Иш қидирган ишли бўлди
Фуқароларнинг ваколатли давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш билан боғлиқ сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш, бу борада уларга қулай шарт-шароит яратиш учун «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қонун билан нафақат жисмоний, балки юридик шахс¬ларнинг ҳам қатор ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланди. Жумладан, қонунда мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, фуқаролар ва юридик шахслар вакилларига ўз уйларидан ёхуд иш жойларидан чиқмаган ҳолда, интернет орқали давлат ва нодавлат идораларига мурожаат йўллаш имконияти яратилди.
Хоразм вилоят халқ таълими бошқармасида ҳам халқ қабулхонаси ташкил этилди. Жорий йил бошидан бери қабулхонага 40 нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилди. Шундан 24 таси ўрганилиб, муаммоларга ечим топилди. Баъзи аризалар тегишли идора ва ташкилотларга юборилди. Халқ таълими бошқармаси ваколатига кирмайдиган ёки ҳал қилишнинг имкони бўлмаган масалалар бўйича мурожаат эгаларга ёзма ва оғзаки тушунтириш берилди. 16 ариза ўрганиб чиқиш учун жойлардаги халқ таълими бўлимларига юборилди. Фуқаролар мурожаати таҳлил қилинганда, аксарияти ишга жойлашиш масаласида экани ойдинлашди. Мисол учун, Хива туманида яшовчи фуқаро Каромат Жуманиёзованинг ишга жойлашиш бўйича халқ таълими бошқармасига ёзган шикояти ижобий ҳал этилди.
— Опам Каромат Жуманиёзовага иш қидириб бормаган жойи¬миз қолмади, — дейди Хива тумани “Гулрайҳон” маҳалласи, Ҳайдар Хоразмий кўчаси, 48-уйда яшовчи фуқаро Жуманазар Жуманиёзов. — Халқ таълими бошқармасига мурожаатимиз қисқа муддатда ўрганилиб, ижобий ҳал қилинди. Опам шу йил 1 февралдан Хива шаҳридаги “Баркамол авлод” марказига ишга қабул қилинди.
Боғот тумани Хўжалик қишлоғи, “Ҳуррият” маҳалласи, Гулзамон кўчаси, 13-уйда яшовчи Гуллола Сапаева онаси Ҳуснидил Мадраҳимовани ишга жойлаштириш юзасидан амалий ёрдам сўраган. Бу масала ҳам ижобий ечим топди. Ҳ.Мадраҳимова тумандаги 36-мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида иш бошлади.
Кўриниб турибдики, халқ қабулхоналари жойларда ишсизлик муаммосини ҳал қилишда фуқароларга сезиларли даражада ёрдам бермоқда. Нафақат педагог, балки ишчи-хизматчи бўлиб ишлашни хоҳловчилар ҳам қабулхонанинг кўмагидан фойдаланмоқда.
Масалан, Қўшкўпир тумани “Тараққиёт” маҳалласи, Олчазор кўчаси, 5-уйда яшовчи фуқаро Сайёра Қаландарова ҳам тумандаги 1-мактабга ишга қабул қилинди.
Гурлан тумани Эшимжирон қишлоғи “Қатариқ” маҳалласида яшовчи Ирода Ўразметованинг мутахассислиги психолог. У Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг педагогика-психология факультетини тамомлаган. Бир неча йиллардан бери туман халқ таълими бўлимида психолог лавозимида ишлар эди. Аммо яқинда иш ўринлари қисқариши сабабли у эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.
Ишсиз қолган Ирода муаммога ечим излаб, халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Масала қонуний ўрганилиб, психолог туман халқ таълими бўлимига ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш бўйича мутахассис сифатида ишга қабул қилинди.
Урганч шаҳар Й.Бобожонов кўчаси, 1-уй, 2-хонадонда яшовчи фуқаро Ҳаёт Давлетованинг ишга жойлашиш бўйича муаммоси ҳам ижобий ечим топди.
— Шаҳардаги 7-мактабда ишлар эдим, — дейди Ҳаёт Давлетова. — Аммо номутахассис кадр сифатида ишдан бўшатилдим. Охири бу муаммони ҳал этиш учун халқ қабулхонасига бордим. Мени шаҳардаги 18-мактабга технология фани ўқитувчиси сифатида ишга қабул қилишди.
Ота-оналардан келган аризалар ҳам борлиги диққатимизни тортди. Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Рисолат Нуруллаева фарзандини шаҳардаги 3-мактабга ўқишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраган. Бу масала ҳам ижобий ечим топди. Фарзанди 3-мактабнинг 4-синфига қабул қилинди.
Биз ечими топилган муаммолардан намуналар келтирдик. Аммо ҳали муаммолар талайгина. Вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Полвонназар Қурбонов шундай дейди:
— Фуқароларнинг шикоят ва аризаларида кўтарилган муаммоларнинг бартараф этилиши, бир томондан, мутасадди ходимларнинг масъулиятига, иккинчи томондан, аризанинг кимга, қачон ёзилишига ҳам боғлиқ. Биз фуқароларнинг аризаларини имкон қадар ижобий ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Бирорта ариза эътибордан четда қолмаяпти.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири