Ўқитувчи мажбурий меҳнатга жалб қилинса, Ватан тараққиётига, авлодларга хиёнат бўлади...
Бугун юртимизда улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Халқимиз ислоҳотларимизга ҳамоҳанг руҳда, кўтаринки кайфият билан бу жабҳадаги ишларни қўллаб-қувватламоқда. Айниқса, бизнинг Жом қишлоғимизда Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури асосида бошланган кенг миқёсли қурилиш-ободонлаштириш ишлари барчамизни қувонтириб юборди.
Бу жараёнда қишлоғимиз аҳолисини кўп йиллардан билан ўйлантириб келаётган, ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилмоқда. Хонадонларнинг уй-жой кадастр ҳужжатлари тайёрланмоқда, пенсия ва нафақа тайинлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилмоқда, аҳоли малакали шифокорлар кўригидан ўтиб, зарур ҳолларда уларга беғараз тиббий хизмат кўрсатилмоқда... Буларнинг барчаси бугунги тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз маҳсули.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза борки, буни қайта-қайта айтишни лозим топмоқдамиз. Шу пайтга қадар ижтимоий соҳа вакиллари, хусусан, ўқитувчи ва шифокорлар жамоат ишларига мажбурий жалб этиб келинарди. Тўғри, халқимиз фидойи, меҳнаткаш. Ҳеч қачон меҳнатдан қочмаган, шу орқали кўп қийинчиликларни енгиб ўтганмиз. Аммо ҳар ишнинг ўз мезони, тартиб-таомили бўлгани каби мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг ҳам жамият тараққиётига салбий таъсири бор.
Мен ўқитувчиман. Вазифам, бурчим ва масъулиятим – ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш. Асло дарсларни қолдириб, қўшни туманлардаги пахта далаларида ҳосил йиғиш, Самарқанддан Қашқадарёга қадар чўзилган мана бу узундан-узоқ асфалть йўл четини тозалаб, кўча супуриш эмас. Агар шундай бўлса, халқимга, Ватаним тараққиётига, менга умид ва катта ишонч билан қараётган, билимга ўч ёш авлодга хиёнат қилган бўламан.
Шукрки, бугун барчаси яхшиликка ўзгарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан мажбурий меҳнатга буткул барҳам берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувида бу ҳақдаги фикрларини эшитиб, кўнглимиз тоғдек юксалди. Орадан кўп ўтмай, Президент матбуот котиби Комил Алламжоновнинг телевидение орқали чиқишида, Бош вазир томонидан давлатимиз раҳбарининг бу топшириғини бажариш ва бундан кейин мажбурий меҳнатга, раҳбар ходимларнинг кўзбўямачиликка йўл қўйишининг олдини олишга қаратилган йиғилишда айтилган фикрларини эшитдик.
Бугун барча ижтимоий соҳа вакиллари сафида биз – ўқитувчиларнинг ҳам Президентимизнинг бу муҳим аҳамиятга эга топшириғи тўлиқ ҳаётий ифодасини топишидан умидимиз катта. Вилоят, туман ва бошқа мутасадди раҳбарлар яна кўзбўямачиликка йўл қўймаслигига ишонмоқдамиз.
Шоимқул СУЯРОВ,
Самарқанд вилояти Нуробод тумани Жом қишлоғидаги 63-умумтаълим мактаби ўқитувчиси
ЎзА