Ориятнинг ўлгани — муаллимнинг ўлганидир
Ўқитувчиликни машаққатли касб дейишади. Сабаби, бошқа касб эгаларининг иши ишхонасида қолса, педагогни касби ортидан “қувлаб юради”. Уйга қайтгач, эртанги дарсга тайёргарлик кўриши, машғулотни янги методлар асосида ташкил қилиш режасини тузиши, ўқувчиларнинг дафтари ёки ёзма ишларини текшириши, ҳеч бўлмаганда, конспект ёзиши керак. Шундан бўлса керак, ўқитувчи хонадонининг чироғи ўчмайди. Бу нур оламни зимистондан, одамларни жаҳолатдан, дунёни ҳалокатдан сақлаб турибди.
Назарий жиҳатдан ўқитувчилик касби ана шундай юксак. Аммо қуйидан қараганда назариянинг амалиётга татбиқи масаласида камчиликлар мавжуд. “Ma’rifat” газетасининг шу йил 17 январь сонида чоп этилган “Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади” номли мақолада айни шу жиҳатлар яхши ёритилибди.
Мен эътиборингизни ўқитувчининг орияти масаласига қаратмоқчи эдим. Чунки бугун ўқитувчиликнинг ҳурмати ва эътирофи, дарс машғулотининг сифати шу фазилатга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб турибди.
Ориятини сақлай олмаган муаллим ўқувчилар орасида ҳурматини йўқотади. Дарс машғулотида яловбардорлик ўқувчилар қўлига ўтади. Улар дарсга ҳам, ўқитувчининг фикрига ҳам эътиборсиз бўлиб қолишади.
Шу ўринда бир мулоҳаза: кейинги пайтда “интерфаол методлар”га ружу қўйиб, дарсда ўқувчининг фаоллигини оширишга берилиб кетдик. Ўқувчининг фаоллиги яхши, аммо бу борада меъёр унутилиб, ўқитувчининг ҳурмати зиён кўрмаслиги, маш¬ғулот сифати тушмаслиги керак.
Унинг ўзига, қолаверса, касбига, дарсига ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилганда, билимига шубҳа билан қаралганда ўқитувчининг орияти юзага чиқади.
Ўқитувчи ориятининг йўқолишига унинг билимсизлиги (умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида кўпроқ учрайди) ёки таъмагирлиги (олий таълим тизимида кўпроқ учрайди) сабаб бўлади. Билимсизлик ва таъмагирлик қонун йўли билан таъқиб қилинади. Таъмагирлик-ку тушунарли, аммо билимсизлик ҳам таъқиб қилинадими, дейишингиз мумкин. Албатта, ўқитувчининг билими давлат томонидан назоратга олинган. Аттестация комиссияси билимсиз деб топган ўқитувчини ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳам қарор қабул қилиши мумкин.
Бу икки қусур, ўқитувчининг “тилини қисиб қўяди”. Натижада орияти ожизлашиб бораверади. Бундай қусурга эга ўқитувчилар ўқувчиларга ўта эҳтиёткор муносабатда бўлади. Чунки уларни тартибга чақирса ёки танбеҳ берса, ундаги қусур ва камчиликлар ошкора айтиб юборилиши мумкин. Билимсиз ва таъмагир ўқитувчилар ўқувчиларнинг ўзига, қолаверса, касбига, дарсига ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик қилаётганини, билимига шубҳа билан қараётганини гўёки “кўрмайдиган” бўлиб қолади. Ошкора ҳурматсизлик уларнинг ориятини қўзғаса-да, бунга қарши муносабат билдиришга журъат қилолмайди. Бора-бора бунга кўникиб қолган ўқитувчини энди орият “ортиқча” безовта қилмай қўяди. Бу “ўқитувчилик орияти” туйғусининг ўлганидир.
Методикаси ёки муомаласида камчилиги бор ўқитувчини тушуниш мумкиндир, аммо билимсиз ўқитувчини тушуниб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди. Дарсда фаоллик ва ташаббус учун ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида кўзга кўринмайдиган доимий кураш мавжуд. Бу курашда муқаррар устунлик, аслида, ўқитувчи тарафида. Аммо билимсизлик бу устунликни ўқувчиларга “туҳфа” қилиб юборади. Чунки таълим берувчидаги билим таълим олувчига ўтади. Бу чойнакдаги чойнинг пиёлага қуйилиши кабидир. Пиёлага чойнакнинг ҳаракати билан чой қу¬йилади ва бу жараёнда иккаласини ҳам фаоллаштириш ёки пиёланинг фаоллигини ошириш чойнинг пиёлага эмас, ерга тўкилишига сабаб бўлади.
Биз бу билан дарсда ўқувчи фаол бўлмаслиги керак, демоқчи эмасмиз, аммо ўқувчининг фаоллиги мақсад сари қаратилган бўлиши ва ўқитувчининг фаоллигига халал бермаслиги керак. Ўқувчилар фаоллигининг чегарадан чиқиши дарс машғулотининг шовқинли ўтиши, ўқитувчининг машғулот мақсадидан чекинишига сабаб бўлади. Оқибатда самарасиз дарслари, ўқувчиларни тўғри йўналтира олмагани туфайли муаллимнинг обрўйи тўкилиб бораверади.
Умид ХЎЖАМҚУЛОВ, филология фанлари номзоди