлари инсонлар қалбида бир умр акс-садо бериб тураверади.
Чарос ЁҚУБОВА,
«Ma’rifat» мухбири