Спорт зали қачонгача банд этилади?
Булоқбоши туманида 1997 йили бунёд этилган 24-умумтаълим мактаби 424 ўқувчи ўрнига мўлжалланган. Айни пайтда мактабда 638 ўқувчи икки навбатда таълим олади. Таълим масканидаги 20 дан зиёд ўқув хоналари, 9х18 метр ҳажмдаги спорт зали ўқувчилар ихтиёрида. Аммо мактаб муаллимлари ва ўқувчилари анчадан буён орзу қилаётган бир муаммо — фаоллар залининг йўқлигидир.
Фаоллар зали бўлмаса шу пайтгача мактабда муҳим йиғилиш, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда ота-оналар мажлислари қаерда ўтказилган?
— Мактабимизнинг анчадан буён фаолият юритмаётган 100 ўринли ошхонаси мавжуд, — дейди 24-мактаб директори вазифасини бажарувчи Қосимжон Ёқубов. — Ҳозирча тадбирларни ана шу ошхонада ёки спорт залида ўтказяпмиз. Тадбирлар олдидан стол-стулларни синфхоналардан олиб, сўнг яна жойи¬га қайтариб қўямиз.
Мактаб жойлашган Зарғалдоқ қишлоғи туман марказидан салкам 20 километр узоқ. Қишлоқ ёшлари, ўқувчилар туман марказида ўтадиган турли томошаларни бориб кўришга ҳар доим ҳам имкон топавермайди. На илож, ўғил-қизларнинг яна мактаб спорт залию ишламаётган ошхонада ўтадиган тадбирларни тик туриб бўлса-да, кузатишдан ўзга чораси йўқ.
— Турли тадбир ва йиғилишлар спорт залида ўтказилгани боис, баъзан жисмоний тарбия дарсларини қолдиришга тўғри келади, — дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Суюнбек Иброҳимов. — Айниқса, қиш кунлари бўладиган йиғин ва кўрик-танловларга спорт залидан бошқа та¬йинли жойнинг ўзи йўқ.
Шунга қарамай, ўқитувчилар ўқувчиларни замон талаби даражасида ўқитишга ҳаракат қилмоқда. Шогирдларимиз математика, физика, география фанлари бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичида совринли ўринларни қўлга киритаётган бўлса-да, спорт турлари бўйича айтарли муваффақиятга эришганимиз йўқ. Спорт залининг кўпинча бошқа ишлар учун банд этилиши жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари машғулотларининг ўз вақтида ўтилмаслигига сабаб бўляпти.
Мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Суюнбек Иброҳимов, Дилфуза Худойбердиева ва Анваржон Юсуфалиевнинг суҳбатимиз асносида билдирган фикрларида жон бор. Ахир, ким ҳам ўз меҳнатининг юзага чиқишини истамайди?!
— Ўқитувчилар меҳнати, ҳаракати ва заҳмати билан фарзандларимиз пухта билим оляпти, аммо фаоллар залининг йўқлиги биз, ота-оналарни ҳам ўйлантиради, — дейди мактабнинг ота-оналар қўмитаси раиси Маҳмуджон Эсонов. — Бу ерда ўтказиладиган бадиий кечалар, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари, ўқувчилар тайёрлаган саҳна кўринишлари етарли шароит бўлмагани туфайли маромида ўтмайди. Бу эса болаларнинг иқтидорини тўла намоён этишига таъсир этмай қолмайди.
— Бу муаммо турли байрам, муҳим саналарга доир кеча ва фестивалларни ўтказишда яққол сезилади, — дейди Ёшлар иттифоқи етакчиси Мафтуна Қаюмова. — Шу йилнинг февраль ойида Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши мутахассислари Булоқбоши педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежида туман ёшлари билан учрашди. Мен ушбу йиғинда мактабимиздаги фаоллар зали муаммоси ҳақида фикр билдириб, ёшлар учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун бирор бино ёки иншоот топишда ёрдам сўрадим. Умид қиламизки, мутасаддилар ёшлар қизиқишлари ва маънавиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнайдиган бу масаланинг ижобий ҳал этилишига ёрдам беради.
— Фаоллар зали юзасидан туман халқ таълими бўлими вакиллари билан маслаҳатлашганмиз, — дейди директор вазифасини бажарувчи Қосимжон Ёқубов. — Бу йил мактабимизда етишмаётган компьютер жамланмалари муаммоси ҳал этилди. Ўқувчилар 15 та янги компьютердан беминнат фойдаланмоқда. Шунингдек, мактаб атрофини ўраш учун 70 метр девор қуриш учун туман ҳокимлигига мурожаат йўллаганмиз. Инвестиция дастури доирасида айни масалалар ўз ечимини топишига ишонамиз.
Қисқаси, мактаб нафақат билим маскани, балки ўқувчининг иқтидорини ўстирадиган ижодхона, тафаккур саҳнаси, маънавият бешигидир. Бир қарашда арзимасдек туюлган фаоллар зали, аслида, ўз номи билан ўқувчини ҳам, ўқитувчини ҳам фаолликка чорлайдиган, ёшлар истеъдодининг чархланишига туртки берадиган майдон вазифасини ўтайди. Бу масалада булоқбошилик мутасаддилардан жавоб кутамиз.
Орифжон СИДДИҚОВ