Янги қиёфа касб этган маҳалла
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги машҳур адиб Абдулла Қаҳҳор номи билан аталувчи маҳалла эски биноси ўрнида замонавий 2 қаватли иншоот бунёд этилгани кўркам ҳовли-жойлар, ишкомли хонадонларда истиқомат қилувчи инсонларни мамнун этди. Ахир, райҳон ва атиргул ҳиди таралиб турган, файзли маҳаллага шундай идора ярашади-да.
Олд майдондаги фаввора зилол сувни осмонга пуркаб, томчи-томчи қилиб сочади. Обиҳаётнинг шаффофлиги ажиб завқ бағишлайди. Толиққанлар учун ўриндиқ муҳайё. Маҳалланинг пиру бадавлат қариялари невара-чевараларини етаклаб бу ерга чиқади ва янги иншоотни қуриб берган маҳалладоши — ёш тадбиркор Эркин Норбековни дуо қилишади.
Бино олдига Хотира ёдгорлиги ҳам қайтадан ўрнатилди. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган маҳалладошлар исм-фамилияси оппоқ мармар монументга зарҳал ҳарфлар билан ёзилган.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Орипова қабулига турли масалаларда келган фуқароларни очиқ чеҳра билан кутиб олади. У маҳалланинг муаммоси ташқарига чиқмаслиги керак, деб ҳисоблайди ва бунинг учун барча имкониятларни ишга солади.
— Маҳалламиз ҳудудида 1052 оила истиқомат қилади. Тинчлик, осойишталик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш биринчи галдаги вазифамиздир. Барча қулайликларга эга янги идорага икки томондан ҳам кириш мумкин. 487 нафар қарияга ойнинг белгиланган кунида нафақа пулини тарқатиш учун иккинчи эшик қулайроқ. Умумий эшикдан идорага турли масалаларда мурожаат этаётган фуқаролар кириб-чиқади, кексалар ҳам ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги учун шундай йўл тутдик, — дейди Феруза Орипова.
Иккинчи қаватда жойлашган мўъжазгина кутубхонада ҳозирча 1000 га яқин китоб мавжуд. Зиё масканига китоб тақдим қилувчилар кўпаймоқда. Маҳаллада яшаб ўтган марҳум ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг рафиқаси Зуҳра Умарбекова яқинда адиб асарларидан бир дастасини кутубхонага туҳфа қилди. Жавонлардан бирининг тепасига “Қуйидаги китоблар шахмат бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновнинг оилавий кутубхонасидан туҳфадир” деб ёзилган. Маҳалла фаоли Файзулло Султонов 500 минг сўмлик бадиий асарларни тақдим этди. Совға қилинган тафаккур дурдоналарининг қўлма-қўл бўлаётганини таъкидлаган маҳалла фуқаролар йиғини котиби Шавкат Эшқобилов кутубхона фонди кейинги йилга қадар анча бойишини айтди.
Маҳалла ҳудудида Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг академик лицейи, 100-, 155-мактабгача таълим муассасаси, “Baby Univer” нодавлат мактабгача таълим муассасаси, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази жойлашган. Улар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг талабалар тураржойи ҳам маҳалла ҳудудида жойлашган бўлиб, талабалар билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Маҳалла қошида ташкил этилган “Бувижонлар мактаби”ни бошқарувчи 80 ёшли Турсуной Пўлатова ёзги таътилда болажонларга инглиз тилидан сабоқ беришни мўлжалламоқда. Профилактика инспектори Илҳом Холмирзаев ўрнатилган доимий назорат туфайли ҳудудида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари деярли учрамаётганини таъкидлайди.
Назокат ХОЛМЕТОВА