Қаровчисиз болага ким масъул?
Оила — бола эҳтиёжлари қондирилиши ва унинг ижтимоийлашувини таъминлайдиган институтдир. Оилавий муҳитдан бегона, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳимоя қилиниб, уларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатилади. Боланинг оилада тарбия олиши, ота-она меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлиб улғайишига халқ таълими тизимида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аммо ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида ўз масъулияти ва бурчини унутиб қўйиши оғриқли масала ҳисобланади. Вояга етмаган фарзандини ҳеч қандай қонуний асосларсиз қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишларига узоқ муддат ташлаб, чет элга кетаётган ота-оналар ҳам бор. “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Боёвут туман халқ таълими бўлими васийлик ва ҳомийлик органининг йиллик иш режасига асосан, таълим муассасалари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан мустаҳкам алоқа боғлаш кўзда тутилган. Тумандаги 52 та таълим муассасаси раҳбари ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаганларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, тегишли муассасага жойлаштириш масалалари бўйича хат юборилган. Бунинг натижасида 69 оиладан ота-оналар ишлаб пул топиш учун хорижга кетганлиги аниқланди. Мазкур оилаларда 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган 95 нафар бола бутунлай ота-она қаровисиз қолган. Боёвут туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги таълим муассасалари раҳбарлари билан ҳамкорликда васийлик ва ҳомийлик органи томонидан бу оилаларнинг яқин қариндошларига васийлик ва ҳомийликка олиш юзасидан хабарнома юборилди. Ушбу оилаларнинг яқин қариндошлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 30 нафар фуқаро томонидан йиғма жилд ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бироқ баъзи фуқаролар “Набирам ёки жиянимни ҳоким қарори чиқарилмаса ҳам васийлик ёки ҳомийликка олавераман, шунча ҳужжатнинг нима кераги бор?” деб эътироз билдирмоқда. Ота-она қарамоғисиз қолган боланинг бобо-бувисига набирасини васийликка ёки ҳомийликка олиш юзасидан таклиф берилса, улар ўзлари кўмакка муҳтожлигини айтади; қонунда белгиланган талаб бўйича ҳужжатлар рўйхатини кўриб, бундан бош тортади.
Бу муаммоларнинг олдини олиш учун юқоридаги қонунга муайян ўзгартиришлар киритиш лозим деб ҳисоблайман. Агар ота-она (ҳар иккиси ҳам) вояга етмаган фарзандини ташлаб 6 ойдан ортиқ муддатга хорижга кетмоқчи бўлса, болага қонуний вакил бириктирилганлиги тўғрисидаги қарордан кейингина уларга рухсат берилиши керак, деган меъёр киритилиши лозим. Баъзида бизга тунги пайтда қаровсиз қолган ёки зўравонликка учраган бола ҳақида хабар беришади. Уларни қаерга олиб бориб жойлаштиришни билмайсан, киши. Қонунда бу масалага ойдинлик киритилишини истар эдик. Масалан, бувисининг зулми остида қолган вояга етмаган ака-сингилни васийлик ва ҳомийлик органи кеч соат 19:00 да маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ИИБ вакиллари ҳамкорлигида бувисидан олган. Қизалоқ Янгиер шаҳар шифохонасига ётқизилди. Болакайни эса уйимда 10 кунгача олиб қолишимга тўғри келди. Уни “Болалар шаҳарчаси”га жойлаштириш осон эмас. Бир талай ҳужжатлар йиғилиши зарур.
Бундан ташқари, васийликка ва ҳомийликка олувчи шахсларнинг ёши қонунда аниқ белгилаб қўйилиши керак. Баъзида 80 ёшдан ошган бобо ёки бувилар, набирамга ўзим қарайман, деб мурожаат қилишади. Ваҳоланки, улар кексалик гаштини сургани маъқул. Бундан ташқари, вояга етмаган фарзандини қаровчисиз қолдириб, хорижий мамлакатларга чиқувчи ёлғиз оналардан ҳам боласини васийликка ёки ҳомийликка берганлиги тўғрисидаги туман ҳокими қарорини талаб қилиш керак. Ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари олдидаги мажбуриятини бажармаслигига жим қараб бўлмайди.
Яна бир оғриқли муаммо. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга нафақа қай тарзда тайинланмоқда? Янгиер шаҳрида яшовчи 3 нафар чин етим, яъни Азизбек Қодиров, Мухлиса Қодирова, Моҳидил Қодировага ўзининг 3 нафар фарзанди бор амакиси Абдукарим Аҳмедов васий этиб тайинланган. Уларнинг учаласига 209000 сўм миқдорида боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган. Бу пул ижтимоий таъминот учун етарлими? Қонунда нафақа тайинлаш учун қайси ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги аниқ кўрсатилмаган. Мурожаат қилинадиган орган (маҳалла)лар эса бу ёрдам пулини кўпайтириш ваколатига эга эмас.
Ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар тақдирига масъулликни ўз зиммасига олувчиларни қўллаб-қувватлаш учун бу муаммоларга ечим топиш лозим.
Гулчирой РАҲМОНОВА, Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси