«Тест учун ўқитиш»: ўзини қай даражада оқлайди?

Ривожланган давлатларда алоҳида фан тармоғига айланган баҳолаш назарияси (тестология, педагогик ўлчовлар) фанида “тест учун ўқитиш” деган тушунча мавжуд. Бундай ёндашувнинг салбий ва ижобий оқибатлари хусусидаги баҳс-мунозаралар ҳалигача давом этмоқда. АҚШнинг Калифорния университети профессори, тестология бўйича бир неча илмий ишлар ва ўқув қўлланмалари муаллифи Жеймс Попҳем бошчилигидаги олимлар гуруҳи “тест учун ўқитиш” орқали ҳам таълимда ижобий натижаларга эришиш мумкинлигини айтади. Бостон университети коллежи профессори, Тестлар, баҳолаш ва таълим сиёсати маркази директори Жорж Мадаус раҳбарлигидаги олимлар жамоаси эса “тест учун ўқитиш”нинг салбий хусусиятларига кўпроқ урғу беради.
Шундай бўлса-да, бу икки гуруҳ бир фикрда якдил — “тест учун ўқитиш” ҳодисасини ўқитувчилар, репетиторлар, таълим муассасалари ёки таълим хизматини таклиф қилувчи ташкилотлар эмас, тестлар, яъни баҳолаш тизими келтириб чиқаради. Талаб бор жойда таклиф туғилади. Ўқитувчилар, репетиторлар, таълим муассасалари ёки таълим хизматини таклиф қилувчи ташкилотлар тестлар юзага келтирган эҳтиёжни, талабни қондириш учун ўз таклифларини беради. Шунинг учун “тест учун ўқитиш” ёндашувида репетиторларни айблаш нотўғри. Репетиторлик — “тест учун ўқитиш” ёндашувининг натижаси бўлиб, унинг сабаби эмас.
“Тест учун ўқитиш” ҳодисасини юқори аҳамиятга эга бўлган тестлар келтириб чиқаради. Юқори аҳамиятга эга тестлар (high-stakes tests) деб таълим тизими қатнашчилари(таълим муассасалари, ўқитувчилар, ўқувчилар)нинг мукофот олишига ёки жазоланишига хизмат қиладиган тестларга айтилади. Масалан, АҚШда мамлакат миқёсида ҳар йили 4- ва 8-синф ўқувчиларидан инглиз тили ва математикадан тест олиниб, натижага кўра мактаблар, таълим округлари ҳамда штатлар рейтинги аниқланади. Салбий натижа кўрсатганлар эса жиддий интизомий ва молиявий жавобгарликка тортилади. Шунинг учун мактаб маъмурияти 4- ва 8-синфларга дарс берадиган ўқитувчиларга таълим стандартлари ва ўқув дастурларида белгиланган талаблар ўрнига ўқувчиларни тестга тайёрлаш вазифасини юклайди.
Юртимизда шаклланган тизим — Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан ҳар йили август ойида ўтказиладиган олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари юқори аҳамиятга эга. Чунки унинг натижаси ўқувчи — мактаб ёки лицей битирувчиси учун жиддий оқибатларни (ОТМга кириш-кирмаслик, бюджет ёки тўлов-шартнома асосида ўқиш) келтириб чиқаради. Академик лицей битирувчиларининг ўқишга кириш даражасига қараб лицей ўқитувчилари ва маъмуриятига устама ҳақ ёки жарима қўлланилиши ҳам бунга мисол бўла олади.
“Тест учун ўқитиш” нималигини тушуниш учун тест нималигини ҳам тушуниш лозим. Тестология фанида унга бундай таъриф берилган: тест — бу баҳоланиши лозим бўлган билим, кўникма, малака, компетенцияларнинг синалувчиларда (тест топширувчиларда) қай даражада шакллангани тўғрисида хулоса чиқаришга асос бўладиган топшириқ ёки топшириқлар йиғиндиси. Масалан, автомактаб битирувчисининг шаҳар кўчаларида автомобилни қандай бошқаришини кузатиш ёки ахборий технологиялар соҳасида фаолият юритаётган ташкилотнинг ишга талабгорлардан бирор дастур тузиб беришни сўраши ҳам тест. Бундан мақсад — ёш мутахассиснинг ўз касби бўйича кўникма ва малакаларини текшириш.
