Брайль ёзувидаги нашрлар эътиборга муҳтож
Инсонни эзгуликка етакловчи, юксак чўққиларга олиб чиқувчи нур китобдир. Мутолаа қилган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Айниқса, бугун юртимизда китобхонликка эътибор кучли. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб китоб марафонлари, элимиз ардоғидаги шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акциялари ўтказилмоқда. Яқинда ниҳоясига етган “Энг фаол ёш китобхон” танлови китоб мутолааси фақат ва фақат эзгуликка етаклашини яна бир бор тасдиқлади.
Бироқ орамизда шундай кишилар борки, улар биз назарда тутаётган муқовали китобни ўқий олмайди. Уларнинг бадиий асардан завқланиши учун махсус шрифтдаги қўлланмалар ёки аудиоёзувли нашрлар керак. Англаганингиздек, улар кўзи ожизлардир.
Мамлакатимизда бундай фуқароларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиб келинмоқда. Уларни зарур ахборот билан таъминлаш, мутолаага эҳтиёжини қисман қондиришда юртимизда кўп йиллардан буён ўзбек ва рус тилларида чоп этиб келинаётган “Бир сафда” журналининг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти муассислигидаги “отахон” нашрда кўзи ожиз фуқароларнинг жамиятда тутган ўрни, таълим олиши, даволаниши, касб-ҳунар эгаллаши тўғрисида информацион ва таҳлилий жанрдаги материаллар мунтазам бериб борилмоқда. Нашр катта ёшдаги кўзи ожиз мактаб ўқувчилари, ўсмирлар маънавий оламини бойитишда ҳам жуда муҳим.
“Бир сафда” журнали нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда кўзи ожизлар учун ягона матбуот нашри ҳисобланади. Ўтган йили журнал таҳририяти Сурхондарё, Бухоро, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги махсус мактаб-интернатларда ўтказган учрашувлар таҳлили шуни кўрсатадики, кўзи ожиз ўқувчиларнинг журналга қизиқиши жуда катта. Шулардан келиб чиққан ҳолда, журналда “Болалар сайёраси”, “Ўқувчилар ижодхонаси” рукнлари ташкил этилган. Бу саҳифаларда ижодкор ўқувчиларнинг шеърий машқлари чоп этилмоқда. Журнал ходимларининг саъй-ҳаракати билан ўнлаб истеъдодли ижодкор ёшлар кашф қилинди. Ҳатто инглизча шеърларни ўзбекчага таржима қиладиган кўзи ожиз ўқувчилар борлиги қувонарли. Таҳририят ходимларининг қайсидир муассаса билан доимий ҳамкорлик қилиши туфайли истеъдодли ёшларнинг аниқланиши савоб иш, албатта. Махсус мактаб-интернат педагог-мураббийлари “Бир сафда” журналини мунтазам ўқиб борса, ўша даргоҳдаги қанчадан-қанча ёшлар ижодидан кенг жамоатчилик воқиф бўлар эди.
Журнал саҳифаларида илм-фандаги кашфиётлар, техникага оид янгиликлар, ўқувчилар учун мантиқий бошқотирмалар, қизиқарли маълумотлар бериб борилади. Бу кўзи ожиз ёки заиф кўрадиган ўқувчиларни қўшимча ахборот билан таъминлашда жуда зарур.
Афсуски, айни пайтда “Бир сафда” журнали Брайль алифбосида бор-йўғи 410—420, ясси босмада 650—700 нусхада чоп этиляпти. Бу эса республикамиздаги мавжуд 12 та кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатда таълим-тарбия олаётган икки мингдан зиёд ўқувчи, яна минглаб муштарийлар талабига мос эмас. Бундан ташқари, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё вилоятларидаги айрим умумтаълим мактабларида заиф кўрувчилар учун алоҳида синфлар ташкил қилинган, кўплаб корхона ва ташкилотларда кўзи ожиз кишилар меҳнат қилмоқда. Демак, журнални янада кўпроқ ададда босиш эҳтиёжи мавжуд.
Яна бир муаммо. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти қошидаги “Ёғду” нашриёти давлат буюртмаси асосида Брайль ёзувида ўқув дарсликларини чоп этади. Брайль алифбосида китоб чоп этувчи юртимиздаги ягона хусусий босмахона Қарши шаҳрида фаолият юритмоқда. “Мавҳумот оламига маълумот” тисло-ахборот мажмуаси 1996 йилда очилган. Кам қувватли мўъжазгина босмахона буюртма асосида йилига атиги 8-9 номдаги бадиий адабиётларни чоп эта олади, холос. Босмахонада сўнгги 20 йил ичида бадиий, қўшимча адабиётларнинг янада кўпроқ турлари нашр этилмаётгани кўзи ожиз болаларнинг бадиий адабиёт дурдоналаридан бебаҳра улғайишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, кўзи ожиз бўлса-да, қалб кўзи теран инсонларнинг адабиётга эҳтиёжи кучли. Уларнинг мутолаага эҳтиёжини кейинги пайтларда тайёрланаётган кам сонли аудиокитобларнинг ўзигина қоплай олмайди. Ҳақиқий китобни ўқиш бахтига муяссар бўлган, китоб ва журналларни мус¬тақил ўқиб, мазмунини ўз онги, хотирасига қўрғошиндай қуйиб олган боланинг саводи ошади, маънавияти юксалади.
— Журналимиз аудиториясини кенгайтириш мақсадида ҳар йили махсус мактаб-интернат жамоалари билан учрашувлар ўтказамиз, — дейди “Бир сафда” журнали бош муҳаррири Икром Ражабов. — Журналимиз жуда кам нусхада чиқаётгани боис, юртимизда 12 та махсус мактаб-интернат, кўзи ожизлар учун алоҳида синфи мавжуд умумтаълим мактаблари, кўзи ожизлар жамияти тасарруфидаги барча корхона ва ташкилотларга тўлиқ кириб бора олмаймиз. Жисмоний имконияти чекланган муштарийларни матбуот нашри билан тўлиқ таъминлаш, маънавий эҳтиёжларини қондириш учун мутасадди идораларнинг қўллаб-қувватлашига, кўмагига муҳтожмиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини чуқур англаган, унинг ижросини таъминлаш имкониятларини ахтараётган мутасадди ташкилотлар кўтарилаётган муаммога ўз муносабатини билдиради, ечим топишга кўмаклашади, деган умиддамиз.
Назокат ХОЛМЕТОВА