“24 йил кутган, 2 ой кутолмайсизми?”
Таҳририятимизга Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Маслаҳаттепа маҳалласида яшовчи Гавҳар Чўтбоевадан шикоят хати келди. Уни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
“Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 5 март куни қабул қилинган қарорга кўра педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз ҳамда Термиз давлат университетининг Денов филиаллари очилди.
Ўз навбатида, таълим муассасаларида педагогика йўналишидаги махсус сиртқи бўлимларга ҳам абитуриентлар қабул қилиш белгиланди. Бу биз каби ўқитувчилар неча йиллардан бери кутаётган, дилимиздаги орзу-истакнинг рўёби эди.
Жумладан, мен ҳам Жарқўрғон туманидаги 18-мактабда 24 йилдан бери бошланғич таълим ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Аммо маълумотим ўрта махсус бўлгани учун кўп қийинчиликка учраётган эдим. Шу боис 2017 йилнинг сентябрь ойида ТерДУнинг махсус сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим. Аммо етарли балл тўплай олмадим. Қувонарлиси, Президентимиз ташаббуси билан фаолият бошлаган филиалларга мен каби ТерДУга ҳужжат топшириб, етарли балл тўплай олмаган номзодлар рўйхат бўйича қабул қилина бошлади. Мен ҳам туман халқ таълими бўлимида рўйхатдан ўтдим. Бир неча кундан сўнг талабаликка қабул қилинганлар исм-фамилияси эълон қилинди. Шу куни минг ҳаяжон билан рўйхатни кўздан кечира бошладим. Жарқўрғон туманидан талабаликка қабул қилинган сўнгги номзод 9 балл олибди. Қизиғи, 9,47 балл тўплаган бўлсам-да, менинг фамилиям уларнинг орасида йўқ эди. Бу бир англашилмовчилик бўлса керак, дея университет ректори қабулига бордим. Махсус сиртқи бўлимга қабул масаласи билан шуғулланаётган Равшан Дўсанов исмли мутахассис рўйхатни кўздан кечиргандан сўнг чиндан ҳам 9,47 балл тўплаганимни тасдиқлади. Вазиятдан университет ректори ҳам хабардор бўлгач, Равшан ака масалани аниқлаштириб, ҳужжатларни ўзим олиб бораман, деди. Ректор ҳам хотиржам кетаверишимни, шартнома қоғозини тез кунлар ичида олишимни айтди. Аммо уч кундан сўнг мутасаддилар Жарқўрғон учун ўрин қолмаганини маълум қилишди. Равшан акага қўнғироқ қилсам, “Тўплаган балингиз етмайди”, деган жавоб олдим. “Ахир, уч кун аввал бош¬қача гапиргандингиз. Қолаверса, менинг балим талабаликка қабул қилинган охирги номзодникидан баланд-ку”, десам, “Қаерга ёзсанг ёзавер, хатинг барибир ўзимизга қайтиб келади”, деди. Кейин университет ректорига боғландим. У муаммони март ойигача ҳал қилиб беришини айтди. Ўшанда январнинг охирги ҳафтаси эди.
Натижа бўлавермагач, 2 февраль куни Сурхондарё вилояти ҳокимининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. 17 февралда ТерДУ ходими телефон қилиб, мурожаатим Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига жўнатилганини, тез орада жавоб келишини таъкидлади. Чиндан ҳам, 23 февраль куни вазирликдан жавоб хати олдим. Хатни ўқиб, на йиғлашимни, на кулишимни билмай қолдим. Ахир, мен юқори балл тўплаб ҳам талабаликка қабул қилинмаганим учун ёрдам сўрасам, вазирлик ходимлари уни нотўғри талқин қилиб, январь ойида ТерДУнинг махсус сиртқи бўлимига қабул йўқлигини рўкач қилишибди. Билдимки, улар ҳатто менинг юқори балл олганимга эътибор ҳам беришмаган.
Февраль ойининг охирида вилоят ҳокими ташаббуси билан ҳар бир тумандан махсус сиртқи бўлимга қабул қилинган талабалар ҳужжати қайта текширувдан ўтказилди. Кўп ўқитувчилар, жумладан, жарқўрғонлик бир неча талаба ҳам текширувдан ўта олмади. Қалбимда яна умид учқуни пайдо бўлди. Талабаликка нолойиқ деб топилганлар ўрнига мени олишса керак, деб ўйлагандим. Аммо бундай бўлмади. Шундан сўнг яна бир неча бор университетга қўнғироқ қилдим. Масъуллар ҳар сафар Тошкентдан жавоб кутишаётганини таъкидлади. 13 март куни ижрочи Асрор Самиев билан боғландим. У ҳам шу жавобни бериб, 24 йил кутибсиз, яна икки ой кутсангиз қайта ҳужжат топширасиз, деди. Ижрочи айтганидек, икки ой сабр қилишим мумкин, лекин шу ҳолат яна такрорланмаслигига ким кафолат беради?
Ахир, қабул комиссияси раиси ёки унинг аъзолари менинг ўрнимга ўзларини қўйиб кўришсин-чи, алам қилмайдими? Наҳотки, юқори балл тўплаган мен каби оддий одамлар дардини эшитадиганлар бўлмаса? Президентимиз қарор ва фармонлари ижросида қонунбузилишларга йўл қўяётган айрим раҳбарлар фуқароларда давлатга ишончсизлик уйғотаётганини билишармикан?”
ТАҲРИРИЯТДАН: Биз ушбу шикоят хати бўйича қўшимча маълумот олиш мақсадида ТерДУнинг жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш бўлими ходими Санжар Турсунов билан боғландик. Мутахассис Гавҳар Чўтбоева каби яна бир қанча номзодлар рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилгани, аммо ҳали жавоб келмаганини маълум қилди. Мактубда кўтарилган муаммо юзасидан ТерДУ, Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан жавоб кутиб қоламиз.