Қоғозбозликни камайтириш йўли борми?
Бугун ёшларимиз орасида ўқитувчиликка қизиқиш сусайиб бораётгандек. Илм-фан ривожи, тараққиёт даврида янги касблар пайдо бўлмоқда, барчадан янгича ёндашув, замон билан ҳамнафас ишлаш, фидойилик талаб этилмоқда. Шундай шароитда ўқитувчи ва мураббийлар қадри анчайин пасайиб бораётгани ҳам кўз юмиб бўлмас ҳақиқат. Бу муаммонинг сабаби нима, уни қандай ҳал этиш мумкин?
ЎзА мухбири Навоий вилояти, Кармана туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Моҳичеҳра ИСЛОМОВАнинг бу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
– Физика фанидан дарс бераман. Оммавий ахборот воситаларида ўқитувчилар фаолиятида қоғозбозлик ҳаддан ортиқ кучайиб кетгани ҳақида мақолалар эълон қилинмоқда. “Маърифат” газетасининг 2018 йил 17 январь сонида “Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда таълим тизимидаги кўплаб муаммолар кўтарилган. Мақолада ўқитувчиларнинг ҳаддан ортиқ кўп ҳужжат тайёрлаш билан андармон бўлиб қолаётгани ҳақидаги мулоҳаза, айниқса, ўринли. "Ўқитувчи ҳужжатлари" рўйхатида 23 ҳужжат номи (баъзилари киритилмай қолибди, аслида ундан ҳам кўп) келтирилган.
Ҳозир ўқитувчилар учун таълим-тарбия бериш билан бир қаторда, ҳужжатларни тўлдириш, яъни қоғозбозлик муҳим бўлиб қолмоқда. Баъзида дарсни бошқа ўқитувчига ташлаб, ўзимиз туман халқ таълими бўлимига ҳужжат топшириш учун боришга мажбур бўламиз. Номи ҳар хил, мазмуни бир хил ҳужжатларни сўрашади. Масалан, бўш ўзлаштирувчи ва бўшлиқлар билан ишлаш, деган ҳужжат бор. Бўшлиқлар – билими юқори, аммо назорат, мониторингдан паст баҳо олиб қолган ўқувчилар, бўш ўзлаштирувчилар эса доимий паст баҳога ўқийдиганлар. Биз ҳар бир ўқувчи қайси мавзудан қандай баҳо олгани, берилган уй вазифаси, мавзу юзасидан ёзилган конспект ҳақида ёзма ахборот бериб борамиз, ўрнатилган тартибда шаблон қоғозларни тўлдирамиз. Иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, фан олимпиадалари қатнашчилари, “Билимлар беллашуви” тўгараклар иштирокчилари билан ишлаш ҳужжатлари ҳам талайгина.
Ўқитувчига дарс жараёнидан ташқари бошқа вазифалар ҳам юклатилгани сир эмас. Масалан, уйма-уй юриб рўйхат тузамиз. Уларда қайси оилада янги чақалоқ туғилди, нечта фарзанди бор, уларнинг ёши, саломатлиги қандай, мактабгача таълим муассасасига борадими каби саволларга жавоб топамиз. Айниқса, сайлов кампаниясида бир уйга қайта-қайта боришга тўғри келади. Сайловчилар рўйхатини биз шакллантиришимиз керак экан-да?! Шанбаликлар, масъул лавозимдаги раҳбарларнинг ташрифи вақтида ҳам ўқитувчига тиним йўқ, "супур-сидир", "кўча тозала"...
Ўқитувчиларнинг малака ошириш имтиҳонлари борасида ҳам бир талай муаммолар бор. Тест шаклида ўтказиладиган аттестацияда барча фанлар учун 90 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир саволга тахминан 3 дақиқа. Бу кимё, физика, математика муаллимлари керакли формулани чиқариб, мисолга татбиқ қилиши учун етмайди. Шошасиз, улгурмайсиз. Саволлардаги мужмалликларнинг туби кўринмайди. Олий таълим тизими дарсликларидан саволлар тузишади.
Ҳойнаҳой хаёлингиздан “Ўқитувчи ҳамма нарсани билиши керак эмасми?” деган савол ўтгандир. Тўғри, биз мактаб ўқитувчилари фақат мактаб дарсликларидан эмас, олий таълим даражасидаги китоблардан ҳам хабардор бўлишимиз, фандаги янгилик, ўзгаришларни кузатиб боришимиз лозим. Бунинг учун эса ўқитувчини қоғозлар дарёсига улоқтирмасдан, тажрибаси устида ишлаши учун имкон, вақт бериш керак. Тест натижалари билан бирга беш йиллик ишлар, эришилган ютуқлар, таҳлиллар учун ҳам балл берилади. Тестда улгурмай қолсангиз, шунча ҳужжатнинг ҳеч қандай нафи қолмайди. Ўқувчиларимнинг олимпиада, “Билимлар беллашуви”даги ютуғи, унинг ортида турган ўқитувчи меҳнати - барча-барчаси унутилади. Мажлисларда фалон фоиз ўқитувчи аттестациядан ўта олмади, деб жар солишади. Бунинг асосий сабабига келганда эса, ҳамма айб яна ўқитувчига ёзилади.
