Фуқаролар мамнун бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларга ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун бу ҳуқуқни тартибга солади. Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасида халқ қабулхонаси ташкил этилгани педагог ва ота-оналарнинг ўз ҳуқуқидан фойдаланиши учун қулай шароит яратмоқда.
Мисол учун, Ғаллаорол туманидаги “Жийдали” ҚФЙга қарашли Турк қишлоғида яшовчи фуқаро Олим Равшанов шу йилнинг 26 январь куни тумандаги 37-мактабнинг Қоратош филиалидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича мурожаат қилади. Марказдан 3 км узоқда жойлашган филиалда 36 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқув биноси йиллар ўтиши билан эскириб, таъмирталаб бўлиб қолгани учун айни кунда машғулотлар ўтказиш имконияти мавжуд эмас. Шу боис ўқувчилар хонадонларда таълим олмоқда.
Вазият туман халқ таълими бўлими ва ҚФЙ томонидан атрофлича ўрганилди. Янги бино қуриш учун тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашилган ҳолда ер ажратиш юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилди. Натижада ўқув биносининг қурилиши маҳаллий бюджет ҳисобидан 2018 йилги режага киритилди.
— Қишлоғимизда 85 хўжалик яшайди, — дейди Олим Равшанов. — Мактаб филиалининг эски биноси фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Шу йилнинг ўзида янги бино қурилиши режалаштирилаётганини эшитиб, беҳад мамнун бўлдик.
Андижон вилоят халқ таълими бошқармасида ташкил этилган халқ қабулхонасига ҳам 2017 йили 1280 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1266 таси ҳал этилган, 14 тасини ўрганиш муддати узайтирилган.
— Халқ қабулхонасига йўлланаётган ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор билан ўрганилмоқда, — дейди вилоят халқ таълими бош¬қармаси мутахассиси Ҳасанбой Холматов. — 2017 йилда бошқармага юборилган барча ариза ва шикоятлар ўз муддатида ҳал этилди. Муаллифлар таклиф, мулоҳазалари юзасидан қониқарли жавоб олди. 905 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилиб, кўрилаётган масалалар натижадорлиги таъминланди.
2017 йилдан бошлаб вилоят халқ таълими тизимида ҳуқуқшунос штати жорий этилиб, барча туман(шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳуқуқий маслаҳатчилар фаолият юритмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳуқуқшуноси Отабек Раҳмоновнинг айтишича, ўрганилаётган ариза ва шикоятлар, аввало, ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқилиб, аризачиларга зарур маслаҳатлар берилмоқда.
— Андижон шаҳридаги 9-мактабда 0,5 штатда амалиётчи-психолог вазифасида ишлайман. Маошим камлиги туфайли мактаб маъмуриятига мутахассислигим бўйича қўшимча иш сўраб мурожаат қилдим, — дейди Нодира Абдуғафурова. — Аммо раҳбарият аризамни эътиборсиз қолдирди. Шундан сўнг вилоят халқ таълими бошқармаси қошида ташкил этилган халқ қабулхонасидан кўмак сўрадим. Мутахассислар вазиятни ўрганиб, қўшимча 0,5 штат иш билан таъминлашди.
Балиқчи тумани Хўжаобод қишлоғида яшовчи Дилдора Шерматова ҳудуддаги 45-мактабда 20 йилдан буён бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Ўрта махсус маълумотли бўлгани учун Андижон давлат университети қошида очилган махсус сиртқи бўлимга ҳужжат топширган. Аммо номзодлар танлашга масъул ходимларнинг эътиборсизлиги боис, ҳужжатлари университет қабул комиссиясига етиб бормаган. Бундан норози бўлган фуқаро вилоят халқ таълими бошқармаси халқ қабулхонасига шикоят хати ёзади. Унинг мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди.
Муаммоларнинг ўз муддатида бартараф этилиши халқ таълими ҳодимларини мамнун этмоқда. Шу ўринда халқ қабулхонасида қўлланилаётган яна бир тажриба ҳақида тўхталсак. Яъни, вилоят халқ таълими бошқармасида “Нуроний устоз” уюшмаси иш бошлади. Айни пайтда унинг таркибида 30 дан зиёд тажрибали халқ таълими фахрийлари жамланган. Уюшма раҳбари Абдумўмин Аҳмедов етакчилигида нуроний устозлар бир ойда бир маротаба туманларда бўлиб, таълим масканларидаги иш жараёни билан танишмоқда, ёш мутахассисларга зарур маслаҳатлар бермоқда. Жараёнда шу ҳудудлардан халқ қабулхонасига тушган ариза ва шикоятлар ҳам ўрганилиб, ёрдам кўрсатилмоқда.
— Шундай мурожаатлар ҳам борки, уларни икки оғиз ширин сўз, жўяли маслаҳат билан ҳал этиш мумкин, — дейди уюшма раҳбари Абдумўмин Аҳмедов. — 2017 йил давомида 40 дан зиёд ана шундай мурожаатни ижобий ҳал этишга кўмаклашдик.
Вилоятда иш бошлаган Республика ишчи гуруҳи ҳам аҳолининг муаммоларини ҳал этишда яқиндан кўмаклашмоқда. Апрель ойининг дастлабки ўн кунлигида Бўз ва Улуғнор туманларида ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий соҳа объектлари, корхона, муассасаларнинг фаолияти, аҳоли муаммолари атрофлича ўрганилди.
Бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар вилоят ва туман мутасадди ташкилотлари ёрдамида тезкор ҳал этилди.
Мисол учун, шаҳрихонлик Марғуба Тиллаева Хайрулло Усмонов билан шаръий никоҳ қуриб, 2007 йилда фарзандли бўлишган.
— Қонуний никоҳ тўғрисидаги гувоҳномамиз йўқлиги учун фарзандим Беҳрузбек Тўхтасиновга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ололмадим, — дейди Марғуба Тиллаева. — Натижада ўғлим мактабга ҳам қабул қилинмади. Республика ишчи гуруҳи вакиллари вазиятдан хабардор бўлгач, ёрдам беришди. Ўғлимга тез кунда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади. Айни кунда у мактабга бор¬япти.
1976 йили Қирғизистоннинг Новқат туманида туғилган Шарифа Тошматованинг ташвиши ҳам Марғубаникига ўхшаш. У бўзлик Улуғбек Раззоқов билан турмуш қуриб, фарзандли бўлади. Аммо ўғли Муҳаммадюсуфга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олмаган. Бола 7 ёшга тўлса-да, мактабга қабул қилинмаган.
— Ўғлимни 11-мактабга олиб бордим, — дейди Шарифа Тошматова. — Аммо туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ экан деб қабул қилишмади. Республика ишчи гуруҳи хонадонимизда бўлиб, Муҳаммадюсуфни мактабга йўллади.
Тажрибали мутахассислардан иборат комиссия ҳар иккала оила фарзандларини синовдан ўтказиб, 3-синфда ўқишга тавсия берди.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Орифжон СИДДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари