Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади
Турли масалаларда давлат идораларига мурожаат қилган кишилар баъзан узундан-узун навбатга, турли асаббузарликларга, сарсонгарчиликларга дуч келади. Фуқароларнинг мушкулини осон қилиш, вақтини тежаш, ташкилот, идора ва муассасалар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш мақсадида 2017 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Халқнинг оғирини енгил қилиш, “давлат-фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилди. 2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туман(шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича катта йўналишдаги ислоҳотлардан бири бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, унинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини бермоқда. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди.
2017 йил 1 апрелдан рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилгач, «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон «Doing Business 2018» глобал рейтингида 24-ўриндан 11-ўринга кўтарилди.
Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликнинг олдини олиш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилмоқда. Кундалик ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, ҳужжатларни расмийлаштириш эндиликда давлат хизматлари марказлари зиммасига юклатилди. Бу нафақат сарф-харажатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш, ундан унумли фойдаланиш имконини яратади.
Давлат хизматлари марказлари аҳолига барча хизмат турлари битта жойда кўрсатиладиган уникал, ўзига хос маскан бўлади. Бу ерда асосий давлат хизматлари тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли кўрсатилади.
Мазкур фармонга мувофиқ, республикамиз бўйича ташкил қилинган давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелидан улар сони 50 тага етди. Яна бир янгилик — давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилади.
Ўтган қисқа вақт ичида туман(шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 46 мингдан ортиқ масалада тезкор ёрдам кўрсатилди. Жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома, ер участкаси олиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатдан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш ва бошқа масалалар ҳал қилинди. 94 мингга яқин тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди, шундан қарийб 7000 га яқини сайёр тартибда амалга оширилди.
Аҳолини марказлар фаолияти, кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништириш, уларнинг ишончи ва қизиқишини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан республикамизнинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва ишбилармонлар билан 12 мингдан ортиқ учрашув ташкил қилинди. Шу билан бирга, фаолиятнинг бу турини кенг омма орасида ёритиш, халқимизга ундан фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириш, марказга мурожаат қилиш маданиятини шакллантириш мақсадида аҳоли гавжум бўладиган бозор, савдо мажмуаси, реклама устунларига давлат хизматлари, турлари ва фаолият механизми ёритилган 3770 та плакат, баннер, 284092 та буклет ва флайер, яъни кўргазмали тарғибот материаллари тарқатилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари агентлигимиз ходимлари доимий ҳамкорликда ишлайдиган маскандир. Маҳаллалар биносида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган енгилликлар, ҳудудларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган 6015 та “Адлия бурчаклари” стенди жойлаштирилди. Бу эса аҳолининг фаолиятимиздан хабардорлиги ва бундан ўз ўрнида фойдаланиш даражасини оширади. Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ташаббуси билан ҳудудий марказларнинг автомобиль билан таъминланиши яна бир қулайликдир.
Севара ЗОКИРОВА,
Давлат хизматлари агентлиги бўлим бошлиғи