Ота-оналар маслаҳатхонаси — мулоқот майдони
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида “Халқ қабулхоналари” ташкил этилиши мурожаатларнинг ўз вақтида, ўша ҳудудда ҳал этилишига имкон яратмоқда. Таълим муассасаларида иш бошлаган “Ота-оналар маслаҳатхонаси” ёш авлод таълим-тарбиясини ижобий томонга ўзгартиради. Шу йилнинг январь ойида марказимизда ташкил этилган “Ота-оналар маслаҳатхонаси” мавжуд хато ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, муаммога ечим топиш воситаси бўлмоқда.
Ҳозиргача маслаҳатхонага аҳоли томонидан 400 дан ортиқ мурожаат бўлди. Асосан, марказ қошида ташкил этилган тўгараклар фаолияти, мураббийлар малакасини ошириш, ахборот-ресурс маркази хизматидан фойдаланиш тартиби, тадбирлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ таклиф-мулоҳазалар ўрганилмоқда. Жумладан, марказ аъзоси Муҳаммадкамрон Қобиловнинг онаси Мунаввар опа “Картинг” ва “Автосервис хизмати” тўгарагини ташкил этишимизни сўраб, мурожаат қилди. Унинг таклифи кўплаб тарбияланувчиларимизнинг техникага бўлган қизиқиши билан боғлиқ бўлгани боис, янги 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб “Автосервис хизмати”, “Картинг” ҳамда “Архитектура ва дизайн” тўгараклари фаолиятини йўлга қўй¬моқчимиз. Янги ўқув йилидан бошлаб марказда “Техника кунлари”ни ўтказиш белгиланди. Режага кўра, ҳар ойда бир марта ташкил этиладиган “Техника кунлари”да ижодий кўргазма, “Биз — аждодларимизга муносиб авлодмиз” шиори остида беллашув, малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Марказимизда ўсмир қизлар учун “Бичиш-тикиш”, “Мунчоқли безак”, “Рақс”, “Тасвирий санъат” каби тўгараклар мавжуд. Шундай бўлса-да, айрим ота-оналар “Қизим техникага қизиқади, у шу йўналишдаги тўгаракда шуғулланиши мумкинми?” дея мурожаат қилишади. Ота-оналар талаби ва ўқувчилар қизиқишига ҳеч кимнинг монелиги йўқ.
Маслаҳатхонамиз ходимлари мурожаатни инобатга олишда бир неча усулни қўллашади. Индивидуал суҳбат: мурожаат қилувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, саволнома асосида бола қизиқиши аниқланади. Катта ёшли ўқувчи саволномани мустақил тўлдирса, кичик ёшдагисига ота-онаси кўмаклашади. Ҳар ой якунида мониторинг таҳлили ўтказилиб, зарур ҳолларда ота-оналар, ўқувчи хоҳиш-истакларига мувофиқ янги тўгарак ташкил этилади.
Ота-оналар йиғилиши ўқув йилида икки марта, яъни ҳар ярим йиллик якунида ташкил этилади. Мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларининг бажарилишини аниқлаш мақсадида оралиқ ва якуний назорат ишлари ўтказилиб, боласининг ўзлаштириш даражаси ота-оналарга маълум қилинади.
Ота-оналарни очиқ машғулотга таклиф этиш — эркин жараён. Мулоқотга бошқа таълим муассасалари педагог ва тарбиячилари, маҳалла фаоллари таклиф этилиши мумкин. Иштирокчилар тўгарак раҳбарлари машғулотини кузатади, ютуқ ва камчиликларини муҳокама қилади. Бу таълим-тарбия самарадорлигини таъминлайди.
Ота-оналарнинг тадбирдаги иштироки болаларга завқ-шавқ беради, янада кўпроқ изланишга чорлайди.
АРМ хизматидан фойдаланиш — аҳолини ахборот билан таъминлаш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш усулидир. Ахборот-ресурс марказимизга 850 нафар ўқувчи ва 50 нафардан ортиқ ота-она аъзодир.
Сайёр учрашув маҳалла фаоллари, ота-оналар билан ҳамкорлик қилишнинг энг қулай усули. Марказимиз ходимлари Чилонзор туманидаги Хирмонтепа, Шуҳрат, Мевазор, Яккатут маҳаллаларида сайёр учрашув ташкил этди. Унда 200 дан ортиқ аҳоли мактабдан ташқари таълим тизими янгиликларидан хабардор қилинди.
Қисқаси, “Ота-оналар маслаҳатхонаси” фарзанд тарбиясида учрайдиган турли бўшлиқларни аниқлашга имкон яратаётгани учун унинг фаолиятини янада такомиллаштириш ниятидамиз.
Хадича ЗОКИРОВА,
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёти маркази директори