Озодликда юрган “қашқирлар” ёхуд Гдлян ва унинг тергов гуруҳи ўз қилмишларига жавоб бериши шарт!
1983—1989 йиллар воқеалари ҳақида гапирадиган бўлсак, кўпчилик ёши улуғлар «Қўй, у кунларни эслама, ярамизни тирнама», дейди. Йўқ, мен бу йилларнинг одамлар юрагига етказган жароҳатини тирнаб, қалбига озор бермоқчи эмасман. Лекин халқимиз бошига катта кулфат, бахтсизлик ва айрилиқ солган ўша аламли йилларни унутмоқчи ҳам эмасман.
Албатта, бу 6 йил ҳақида гап кетганда, собиқ иттифоқ прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси Т.Гдлян ва унинг ёрдамчиси Н.Ивановнинг манфур қиёфаси кўз олдимизга келади. Улар нима учун Ўзбекистонга юборилди ва бу «қашқирлар галаси» қандай номақбул ишларни амалга оширдики, мана, орадан 35 йил ўтса ҳам унутолмаяпмиз?
Қўлимда Тошкент вилояти Ғалаба райони Баҳодиров кўчасидаги 69-“А” уйда яшаган, 1980 йилнинг ноябридан 1986 йилнинг июнигача Пискент район партия комитетининг биринчи котиби бўлиб ишлаган, 1982-83 йилларда пахта режасини «бажариш» учун қўшиб ёзиш, хомашё сотиб олиш фактлари мавжуд деб, эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган, сўнгра районнинг таъмирлаш-ишлаб чиқариш корхонасида инженер вазифасида 1987 йилнинг баҳоригача ишлаган ва ўша йилнинг 31 мартидан Гдлян ва Иванов гуруҳига жалб қилинган терговчилар томонидан сўроққа тортилган, бироқ туҳматга, камситиш ва ҳақоратларга, берилган азоб-уқубатларга чидай олмай, ўз жонига қасд қилган марҳум Учқун Яҳёевич Баҳодировнинг ўлими олдидан ёзган мактуби турибди.
Бу хатни Гдляннинг сиртмоғидан 4 йил деганда қутулган Тоштемир Қаҳрамоновнинг эсдалик китобида ҳам кўргандим. Лекин унинг асл нусхасини қўлга олиш ва ҳаяжон билан ўқиш бутунлай бошқа экан. Хат эгасининг ўша пайтдаги руҳий ҳолати, кўнглидан кечган машъум ўйлар, сўнаётган умиди имлосида акс этганди. Рус тилидаги ушбу мактуб собиқ КПСС МК Бош котиби М.Горбачевга ёзилган (мазкур мурожаатнома Абдусамад Полвонзодада сақланаётган архивдан олинди).
Мана, ўша мактуб: «1985-86 йилларда прокуратура органларининг текширувлари натижасида районнинг баъзи хўжаликларида 1982-83 йиллар пахта режасини бажариш учун қўшиб ёзиш, хомашё сотиб олиш факт¬лари аниқланган (таржима—А.Мирзо). Ушбу икки йил давомида умумий топширилган ҳосилга бор-йўғи 600 тонна, яъни 0,9 фоиз «қўшиб ёзилган» экан. Районнинг 1-котиби сифатида қўшиб ёзиш, хомашё сотиб олиш факт¬ларини эшитардим, аммо бунга қарши ҳеч нарса қила олмас эдим, нафақат мен, бошқа раҳбарлар ҳам ҳеч нима қилолмасди. Шундай қилиб, 1986 йилнинг июнида хўжаликлар ишини назорат қилолмаганликда айб¬лаб, менга қаттиқ ҳайфсан беришди ва эгаллаб турган лавозимимдан бўшатишди. Мутахассислигим бўйича инженер бўлиб ишлаб турганимда, яъни 1987 йилнинг 31 мартида мени СССР прокуратураси ходимлари КГБ (ДХҚ) биносига сўроққа чақиришди. Уч кун давом этган сўроқ соат 10 да бошланиб ярим кечагача давом этарди. Берилган савол битта: «Тошкент вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби М.М.Мусахоновга қанча пора бергансан?». Агар шу саволга жавоб бермасам, мени қамоққа тиқишларини айтиб қўрқитишди. «Ўртоқ Мусахонов билан ҳеч қачон яқин муомалада бўлмаганман ва унга ҳеч қанақа пора бермаганман». Бироқ бу жавоб уларни қониқтирмади. Мен Мусахонов билан юзлаштиришларини сўрадим, лекин улар рад этишди. Уч кунлик сўроқдан кейин мени қўйиб юборишди. Бироқ октябр¬да яна прокуратурага чақиришди, А.Ҳусаинов деган терговчи менга обком секретари М.Мусахоновнинг кимдан қанча сўм ва неча марта пора олгани ҳақидаги «иқрорномаси»ни кўрсатди. Ўртоқ Мусахоновнинг «иқрорномаси»да ўнга яқин кишининг исм ва фамилияси бўлиб, улар орасида менинг ҳам фамилиям бор эди. Унда гўёки Мусахонов мендан уч марта (икки минг, уч минг, беш минг рубль), жами ўн минг рубль олгани кўрсатилган эди. Бироқ қоғозда порани қачон ва қаерда олгани ёзилмаганди. Мен бу кўрсатма ёлғонлигини, Мусахоновга умуман пора бермаганимни айтдим. Мусахонов билан юзлаштиришни яна талаб қилдим, аммо дарҳол рад жавобини беришди.