Тест чекланган вақт давомида ва чекланган сондаги топшириқлар асосида ўтказилади. Шу қисқа вақтда чекланган миқдордаги топшириқлар орқали текширилиши лозим бўлган билим, кўникма, малака, компетенциялар мажмуи нисбатан тўлиқ қамраб олиниши керак. Агар тест бунинг муайян қисмини қамраб олса ёки аслида, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат четда қолиб, бошқаси текширилса, абитуриентлар диққатини тестда тушадиган саволга қаратади ва имтиҳонда тушмайдиган нарсани ўқимайди. Айнан шу ҳодиса “тест учун ўқитиш” дейилади.
Чет тили бўйича давлат таълим стандартларида мактаб ёки академик лицей битирувчисида тил кўникмалари (эшитгани ёки ўқиганини тушуниш, фикрини оғзаки ёки ёзма баён қилиш қобилияти) муайян даражада ривожланган бўлиши талаб қилинади. Инг¬лиз тили йўналиши бўйича олий таълим муассасасига ва хорижий олий ўқув юртларига кириш учун IELTS ёки TOEFL сингари халқаро имтиҳонларга тайёрланаётган ўқувчиларни солиштиринг. ДТМ тестларига тайёрланаётган ўқувчилар аксар ҳолларда чет тилида эшитганини тушунмайди, гапиролмайди, ёзолмайди. Сабаби, ДТМ тест топшириқлари грамматикани ва қисман ўқиб тушунишни текширади (грамматикани билиш тил пухта эгалланди, дегани эмас). Шунинг учун ҳам кириш тестига тайёрланаётган ўқувчи репетиторга бориб, асосан, грамматикани ўрганади, грамматик қоидаларни ёдлайди. Уни стандартдаги талаблар эмас, балки тестдан ўтиш қизиқтиради. IELTS ёки TOEFL сингари имтиҳонларга тайёрланаётган ўқувчиларда эса тил кўникмалари ривожланган бўлади. Улар грамматик қоидаларни ДТМ кириш тестига тайёрланаётган ўқувчидай билмаслиги мумкин, лекин чет тилида мулоқотга кириша олади, эшитган ёки ўқиганини тушунади. Чунки бу имтиҳонлар айнан ўқувчи тилдан қай даражада мулоқот воситаси сифатида фойдалана олишини текширади. Тўғри, IELTS ёки TOEFLга тайёрланаётган ўқувчини ҳам давлат таълим стандарти эмас, аксинча, имтиҳондан иложи борича юқори балл олиш қизиқтиради. Лекин имтиҳонга тайёрланиш жараёнида у стандартда талаб қилинаётган тил кўникмаларини ўзида ривожлантиради.
Бошқа мисол. Ҳеч қайси давлатда адабиёт ёки тарих сингари фанлар ёзувчиларнинг ҳаёти ҳақидаги, асарларнинг сюжетига оид майда-чуйда деталларни ёхуд тарихий шахслар ва саналарга оид керакли-керакмас маълумотларни ёд олиш учун ўқитилмайди. Амалдаги давлат таълим стандартларида ҳам, 2017 йили қабул қилинган янги стандартларда ҳам бундай мақсад қўйилмаган.
Бугун мактаб ёки лицейни битираётган абитуриентларимиз адабиётни ёки тарихни тушуниш, фикр-мулоҳаза юритиш, хулоса ва сабоқ чиқариш мақсадида ўқимайди. Улар бу фанларни айнан майда-чуйда деталлар, икир-чикир маълумотларни ёд олиш учун ўқийди. Чунки ДТМ тест топшириқлари айнан дарсликда берилган ҳар қандай маълумотни хотирада сақлаб қолиш қобилиятини текширади. Ўқувчи репетиторга ҳам айнан хотирасини чархлаш, дарсликдаги сон-саноқсиз маълумотларни ёдлагани ёрдам сўраб боради. Бу маълумотлар, икир-чикирлар унга келгуси ҳаётида ёки ўқишида керак бўлмагани учун тестдан кейин унутилади. Бир танишим Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига фақат учинчи йили кира олганини айтди. Бунинг сабаби, дастлабки икки йил тайёрланиш стратегиясини нотўғри танлаган. Аввалги йиллари у тарихни ўқиётганида воқеа-ҳодисаларни тушуниш, уларнинг нима учун келиб чиққани, қандай оқибатларга олиб келганини англашга ҳаракат қилган. “Учинчи йили эса фақат дарсликлардаги маълумотларни ёдладим, репетиторим билан хотирамни чархладик ва дарсликларнинг исталган саҳифасидан бериладиган саволга жавоб топадиган бўлдим, натижада ўқишга кирдим”, дейди у. Адабиёт ёки тарих сингари ўқувчини фикр¬лашга, хулоса чиқаришга ўргатадиган фанлар “статистика”га, “маълумотлар омбори”га айлангани сабабчиси ҳам репетиторлар эмас, ДТМнинг тест топшириқларини тузишга ёндашувидир.
