Санаторийга йўлланма олиш тартиби
Савол: Меҳнат таътилига чиққан ходим ўз соғлиғини тиклаши учун исталган санаторийга йўлланма олиши мумкинми? Мумкин бўлса, бу қандай тартибда амалга оширилади?
Шоҳиста ҚАЮМОВА,
Тайлоқ туманидаги 30-мактаб ўқитувчиси
Жавоб: Санаторий йўлланмалари корхона, ташкилот ва муассасаларнинг касаба уюшма қўмиталари томонидан ишловчи ходимларга ижтимоий суғурта маблағи ҳамда касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан икки йилда бир маротаба ўрнатилган тартибда берилади. Шунингдек, касаба уюшмасига аъзолик бадаллари ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйлари йўлланмалари ишчи-ходимларнинг оила аъзолари(ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари)га ҳам берилиши мумкин.
Ходим йўлланма олиш учун ўз иш жойидаги касаба уюшма қўмитасига мурожаат қилиши зарур. Йўлланма олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши шарт:
— ариза;
— тиббий маълумотнома;
— санаторий-курорт картаси (0.7.2./У-шакл);
— паспорт нусхаси;
— меҳнат дафтарчаси нусхаси;
— меҳнат таътили берилганлиги тўғрисида буйруқдан кўчирма;
— йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман (45 фоиз) тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози (квитанция).
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳамидулла ПРЕМКУЛОВ жавоб берди.