Шундан кейин терговчилар «ихтиёрий» тарзда, улар олдиндан тайёрлаб қўйган кўрсатмага имзо чекмасам, бу ердан чиқмаслигимни айтиб дағдаға қила бошладилар. Қўл қўйишдан бош тортдим. Эртага паспортим билан келишимни айтиб, кетишимга рухсат беришди. Эртаси куни яна кўрсатмага имзо чекишимни талаб қилди. Терговчи А.Ҳусаинов «Озодликда яшашни, болалар олдида бўлишни истасангиз, бизнинг айтганимизни қилинг. Ихтиёрий тарзда, кечирим сўраган ҳолда кўрсатма беринг. Кўрсатмада Мусахоновнинг пора олиш билан шуғулланишини ёзинг, шунда ЎзССР ЖК 153-моддасининг 3-қисми бўйича сизга нисбатан жиноят иши қўзғатилмайди ва биз сизни уйингизга қўйиб юборамиз. Судда ушбу берган кўрсатмадаги гапларни такрорласангиз бас, сиз озодсиз», деб такрорлайверди. Терговчи С.Пўлатов кўрсатмани ёзиб, менга узатди ва ўз қўлим билан қайта ёзишимни талаб қилди. Қўрқитиш ва таҳқирлаш билан ўтган тўхтовсиз сўроқлар, менинг руҳиятимга қаттиқ таъсир қилди ва мен ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлдим.Мана, уч кундирки, виждон азобида қийналаман, негаки мен Мусахоновга нисбатан ёлғон кўрсатма бериб, кўрнамаклик қилдим, ўзимни озодликка чиқариб, ўзгани қамоққа тиққаним учун одамлар кўзига қаролмай, бошимни қаерга уришни билмаяпман, баъзида жонимга қасд қилиш фикри хаёлдан кетмай қолади...
Баҳодиров У.Я. 20/Х-1987 йил».
Орадан икки йил ўтиб, бу хатнинг нусхасини Учқун Баҳодировнинг укаси Х.Баҳодиров топиб олади ва акасининг ўлимига сабаб бўлган нохуш воқеалар тагига етиш учун 1989 йил 16 октябрда КПСС МК Бош котиби М.Горбачев, СССР Бош прокурори А.Сухарев ва Гдлян ишини текшираётган комиссия номига мактуб йўллайди. Унда Гдляннинг тергов гуруҳи айби билан акасининг, кейин турмуш ўртоғининг вафотига дош беролмай, келинойисининг ҳам ўз жонига қасд қилгани баён этилган. Ўша куни бир уйдан икки кишининг — акаси ва келин¬ойисининг тобути чиқади; қўшалоқ жасад қабрга қўйилади. Х.Баҳодиров акасининг қотиллари учун қатъий жазо тайинланишини сўрайди. Бироқ...
Бироқ, Учқун Баҳодиров каби ўнлаб одамларнинг қотилига айланган, юзлаб кишиларни қамоққа тиққан, юзлаб тинч оилаларни хонавайрон қилган, қариндош-уруғларни судма-суд судраб, саргардон этган, истаганича таҳ¬қирлаган кимсалар — Гдлян ва унинг тергов гуруҳи озодликда бемалол юришибди. Аммо инсониятга қилинган жиноят учун жазо муддатининг кечи йўқ.