Бундаги муаммолар сабаби эса ДТМнинг тест тузувчи экспертларни жалб қилиш амалиётидан келиб чиқади. Ўз фанини билган ҳар қандай ўқитувчи ҳам тест топшириқларини тузиб кетолмайди. Бунинг учун тест топшириқлари тузиш ва уларни таҳлил қилиш қонуниятларини билиш, имтиҳон саволлари апробацияси натижаларига қараб тегишли хулосалар чиқара олиш керак.
ДТМга кўп ҳолларда тестология илмидан йироқ кишилар эксперт сифатида жалб қилинади. Уларнинг аксари тестнинг давлат таълим стандартларига мослигини амалдаги дарсликларга мослик деб тушунади. Аслида эса стандартга мос бўлиши учун тест муайян дарсликка мос бўлиши шарт эмас.
АҚШ, Буюк Британия тугул ҳатто Россияда ҳам мактаб битирувчилари топширадиган тестлар конкрет дарсликлар асосида тузилмайди. Чунки тест аниқ бир дарсликка асосланса, унинг стандартда белгиланган кўникмани эмас, хотирани текшириш хавфи кучаяди.
Баъзилар “тест учун ўқиш” амалиётини бартараф қилиш учун “Ахборотнома” сингари материаллар чоп қилинмаслиги лозим, деган таклифни илгари суради. 2013—2018 йилларда абитуриентлар учун тест намуналарини ўз ичига олган “Ахборотнома”лар ДТМ томонидан чиқарилмади. Лекин барча фанлардан абитуриентлар учун қўлланмалар, маълумотномалар, тест тўпламлари турли муаллиф ва нашриётлар томонидан чоп қилинди ва қилинмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига яна мурожаат қилсак. Халқаро IELTS ёки TOEFL имтиҳонлари, АҚШ университетларига кириш учун топшириладиган SAT, GRE ёки Буюк Британия мактаб битирувчилари топширадиган A-level имтиҳонларига тайёрлайдиган материаллар етарлича топилади. Бундай материаллар ҳатто шу имтиҳонларни ўтказувчи ташкилотлар томонидан ҳам расман чиқарилади. Уларнинг фойда ёки зарари яна ўша тест топшириқларини тузишга ёндашувга бориб тақалади. Агар тест таълим стандартларида белгиланган ва ўқувчига келгуси ҳаёти ёки ўқишида керак бўладиган кўникмаларни, компетенцияларни текширишга қаратилган бўлса, зиён келтирмайди. Агар тест текширадиган ва давлат таълим стандартлари талаб қиладиган жиҳат ҳар хил бўлса, хоҳлаймизми-йўқми, тест материалларига эҳтиёж бўлади. Ўқувчи уларни танлайди ва бундай материаллар фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради.
Президентимизнинг яқиндагина қабул қилинган “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида олий таълимдаги бир неча муаммолар қатори олий ўқув юртларига киришдаги тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётгани, иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқараётгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, тест саволларини тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиш, илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар бўйича тест синовидан озод қилиш тартибини ишлаб чиқиш белгилангани юқоридаги камчиликларни тўғрилашда муҳим аҳамият касб этади.
Комил ЖАЛИЛОВ,
Лондон университети коллежи Таълим институти (Буюк Британия) ўқув дастурларини тузиш, педагогика ва таълим жараёнларини баҳолаш мутахассислиги магистранти