Қадриятнинг қайтиши
Ҳамкасбларимиз билан кичик тадқиқот ўтказдик. Дунёнинг қай юртида меҳр-мурувват, оқибат, садоқат каби юксак инсоний хислатлар тимсолини ўзида ифодаловчи ёдгорликлар ўрнатилган экан, деган саволга жавоб изладик. Интернет қидирув дастурлари биз излаган маънога эга қатор ҳайкаллар, мемориал мажмуалар тасвирини топиб берди. Аммо... уларнинг деярли барчаси кучук, мушук, от каби жониворлар хотирасига ўрнатилган эди. Хатико номли итга буюк садоқат ва оқибат рамзи сифатида японлар юртида қўйилган ҳайкал шулар жумласидан. Излашда давом этдик. Ниҳоят, компьютер экранида пойтахтимиздаги машҳур Шомаҳмудовлар оиласи тасвирланган Халқлар дўстлиги монументи пайдо бўлди. Бу муҳташам ёдгорлик эллараро бирдамлик ва биродарликдан ташқари, инсоний меҳр, ўзбек халқининг бетимсол олижаноблиги каби гўзал туйғуларга қўйилган обидадир. 1982 йили ҳайкалтарош Д.Рябичев, архитекторлар Л.Адамов, С.Одилов томонидан бунёд этилган монумент иккинчи жаҳон уруши жабру жафоларини, бало-офатларини бошидан ўтказган турли миллат ва элатларнинг ўзбек халқига кўрсатган чексиз эҳтироми, миннатдорлиги ифодаси ҳамдир.
Зеро, ўша ўт-оловли, қирғин-қувғин авж олган йилларда миллатимиз ўзининг метин иродасини, юксак инсоний фазилатларини тўла-тўкис намойиш этди. Кунботар юртларда одамлар бир-бирини ўлдираётган, қон тўкаётган бир пайтда ўзбек халқи минг-минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Болтиқбўйи, Украина, Белоруссия каби жангу жадал авж олган юртлардан кўчирилган юзлаб, минглаб оилаларга, қария ва аёлларга, мурғак болаларга бағрини очди. Ўзи муҳтож бўлишига қарамай, уларга нон-туз тутди, хонадонидан бошпана берди. Бир томондан фронтдаги жангчиларни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлашда бемисл фидокорлик кўрсатишни тўхтатмади. Халқимиз маънавий куч-қувватининг Шўро қўшинлари бирин-кетин эришаётган ютуқлардаги аҳамиятини ҳатто душман ҳам сезди. Шунинг учун ҳам урушнинг дастлабки йилиёқ фашистлар Эрон ва Афғонистон орқали Марказий Осиёга зарбдор кучларини ташлаб, учинчи фронтни очиш пайига тушиб қолди. Аммо қаттол ёвнинг бу қабиҳ режаси ҳам ўзбек халқининг асл ўғлони, афсонавий разведкачи Баҳром Иброҳимов томонидан фош этилиб, барбод қилинди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи томонидан чоп этилган, таниқли адиб ва журналист Виктор Сумин қаламига мансуб “Сўнгги ва биринчи субҳидам” деб номланган романда худди шу воқеалар батафсил ёритилган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек халқининг жўмардларча кўрсатган беқиёс хизмати ҳақида сўз кетса, баъзи бировларнинг истеҳзо-кинояларига ҳам дуч келамиз. Сталиннинг буйруғига кўра шундай жонбозлик кўрсатишган, сиёсатдан қўрқишган, акс ҳолда, қайрилиб ҳам қарашмасди, деб иддао қилишади улар. Ҳолбуки, ўша йиллари Шимолий Кавказ томонлардан кўплаб эл-элатлар “халқ душмани” тамғаси остида қувғин қилинган ва аксарияти Қозоғистон ва Ўзбекистон чўлу биёбонларига бадарға бўлган. Уларга ортиқча меҳр-муҳаббат кўрсатган, мададга шайланган одамлар ҳам камида ватан хоини мақомини олиши тайин эди. Бироқ уларга ҳам қоракўз халқимиз қучоқ очди. Ўз юртидан жой берди. Туз-насиба улашди.
— Бизни Мирзачўлнинг киндигига келтириб ташлашди, — деб эслайди чинозлик қрим-татар миллатига мансуб отахон Бекир Сулайменов. —Ўшанда ўн бир яшар бола эдим. Онам, икки синглим йўлдаёқ нобуд бўлди. Бир узоқ қариндошимизнинг қарамоғида қолдим. Атрофимиз тап-тақир дашт. Очлик, ташналикдан одамлар тутдай тўкиларди. Биз муқаррар ўлимга ҳукм этилган эдик. Чунки халқ душмани саналардик. Бизга кўмак беришга ҳеч ким ботин олмасди.
Дарҳақиқат, шундай. Аммо сиёсат зуғумидан кўра ҳимматга, шафқатга, мурувватга лиммо-лим қалб амрига бўйсунган, ўлимга маҳкум этилганларга ёрдам қўлини чўзишга журъат топа олган инсонлар ҳам учради. Яъни, маҳаллий халқ ўз юртидан айрилган жабр¬дийдалар билан бир бурда нонини, бир қултум сувини баҳам кўришга ошиқди.
— Дунёда ўзбеклардек меҳридарё, мард ва танти халқ бўлмаса керак, — деб сўзида давом этади Бекир ота. — Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба улар каби ердагидан эмас, Кўкдагидан қўрқадиган, Кўкдагидан мукофот кутадиган одамлар туфайли қўлга киритилди. Биздек жабру жафо чеккан эллар ўзбек биродарларимиздан бир умр миннатдормиз, улар олдида ўзимизни ҳамиша қарздор ҳис этамиз. Адашмасам, ўттиз беш йилча аввал Тошкент шаҳрида ўн тўрт етимни асраб олган оилага атаб ҳайкал қўйилди. Биз ҳар йили ўша ёдгорликни кўргани бориб турардик...
Ҳа, Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи тасвирланган Халқлар дўстлиги ёдгорлиги ёшу қарининг зиёратгоҳига айланиб улгурган эди. Ҳар йили 9 май арафасида унинг пойи анвойи гул-чечакларга тўлиб кетарди. Айниқса, келин-куёвларнинг илк ташриф буюрадиган, таъзим бажо этадиган манзили худди шу ёдгорлик атрофи бўларди. Бу ҳол анъанага, миллий қадриятимизга айланган эди. Аммо ўн йилча аввал, алланечук англашилмовчилик юз бердими, нохолис каслар атай амалга оширдими, ишқилиб, “Шоаҳмад ота ва Баҳри ая ўн тўрт боласини эргаштириб иссиқ ўринларини тарк этди”...
Шукрки, бугунга келиб “Шомаҳмудовлар оиласи” яна аввалги жойига — Халқлар дўстлиги саройи ёнига, шаҳримизнинг қоқ кўксига, халқимизнинг қоқ юрагига қайтарилди. Бу ишларнинг замирида ҳам улкан ҳикмат бор. Қадриятнинг қайтарилиши, хотиранинг тикланиши ўз-ўзимизни қайта англаётганимиздан, қайта уйғонаётганимиздан, яратиш-яшнатиш завқ-шавқига тўлиб-тошаётганимиздан дарак беради.
Луқмон БЎРИХОН