«Бир миллион рубль қаерда?»
Майли, у катта бир вилоятнинг раҳбари бўлсин, лекин ўша пайтларда бир миллион рубль миқдорида пора олиш зинҳор ақлга сиғмайди. Ўша 1987 йилларда янги «Жигули-06» русумли автомобиль нархи 5000 рубль атрофида эди. Демак, 1 миллион рубль 200 та машинанинг пули бўларкан. Бутун вужуди билан коммунист бўлган, социализм принципларига қатъий амал қилиб яшаган, коммунизм қуришга ишонган, 1970—1985 йилларда Тошкент область партия комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Мирзамаҳмуд Мусахоновда шунча маблағ бўлганига бирорта ҳам соғлом ақл эгаси ишонмайди. Шунга қарамай, 1985 йили нафақага чиққан Мирзамаҳмуд аканинг тинч ва осуда кунлари икки йилга чўзилди, холос.
1987 йилнинг 20 августида у собиқ иттифоқдан жуда катта ваколатлар билан юборилган «десантчи»лар гуруҳи етакчиси Тельман Гдлян томонидан «пахта иши» бўйича қамоққа олинди. Республикада ҳамма ўзбекларни «жиноятчи ва порахўр» деб бутун оламга жар солган Гдлянга шов-шув керак эди, бунинг учун эса Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозимида ишлаётган барчани элакдан ўтказиш, айби борми-йўқми, «порахўр» деган тамғани пешонасига босиш керак эди.
Шундай ҳам бўлди. Бухородан бошланган «ов», аста-секин пойтахтга ҳам етиб келди. 76 ёшни қаршилаган собиқ обком секретари қамоққа олинди. Кекса коммунист — 1976 йили Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ленин ордени ва «Ўроқ ва болға» медали соҳиби, 1976—1986 йилларда КПСС МК аъзоси, СССР Олий Кенгаши депутатлигига сайланган собиқ коммунист ҳайрон бўлганча, КГБ ертўласида «кимдан қанча пора олгани», «кимга қанчасини бергани» ҳақида сўроқ бера бошлади. Бу тўғрисида сал кейинроқ...
Орадан икки ойча вақт ўтиб, унинг ўғли — физика-математика фанлари доктори, профессор, Тошкент давлат университети «Физика назарияси» кафедрасининг мудири Мирзаюсуф Мусахонов қамоққа олинади. Ўша куниёқ Мирзаюсуф акани Аслонов ва Додажонов деган терговчилар «Бир миллион рубль қаерда?» деб тўхтовсиз саволга тута бошлайди.
— Қанақа бир миллион рубль? — ҳайрон бўлади Мирзаюсуф ака.
— Отанг яшириб қўйган миллионни сўраяпман! Манзилни айт! — деб дўқ уради терговчи Аслонов.
— Бизнинг оилада бунақа пул йўқ. Отам ҳалол яшаганлар, бировдан пора олмаган.
— Ўзбекистондаги партия ташкилотларининг 95 фоизи жиноятчи — пастдан то тепагача умумий порахўрлик занжирининг бўғинидир! — дейди бу гапга ишонмаган Гдлян афтини бужмайтириб. — Демак, отанг Мусахонов ҳам жиноятчи бўлиши керак. Исбот дейсанми, шошма, исботни топамиз.
Бу дастлабки сўровдан сўнг, исбот «топиш»га киришилди: обком секретарининг қизи Сожида ва Нафиса қамоққа олинди. Улардан ҳам отаси яширган пулнинг қаердалиги сўралди. Кейин юзга яқин киши сўроққа тортилди.
Мирзаюсуф аканинг 1989 йилда Гдлян жиноий ишини ўрганиш ишчи комиссиясига ёзган аризасидан: «27.01.1988 йил. Карташьян отамга қарши кўрсатма беришимни талаб қила бошлади. Акс ҳолда узоқ муддатли қамоққа тиқишини, у ёқдан эса қайтиб чиқмаслигимни айтиб қўрқитишди. Шунингдек, ўзимнинг жиноятчи эканлигимни исбот қилишаркан, гўё мен илмий унвонларимни пулга сотиб олган эканман. Яқинларимнинг барчаси қамаларкан, ҳатто фарзандларим ҳам. Мен пулни қизғаниб, отам, сингилларим ва болаларимнинг ҳаётини хавфга қўйиб, уларнинг тақдирига бепарволик қилаётган эканман. Таҳ¬қирлаш, камситиш ва дўқ-пўписа билан босим ўтказишди. Ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Наҳот фарзандларимни қамоққа тиқишса, деб руҳан азобландим...».
