Халқлар дўстлиги — тинчлик кафолати
Сўнгги пайтларда тинчлик деган неъмат тобора жиддий таҳлика остида қолмоқда. Дунёнинг бир четидаги тутунни бартараф этиб улгурмай, бошқа томонларида аланга кўкка ўрлаяпти. Шу тобда миллатлар ўртасидаги тотувлик, халқларнинг ўзаро бирдамлиги, дўстлигига эҳтиёж нақадар беқиёс эканини теран илғайсиз. Дўстлик ва тинчлик сўзлари ҳамиша ёнма-ён ишлатилади. Бу икки тўлқин бирлашиб, улкан қудратга айланади.
Афсуски, нур бор жойда зулмат ҳам мавжуд, кун бор заминда тун ҳам бўлади. Инсониятнинг тинч, осуда яшаши, гуллаб-яшнаши, ривожланишини истамайдиган, аксинча, халқлар дўстлигига тиш-тирноғи билан қарши турадиган қора кучлар ҳам бор. У гоҳ қурол-яроғ савдоси, гоҳ ядровий полигонлар, гоҳ ҳудудий ҳукмронлик, гоҳ «қора олтин» васвасаси шаклида намоён бўлаверади. Сиёсий ўйинлар, фитнаю фириблар тегирмонига сув қуяверади. У учун тинч аҳолининг орзу-умидлари, ошиқлар кўнглидаги ҳайрат, болаларнинг масъум кўзларидаги қувонч ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Интернет манбасидан «дружба народов» бирикмаси бўйича маълумот изладим. «Википедия» электрон қомусида унга «собиқ иттифоқ давридаги мафкуравий атамалардан бири», дея «таъриф» берилганини кўриб, очиғи, ҳайрон бўлдим. Наҳотки шу сўзлар етмиш йиллик мустабид тузумнинг шиори бўлса? Наҳотки «халқлар дўстлиги» деган ғоят долзарб истилоҳни собиқ иттифоқ ва у мавжуд бўлган йиллар билангина боғлаш керак бўлса?
Аслида, бу башарият яратилганидан буён энг муҳим тушунчалардан бири бўлиб келган. Тинчлик ва осудаликни сақлаш, одамларнинг бахтли ва фаровон ҳаёти бардавом бўлишини таъминлаш айнан Ер шаридаги барча халқларнинг дўстлиги воситасида рўй берган. Ўзаро аҳиллик, бағрикенглик, бирдамлик каби умуминсоний тушунчалар инсонни тушуниш, халқлар нуқтаи назарини ҳурмат қилиш, анъаналар, эзгу амаллар барҳаётлигига эришиш масаласини ғоят устувор вазифага айлантирган.
Айниқса, Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу сўзнинг қадру қиммати ошди. Дўстлик ва тинчлик гўё синонимдек, бир маъно-мазмун касб этди. Бу ҳақда сайёрамизнинг энг буюк адиблари сара асарлар ёзди, шоирлар поэма, санъаткорлар ўлмас қўшиқ яратди. Дунёнинг энг машҳур саҳналарида урушни қораловчи, дўстлик ва тинчликни тараннум этувчи спектакллар етакчилик қилди.
Ривоят қилишларича, қадимда денгиз бўйида бир чол ёлғиз яшар, атрофда ҳеч ким йўқ экан. Кунлардан бир куни унинг эшиги тақиллабди. Чол ундан кимлигини сўраган экан, «Бу сенинг бойлигинг», дебди номаълум меҳмон. Чол эса: «Қачонлардир бемисл даражада бадавлат эдим. Аммо у менга ҳеч қандай бахт инъом этолмади», деб эшикни очмабди.
Эртаси куни яна эшик тақиллабди. Чол «Ким?», деса, «Сенинг муҳаббатингман», дебди меҳмон. «Севилдим, ақлдан озар даражада севдим, бироқ бу менга бахт беролмади», дея чол яна эшигини очмабди.
Ниҳоят, учинчи кунги меҳмон: «Мен дўстликман», деган экан, қария қувониб кетиб, эшикни очибди ва: «Мен дўстларим билан вақтимни ҳамиша шоду хуррам ўтказганман», дея ичкарига таклиф этибди. Шунда дўстликка қўшилиб, муҳаббат ва бойлик ҳам чолнинг уйига кирибди. Мезбон ҳайрон бўлиб: «Мен фақат дўстликка эшик очгандим», дебди. Шунда муҳаббат: «Сен шунча йил яшаб бир оддий ҳақиқатни англамадингми? Дўстлик муҳаббат ва бойлик билан ҳамиша бирга. Биз бир-биримизсиз мавжуд эмасмиз», деган экан.
Бу ривоятни ҳар ким ўзича талқин этиши мумкин. Кимдир дўстликни бойлик, обрў-эътибор, мансаб, унвонлар билан ўлчаши ҳам бор гап. Кимдир уни тоза туйғу, покиза муҳаббат, соф меҳр инъикоси сифатида қабул қилади. Халқлар ўртасидаги дўстлик эса, аввало, тинчлик ва тотувлик, омонлик каби бебаҳо неъматлар билан узвий ва уйғундир. Дўсти бор одам бой, муҳаббати бор одам бой, маънавияти, маърифати юксак одам бой.
Халқлар дўстлиги — замонавий жамиятлар ривожини жадаллаштирувчи куч. Унинг замирида инсон омили туради. Демак, дўстликка хизмат қилувчи жами саъй-ҳаракатлар, чора-тадбирлар яшашга ҳақли, аксинча, уруш ва низоларга сабаб бўладиган ҳар қандай воқеликни жойида янчиб ташлаш инсон учун, унинг бахту саодати учун муҳимдир. Агар Ер шаридаги ҳар бир халқ ўз ҳаракати оқибатини мазкур ёндашув билан белгиласа, таҳлил қилса, қарама-қаршиликлар ва зиддиятларга ўрин қолмайди. Бир инсон тақдири бир халқ тақдирига тенглаштирилса, бир инсон саодати бир халқ саодатига қиёсланса, урушга жой қоладими?
Кейинги пайтларда толерантлик, яъни бағрикенглик тушунчаси чуқур мазмун касб этиб, тобора долзарб масалага айланяпти. Толерантлик — бу ўзаро муносабатлардаги шунчаки шаффофлик эмас, балки ҳурмат, эҳтиром кўрсатишдек олий қадриятларни ҳам ўзида акс эттиради. Жамиятнинг ҳар бир вакилини дини, тили, ирқи ва миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли аъзо дея қабул қилиш ва самимий муносабатда бўлишдек юксак инсоний фазилатлар айнан толерантлик фонида ёрқинроқ кўринади.
Шу билан бирга, ўз миллатини севиш, ардоқлаш, унинг барҳаётлиги учун курашиш муҳим вазифадир. Миллатнинг бирлиги, борлиги маданиятлар, урф-одат, фикрлар ранг-баранглигига хизмат қилади. Ҳар бир халқ — алоҳида дунё, алоҳида сайёра.
Аммо ватанпарварлик хислатини байналмилаллик тушунчасига зид қўйиб бўлмайди. Ўтган асрнинг 40-йилларида бундай машъум хато нечоғлик қимматга тушганини фашизм деган бало туфайли юз берган хунрезликлар, қирғинбарот урушлар, вайронагарчиликлар, чигал тақдирлар мисолида кўрдик. Ҳали-ҳамон унинг яралари инсониятни азоблайди, маҳзун этади.
Шодлик ва қайғу доимо ёнма-ён, деганларидек, тинчликни қабул қилолмайдиган, табиатан урушқоқ, бойлик ва шон-шуҳратга ўч, халқлар ўртасига нифоқ солишни, сўнгра алангага мой сепиб, бегуноҳ жабрдийдаларнинг қонли кўз ёшларидан ҳамёнини қаппайтиришни касб қилиб олган ёвуз кучлар ҳам барча даврларда, барча халқлар орасида яшайверади.
Кўп бўлгани йўқ — талаба эдик. Ўқитувчимиз сўради: «Қачон бу дунё мутлақо тинч бўлади? Қачон халқлар тотув яшайди, ҳадиксиз тонглар отади?». Биримиз ундай, биримиз бундай, дедик. Аммо унинг жавоби бир сўздан иборат эмас эди. Ҳали-ҳануз шу саволга жавоб излайман: «Қачон дунё бутунлай тинч бўлади?». Назаримда, инсоният қачонки бойлик васвасасидан қутулса, нафс деган чиркин иллат занжиридан халос бўлса, ҳукмронлик, тожу тахт ҳирсидан озод бўлса, урушларга ҳожат қолмайди.
Бир пайтлар дунёнинг энг машҳур спектакллари Париж, Лондон, Москва, Нью-Йорк, Сидней, Афина, Токио каби йирик шаҳарлар саҳналарида ижро этилади, деб юрардим. Лекин геополитика майдонидаги сценарийлар олдида энг моҳир театр режиссёри ҳам ип эшолмас экан. Мавзуларни қаранг: «нефть», «баҳсли ҳудуд», «қурол-яроғ савдоси», «ядровий қуроллар пойгаси», «гиёҳвандлик», «терроризм» ва ҳоказо.
Сўнгги олти-етти йил мобайнида аланга ичида қолган Сурияда кечган воқеаларни таҳлил қилсангиз, юқоридаги «театр»лар кетма-кет қўйилганини кўрасиз. Наҳотки, уч-тўрт «режиссёр»нинг манфаати учун бир халқ, бутун миллат қурбон бўлиб кетаверса? Африка қитъасидаги можаролар, фуқаролар уруши, очарчилик, давоси йўқ юқумли касалликлар — ҳаммасини ана шу уруш деган манфур тушунча боғлаб туради.
Масалан, Малида жангарилар хунрезлиги туфайли икки кунда туарег қабиласининг 40 дан зиёд вакили қирилиб кетди. «Reuters» ахборот агентлиги хабар беришича, Менака вилояти чўлларида жойлашган чекка қишлоқлар доимий таҳликада яшайди.
Ёки Афғонистонни олайлик. Яқинда Қандаҳор вилоятидаги мадраса яқинида худкуш террорчи ўзини портлатиб юбориши оқибатида 11 нафар талаба ҳалок бўлди. Портлаш, аслида, руминиялик қуролли кучлар конвойи рўпарасида юз берган. Пажвак агентлиги маълумотига кўра, портлаш румин ҳарбийларига қарши қаратилган бўлиб, улар НАТО миссиясига кўмаклашяпти. Ҳодиса туфайли 6 нафар румин аскари жароҳатланган.
Гап қанча одам ўлгани ҳақида эмас, балки хунрезликлар тўхтамаётганида. Афғонистон, Фаластин ва Исроил ўртасидаги зиддият, Сурия ва Ироқдаги таҳликали вазият, Ҳиндистон ва Покистон можароси, Украина ва Россия ўртасидаги баҳснинг «янги тўлқин»и, Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ ҳамда Буюк Британиянинг Россияга қарши турли шаклда санкциялар қўллаши, Хитой ва унга қарашли автоном республикалар келишмовчиликлари, Мьянмадаги бутпарастлар ва мусулмонлар тўқнашуви... Булар биз яшаб турган замонда рўй бераётган тўполонлар, урушлар, низолар, қонли воқеликлардир.
Тўғри, умидбахш янгиликлар ҳам бор. Масалан, Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин икки мамлакат саммитида Пхунгери ядровий полигони май ойи¬да ёпилиши, уни йўқ қилиш жараёни омма олдида амалга оширилишига ваъда берди. Ғарб корчалонлари КХДР ҳукуматини одатий «сценарий» — ядровий полигонлар масаласида сиқувга олиб, низо чиқаришга, попугини пасайтириб қўйишга чоғланган дамда Ким Чен Ин мамлакат тарихида улкан саҳифа очди — Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин билан учрашди.
У ҳатто журналистлар ва хавфсизлик соҳаси экспертларини КХДРга таклиф этиб, полигон ёпилишини кузатиши мумкинлигини ҳам айтди. Ким Чен Ин ядровий объектларни, Ғарб ОАВ уйдирмаси — «яроқсиз ҳолатга келиб қолгани важидан» эмас, балки тинчлик ва дўстлик, инсонийлик юзасидан йўқ қилишга қарор қилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида тинчлик шартномаси имзоланса, ядро қуролига зарурат қолмаслигини айтаркан: «Барча менинг Жанубий Корея, Тинч океани ёки АҚШ сари ядро қуролини ишга соладиган одам эмаслигимга шоҳид бўлади», дея қистириб ўтди.
Бу оламда неки жон бор, барига тинчлик керак. Одам улар орасида тинчликка энг кўп эҳтиёж сезади, тинчлик у учун сув ва ҳаводек ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ким Чен Ин 1950—1953 йилларда юз берган шармандали жанжал — Корея уруши такрорланмаслигини истаяпти. Икки президент шу йилнинг охирига қадар тинчлик битимини имзолашга келишиб олди.
Бундан ташқари, КХДР раҳбари япон ҳукумати (Япония бош вазири Синдзо Абэ) билан ҳам муносабатларни тиклашга, дўстлик алоқаларини боғлашга тайёр эканини айтди. Мун Чжэ Ин эса мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаяпти. Кўриниб турибдики, қарашлар, фикрлар, муносабатлар бир жойдан чиқса, инсон тинч¬лик ва дўстликни астойдил истаса, уруш лашкари ўз-ўзидан чекинади. Халқлар дўстлиги туфайли дунё ривож топади, илм-фан, маданият гуллайди, онг ва тафаккур ўсади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак инсоний меҳр-мурувват ва оқибат намунасини кўрсатган Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи жасоратини алоҳида таъкидлаганини эътироф этиш жоиз. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан «Истиқлол» санъат саройи, майдони, унинг яқинидаги «Бунёдкор» метро бекатига олдинги — «Халқлар дўстлиги» номининг қайтарилиши, Шайхонтоҳур туманидаги Боғкўча ўрнига Шомаҳмудовлар номи қайта қўйилиши муҳим воқеа бўлди. Бу, ўз навбатида, халқ¬лар ўртасидаги дўстлик, бирдамлик ҳар қандай шахсий ва тор қарашлардан, керак бўлса, манфаатлардан устун туришига ишорадир. Чунки у тинчликка хизмат қилади.
Зоҳиджон ХОЛОВ