Мурожаат ортида инсон тақдири бор
Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасидаги ишлар таҳсинга лойиқ...
Қарши шаҳри Тинчлик митти туманидаги 27-уйда истиқомат қилувчи Гулноза Раҳимованинг фарзанди Фирдавс оғир бемор. Ўзи мустақил мактабга бора олмайди. Шу сабабли Гулноза Раҳимова ўғлининг уйда якка тартибда таълим олиши учун шароит яратиб берилишини сўраб, Қарши шаҳар халқ таълими бўлимига мурожаат қилган эди. Мурожаати ўрганилиб, муаммонинг ечими бўйича тегишли кўрсатма берилишига қарамай, бунга шаҳардаги 14-мактаб раҳбарияти эътиборсиз қараган.
— Шундан сўнг виртуал қабулхонага мурожаат қилишга мажбур бўлдим, — дейди Гулноз Раҳимова. — Мурожаатим тез кунда кўриб чиқилиб, муаммо ҳал этилди. Ҳозир ўғлимни якка тартибда ўқитиш учун 4-мактаб томонидан ўқитувчи бириктирилди.
Давлат идораларида мансабдор шахслар томонидан «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросининг таъминланиши фуқаролик жамиятини ривожлантиришда, аҳолининг мурожаатларини тез ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қонунда соҳадаги қонунбузилиш ҳолатлари учун қатъий жавобгарлик белгиланиб, давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби такомиллаштирилган.
Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасида ҳам жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш ва фуқаролар муаммосини ҳал этиш мақсадида виртуал қабулхона ташкил этилган. Шу кунгача соҳа ходимлари ва фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида қонуний ҳал этилмоқда.
— Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасининг qashqadaryo_vxtb@xtv.uz виртуал қабулхонасига 2018 йилнинг 1 февралига қадар 2373 та мурожаат келиб тушди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими инспектори Марғуба Жалилова. — Уларнинг барчаси ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқилди ҳамда ижроси таъминланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ҳам вилоят халқ таълими тизимига доир 112 та мурожаат келиб тушган. Шундан 84 тасининг ижроси таъминланди. Қолган 28 таси ўрганилмоқда.
Муаммоси ижобий ҳал этилган фуқаролардан яна бири Яккабоғ туманидаги 13-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Фарҳод Маҳматқуловдир. У мактаб раҳбарияти ҳеч қандай сабабсиз ойлик иш ҳақидан 20 фоиз ушлаб қолгани юзасидан шикоят қилган.
— Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқи давлат томонидан ҳимояланганига яна бир карра амин бўлдим, — дейди Фарҳод Маҳматқулов. — Мени қийнаётган муаммо қисқа фурсатда ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Натижада ойлик иш ҳақимдан ноқонуний ушлаб қолинган пул маблағлари пластик карточкамга ўтказиб берилди.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон, эл-юрт ҳаётига оид муаммо мужассам. Буларнинг ҳал этилиши мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнини тезлаштиради, халқ фаровонлигини ошириб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ва ишончлилигини таъминлайди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири