Тегишли қарорлар қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси видеоконференция шаклида ўтказилди. Унда Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий округ сайлов комиссиялари аъзолари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари, ҳуқуқшунос-олимлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган тадбирда шу йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбе¬кистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўришга доир масалалар муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган тадбирлар режаси ҳақида фикр билдириб, белгиланган чора-тадбирларни юқори савияда ташкил этиш лозимлигини қайд этишди.
Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий салоҳиятини янада ошириш, уларнинг сайлов жараёнида алоҳида фаоллик кўрсатиши учун махсус семинар-тренинг ўтказиш режалаштирилаётгани таъкидланди. Унда сайлов участкаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва унга ўзгартишлар киритиш, комиссиялар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, муддатидан олдин овоз бериш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилади. Кузатувчилар институтининг аҳамияти, сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бу борада оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор берилиши керак.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири