Отангга бор, онангга бор... энди қаерга борай?
Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи Шукур Абдумуродов томонидан шикоят хати келди. Мактуб эгаси фарзандлари таълим-тарбия оладиган 57-мактаб филиалидаги салбий иллатларни танқид остига олган. Қуйида ушбу шикоят хатини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
“Учта товуқ, гарчи бири курк бўлса ҳам, Қобил бобонинг ўзидан чиқди. Юзта тухумни қўни-қўшни, ёр-биродарлар ўзаро йиғиб берди. Аммо бу тортиқ билан тилмочдан нари ўтиб бўлмади. Тилмоч тортиқни олди ва бетўхтов приставга яхшилаб тушунтиришни ваъда қилди. Чолнинг бутун бўғинлари бўшашиб кетди, кейин тутоқишди, аммо гўрда бир нарса дея оладими! «Ўйнашмагил арбоб билан — сени урар ҳар боб билан». «Яхшилаб тушунтирилган» пристав битта кулангир, битта фаранги товуқ, уч сўм пулни олганидан кейин, Қобил бобонинг бахтига, «бетўхтов ҳокимга хабар бераман» демасдан, «аминга бор», деб қўя қолди. Амин «элликбошига борилсин», деди”...
Яқинда фарзандларим таълим оладиган Деҳқонобод туманидаги 57-мактаб филиалида бўлиб ўтган воқеа адиб Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясидаги воқеаларни ёдимга солди. Гап шундаки, ўғилларим ушбу мактабнинг бошланғич синфида таълим олади. 1-синф¬да ўқишлари яхши эди. Аммо кейинги пайтда уларнинг ўзлаштиришида пасайиш кузатилди.
Бу каби салбий ўзгаришдан хавотирланиб, мактабдаги таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишдим. Афсуски, хавотирим ўринли бўлиб чиқди. Мактабда олий маълумотли мутахассислар етишмайди. Мисол учун, 2-синф раҳбари Усмон Юсупов мутахассис эмас, 4-синф раҳбари Наргиза Хўжаёрова эса ўрта махсус маълумотли. Бошқа фанлар бир илож қилиб ўқитиляпти, аммо рус тили фанидан ўқитувчи йўқлиги учун дарс соатлари қоғозда қолиб кетяпти. Ажабланарлиси, гарчи дарс ўтилмаса-да, кимларгадир ойлик маош ёзиляпти. Чунки рус тили дарси дарс жадвалидан ҳам, ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотдан ҳам тушириб қолдирилмаган.
4-синф журналини кўздан кечирганимизда, 7 сентябрдан 13 февралгача ўқувчиларга на баҳо қўйилган, на ўтилган мавзулар ёзилган. Шундан сўнг ўғлимнинг ўқишини Қарши шаҳридаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига қўчирмоқчи бўлдим. Мактаб директори Музаффар Давроновдан ҳужжатларини беришни илтимос қилдим. У ўринбосаридан олишимни айтди. Ўринбосарнинг уйига борсам, “журнал ҳам, ўғлингизнинг ҳужжати ҳам менда эмас, синф раҳбари олиб кетган”, деди. Синф раҳбарига борсам, она тили ўқитувчисига йўллади, она тили ўқитувчиси “математика ўқитувчисига боринг”, деди. Математика муаллими тоққа кўчиб кетган экан. Шундай қилиб, ёз бўйи ўғлимнинг ҳужжатларини қидириб сарсон бўлдим. Натижада фарзандимни ихтисослаштирилган мактабда ўқитиш орзум армонга айланди. Мен ҳам “Ўғри” ҳикояси қаҳрамони каби иложсиз қолдим.
Яқинда яна таълим жараёни билан танишмоқчи бўлиб, мактабга бордим.
Аслида ҳафтанинг иккинчи куни мактабда таълим давом этиши керак бўлса-да, ўқитувчи ва ўқувчиларни топиб бўлмади. Чунки қишлоқда сешанба кунлари бозор бўлгани учун аксарият ўқитувчилар бозорга кетибди. Жами 341 нафар ўқувчининг атига 34 фоизи дарсда ўтирибди, холос.
Мисол учун, 2-синфда 16 нафар ўқувчидан 1 нафаргина ўқувчи келган. Ачинарлиси, синф раҳбари Дилшод Давроновнинг ўзи ҳам бозорга кетган. 4-“А” синфдаги 15 нафар ўқувчи синф раҳбари Аъзам Худойқулов бошчилигида мактабга келмабди. Мен ҳам бозорга йўл олдим. 200 метрча олдинда мактаб директорининг ўринбосари Халил Юсупов билан Чоршанби Чориевлар ҳам шошиб-пишиб бозорга кетаётганига кўзим тушди. БУГУН ДАРСЛАР БОЗОРДА ЎТИЛАДИ ШЕКИЛЛИ, ДЕГАН ХАЁЛГА БОРДИМ. Аммо шу кунгача бирор марта бозорда дарс ўтилмаган-ку, дея ўзимга таскин бердим.
Халил Юсупов билан суҳбатлашиб, янада аянчли маълумотларни эшитдим. Маълум бўлишича, “мактабга келадиган текширувчиларни босди-босди қиламиз”, деб, ўқитувчилардан пул йиғиш анъанага айланган экан. Мисол учун, 2016 йил 15 ноябрь куни туман халқ таълими бўлими ходимлари А.Дўсатов ва Т.Ҳамроев агар 15 минг сўмдан пул йиғиб бермасанглар, мактабни текширамиз, деб қўрқитишган. Ноилож 51 нафар ўқитувчи уларга 765 000 сўм йиғиб берган. 2017 йили эса мактаб директори Музаффар Давронов ва туман халқ таълими бўлими мудири Абдуғани Ҳимматов ноқонуний равишда бир ўқитувчига директор жамғармаси ҳисобидан устама пул ёзиб, ўзлаштириб юборган. Ёки “Оққишлоқ” ҚФЙ раиси Мамат Панжиев ҳам гарчи бирор марта мактабга келмаган бўлса-да, 5-“А” ва “В” синфларнинг математика ўқитувчиси сифатида ойлик маош олиб келаётганига нима дейсиз? Олим Диёров исмли шахс физика, кимё, биология фанларидан лаборант сифатида ишга қабул қилиниб, ҳеч иш қилмасдан ойлик маош олишига йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмайсан киши...
Ҳурматли таҳририят! Ушбу мактубни кимгадир қасд қилиб ёки ғараз ниятда ёзмадим. Шунчаки, Ватан тақдирига ўзимни дахлдор ҳисоблаганимдан, фарзандларим келажагига қайғурганимдан қўлимга қалам олдим. Соҳага масъул раҳбарлар мактабдаги таълим-тарбия жараёнини назоратга олиб, тез орада аҳволни ижобий томонга ўзгартиришади, деган умиддаман.
Шукур АБДУМУРОДОВ
Таҳририятдан! Масалага холис ва адолатли ёндашиш мақсадида мухбиримиз шикоят хати бўйича 57-мактаб филиалига, туман халқ таълими бўлимига ҳам борди. Туман ХТБ бошлиғи А.Ҳимматов ва мактаб директори М.Давронов “Директор жамғармаси” ҳисобидан устама хақи ёзиб, ўзлаштириб юборилганини, 51 нафар ўқитувчидан текширувчига дея маблағ йиғиб олинганини рад этди. Биз ушбу шикоят хати юзасидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасидан жавоб кутиб қоламиз.