Ҳар бир соҳанинг ривожида соғлом рақобат муҳитини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун илғор, ҳаракатчан ходимларни ўз вақтида тақдирлаш лозим. Битта ўқитувчига директор жамғармаси ҳисобидан йилда бир марта мукофот пули ажратиш мумкин. Мабодо адашиб-нетиб бундан ортиқ тақдирланиб қолсангиз, мукофот суммасини қайтариб тўлаб берасиз. Ўқувчиси туман, вилоят, республика фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви” каби мусобақада ўрин олган, йил бўйи тинмай ўқувчи билан шуғулланган ўқитувчи ҳам, қандайдир арзимасгина бир натижа кўрсатган ўқитувчи ҳам бир хил мукофотланиши тўғрими? Бундай шароитда рақобат бўладими?
Мактабларга текширув учун келадиган комиссиялар савияси ҳақида ҳам тўхталмасликнинг иложи йўқ. Аксарияти дарс беришни эплолмаса ҳам (бир неча бор бунга амин бўлганман), камчилик топиш бўйича тенги йўқ. Асосий қурол қилиб қўрқитишни танлашган: "чора кўр", "устамасини қирқ", "ойлигидан ушлаб қол". Тўғри, танқидий ёндашув керак, аммо шунча вақт ишлаб, бирор марта келган комиссиянинг мактаб директоридан “Мактабингизнинг қандай ютуқлари бор, намунали ўқитувчиларингизнинг тажрибасини ўрганиб, оммалаштирайлик” деган гапини эшитмаганман. Мактаб ишини текширувчи "катталар", комиссиянинг эса тури кўп. Мониторингчи, услубчи, бухгалтер... ишқилиб тўраларнинг охири йўқ. Ҳозир баъзи ўқитувчилар текширувчиларнинг келишини эшитса, камроқ гап эшитаман, деб вақтинчалик таътил олишади. Бу кулгили, лекин аслида эса жуда ачинарли ҳол.
Менинг таклифим – педагоглар фаолиятини таҳлил қиладиган, назоратда ушлаб турадиган “Ўқитувчилар уюшмаси” тузилса. Унинг таркибига таълим тизими ва мутахассислик фанини яхши биладиган педагоглар жалб этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Яна бир қўшимча тузилма керакмикин, дегувчиларга жавобим: таълим тизимидаги ортиқча қоғозбозликни йўқотиш, соғлом рақобатни юзага келтириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бевосита дарс беришдан узилмаган ҳақиқий фидойи педагогларга назоратни топшириш керак. Аттестация, фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви”, инновацион олимпиадалар материалларини тайёрлаш, ўтказиш, баҳолаш улар зиммасига юкланса, адолат ўрнатилиб, бу борадаги камчиликлар ҳам ўз ечимини топарди. Ўқитувчига тоифа у дарс бераётган ўқувчиларнинг билим кўрсаткичига қараб белгиланса, яна ҳам яхши. Ана шунда бизнинг хаёлимиз бир талай ҳужжатларни тўлдириш ва топширишда эмас, ўқувчининг билимини ошириш билан банд бўлади.
Хуллас, ўқитувчиларнинг айтмаса бўлмайдиган муаммолари кўп. Қани энди уларни эшитиб ҳал этишга ҳаракат қиладиганлар ҳам кўпайса.
Мазкур муаммоларни ҳал этишда бизга аввало жамоатчилик эътибори сув ва ҳаводек зарур. Зеро, машҳур олим Жем Ловелл айтганидек, ижтимоий фикр босими атмосфера босимига ўхшайди. Кўзга кўринмайди, бироқ кучли таъсирга эга.
Қоғозбозлик муаммоси фақат таълим тизимига тааллуқли эмас. Ҳали олдинда бу дарддан азият чекаётган, қабулига келган беморни текшириш вақтида ҳам узундан-узоқ қоғозларни тўлдиришдан қўли бўшамаётган тиббиёт мутахассислари ёки ерга экилган 3-4 гулни ҳам расмга олиб, ҳисоботга киритиши талаб этилаётган маҳалла ходимлари ҳам бор.
ЎзА мухбири Инобат АҲАТОВА ёзиб олди.