Мактабга фақат дарс ўтиш учун борсайдик...
Ҳурматли “Ma’rifat” газетаси ходимлари! Мен 30 йилдан буён мактабда она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бераман. Фаолиятимиз тинимсиз изланишни, кўп ўқишни ва албатта сабрли бўлишни талаб этади. Шу боис ўқувчиларимга сидқидилдан таълим-тарбия бериб, йиллар ўтгач улар эришаётган ютуқларни кўриб, эшитиб, кузатиб баҳра оламан.
Бир нечта матбуот нашрлари, хусусан, “Мa’rifat”ни мунтазам ўқиб бориш касбий фаолиятимнинг бир бўлагига айланган. Чунки бу нашрлардан олган маълумотлар фаолиятимда ёрдам беради. Ушбу нашрлар ўқитувчилик фаолиятим давомида беминнат кўмакчим бўлмоқда.
Газетанинг 2018 йил 21 апрель сонидаги “Мажбурий меҳнат тугади, ўқитувчи энди озодми?” сарлавҳали мақолада ўқитувчиларни қийнаб келаётган муаммолар баралла саналганидан қувондим.
Муаммолар ошкора гапирилиб, унга чора изланаётгани биз, педагогларнинг кўнглида умид учқунини ёқди. Муаммо қачон тўла-тўкис ўз ечимини топади? Қоғозбозлик, ортиқча югур-югурдан қачон озод бўламиз? Қачон мактабга соф ўқитувчи сифатида фақат ўқитиш, сабоқ бериш учун борамиз?!
Мактабимиз ўқитувчилари жамоаси орасида мақола қизғин баҳс-мунозара қилинди. Ҳар бир ўқитувчи очиб берилган муаммо тўғрисида ўз фикрини билдирди. Мунозара чоғида англадимки, барча ҳамкасбларимнинг кўнглида дард тўлиб-тошиб турган экан. Уни очиқ-ошкора баён этгани учун газетага, мақола муаллифи Шаҳноза Тўрахўжаевага ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Дардимизга бефарқ бўлмаганингиз ва ўқитувчи нуфузини юксалтиришдаги меҳнатларингиз бизнинг ишончимизни мустаҳкамлайди.
Моҳира НАЖМИДДИНОВА,
Шофиркон туманидаги 4-мактаб ўқитувчиси