Боғчада урчиётган иллатларимиз
Мактабгача таълим муассасаларида ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, Мустақиллик, “Меҳржон” ҳамда Янги йил байрамлари алоҳида тайёргарлик билан, кўтаринки руҳда ўтказилади. Бу тадбирлардан болажонлар олам-олам таассурот олади. Тадбирларга ота-оналар ҳам таклиф этилиб, кичкинтойларнинг МТМда эгаллаган илк билим ва кўникмалари намойиш этилади.
Афсуски, сўнгги йилларда боғчада ўтказилаётган байрам тадбирлари ҳам дабдабали тус олмоқда. Катта гуруҳ тарбияланувчиларининг МТМда эгаллаган билимларини намоён этувчи “Хайр, боғча — салом, мактаб!” тадбири бунга ёрқин мисолдир. Келинчаклар каби ясаниб, қимматбаҳо узун оқ кўйлакда саҳнага чиқаётган жажжи қизалоқлар худди эртаклардаги маликаларни, ўғил болалар куёвтўрани эслатади.
Тўғри, биз тарбиячи сифатида муассасамиздаги тадбирларнинг кўтаринки руҳда, файз¬ли, мазмунли ўтишини хоҳлаймиз. Ҳамма болалар байрамона либосда, демак, шунга мос юқори кайфиятда кечага келса, фаол иштирок этса, қувонамиз. Аммо ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Чунки МТМларда зўрма-зўракилик билан урфга айлантирилаётган узун, жимжимадор, бунинг устига, фақат байрам кечаларидагина кийишга ярайдиган қимматбаҳо либосларни ҳамма ота-оналар ҳам фарзандига олиб бера олмаслиги мумкин. Натижада бу жажжи қизалоқлар руҳиятига салбий таъсир этади. Тенгдошларига ҳавас қилиб, “Менда ҳам келин кўйлак бўлишини хоҳлайман!” дея ўксинган болага ота-она нима деб жавоб беради?! Бундай либослар, аслида, бизнинг менталитетимизга зид, ортиқча дабдаба эканлигини ёш болага тушунтириб бўлмайди-ку. Оқибатда бола ич-ичидан ўкинади. Тарбияланувчилар орасида ижтимоий тенгсизлик вужудга келади.
Ҳатто бугун айрим оналар боғчадаги байрамлар олдидан беш-олти ёшли қизчасини гўзаллик салонига олиб кириб, сочларини турмаклатаётгани, мурғаккина қизалоқнинг кўзу қошини бўяб, лабига бўёқ суртаётганини кўриб, ажабланасиз. Натижада сочини онаси ўриб қўйган қизалоқлар салондан келаётган тенгдошлари ёнида ўзларини камситилгандек ҳис этишади.
Ижтимоий тенгсизлик, сунъий равишда ўйлаб топаётган одатларимиз эндигина ҳаётга кириб келаётган, борлиқни рангли тасвирларда кўрадиган болаларнинг руҳиятига жуда жиддий таъсир кўрсатади. Бола тушкунликка берилади, ўзини кераксиздек ҳис қилади, боғчага боришни истамайди... Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп.
Санайверсак, МТМларда ота-оналар томонидан ўйлаб топилиб, кенг ёйилиб бораётган иллатларимиз бисёр. Ҳар бир байрамга фото ва видеокамералар билан келаётган, турли саналар муносабати билан тарбиячиларга шоҳона совғалар ҳадя этаётган, фарзандининг туғилган кунини боғчада ҳам нишонлаб бераётган ота-оналар кўпаймоқда. Буларнинг бари ортиқча харажатларга йўл очмоқда.
Тушунган инсон дарров фаҳмлайди: бу билан биз фарзандларимиз онгини кичиклигиданоқ заҳарлаб, зўраки дабдабага, кимўзарга иш кўришга ўргатиб боряпмиз. Шундай муҳитда эсини таниган бола бутун ҳаёти давомида исрофгарчиликка ошно бўлади.
Бундай иллатларга мактабгача таълим муассасалариданоқ барҳам бериш биз педагогларнинг асосий вазифамиздир. Муассасамизда бу борада ибратли ишлар йўлга қўйилмоқда. Байрам тадбирларини камтарона, мазмунли ўтказишга интиляпмиз. Ортиқча чиқимларга йўл қўймаслик, ижтимоий тенгсизликни юзага келтирмаслик мақсадида ота-оналар билан келишиб олдик.
Бизнинг “Балиқча” гуруҳимизда 28 нафар (11 ўғил, 17 қиз) бола тарбияланади. Байрам кечаларида уларнинг ки¬йинишидан тортиб, бадиий чиқишларгача назоратимизда. Натижада тадбирларимиз файзли, мазмунли ўтяпти. Болалар фақат маънавий озуқа олмоқда.
Дилноза ДАВИДОВА,
Мирзо Улуғбек туманидаги 193-МТМ тарбиячиси