Ана шундай босим остида ўтган сўроқлар олимнинг ҳаётини издан чиқаради. Жигаргўшаларини азоб-уқубатдан сақлаб қолишнинг ягона йўли ўз жонига қасд қилиш, деб ўйлади, бу сўнгги чора сифатида хаёлидан кетмай, кечаси ўзини осмоқчи бўлди. Ўлими олдидан эса оила аъзолари номига мактуб ёзди: «Муҳтарама Ойхон! Менинг суюклиларим Азиз ва Ойгул!
Севгилим, сен менга бу ҳаётда қувончли кунларни ҳадя этдинг. Сен билан бахт ва муҳаббат нима эканини англадим. Сен менга жуда ажо¬йиб фарзандлар туҳфа этдинг. Ҳозир мени бир нарса жуда қийнаяпти, мен туфайли энди бахтсиз бўлиб қоласан. Шунинг учун иродангни бўшаштирмай, фарзандларимизни етук инсонлар қилиб тарбияла. Улар мени эслаб туришсин. Улар дадасининг ҳалол ва олижаноб инсон эканини билишлари керак, бунга ишонишлари лозим.
Азиз! Сен ҳаётимнинг давомчисисан. Сен ақлли боласан ва кўп нарсаларни яхши тушунасан. Энди уйимизда ягона эркак бўлиб сен қоляпсан. Шунинг учун онангга таянч бўлишинг керак. Етук шахс бўлиб етишиш учун ўқи!
Ойгул, менинг суюкли қизим. Сен энг ақлли ва энг гўзал қизсан, яхши ўқи ва онангга ёрдамчи бўл. Вақт жуда тез ўтиб кетади, мактабни, кейин инс¬титутни ҳам тамомлайсан. Худо хоҳласа, ўзингга муносиб йигитни учратасан ва бахтли оила қурасан. Сен қалбим қувончи эдинг, доимо бахтли бўл!
Меҳрибонларим, мендан хафа бўлманглар! Мен боши берк кўчага кириб қолдим, ундан чиқиш йўлини тополмаяпман. Шафқатсиз ва ноҳақ тақдир менга ҳеч қандай умид қолдирмади...».
Мактуб ёзилди, бўйинга арқон солинди. Хайриятки, хат муаллифининг ажали етмаган экан. Қамоқдаги хонадошлари охирги дақиқаларда уни дордан қутқариб олди.
...Инсон боласи ўзига етказиладиган қийноқларга чидаши мумкин, бироқ туғишганлари ва зурриётларининг азобига тоқат қилолармикан? Бунинг устига, терговчилар Мирзаюсуф акага отасининг видеомурожаатини кўрсатиб, «Ана, энди ишондинг¬ми, отанг миллионларни тўплаганига? Сен эса бу пулларнинг қаердалигини биласан. Шунинг учун айнан сенга мурожаат қиляпти», деб турса, одам бу ёлғон кўрсатмадан жинни бўлиши мумкинми? Мирзаюсуф ака бу кўрсатув дадасига қанчалар қимматга тушганини ҳис этмай қолармиди? Яқинларини қутқариб қолишнинг ягона йўлини излайди...
Акаси билан бир кунда қамоққа олинган Сожида опанинг аҳволи қандай кечдийкан? Ундан ҳам гўё яшириб қўйилган «миллион» ҳақида сўрашади. Бу борада, айниқса, терговчи Карташьян жонбозлик кўрсатади. Шундоқ ҳам изтироб чекаётган Сожида отасининг бир аҳволда берган видеомурожаатини кўриб ўзини қўярга жой тополмай қолади. Отаси ўзида эмасди, қандайдир психотроп дорилар таъсирида эди, онгини йўқотиб, «зомби»га айлантирилганди...
Кекса отасининг тортган азобларини кўтаролмаган Сожида К.Умаров, М.Мажидова ва Х.Абдуллаевга нисбатан ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлади. Карташьяннинг алдов, қўрқитув, руҳий азоблари ва айтиб туриб ёздириш орқали олинган «иқрорнома»сида Сожида гўё отасининг қимматбаҳо буюмларини сақлаётган шахс¬ларнинг фамилияларини қайд этганди.
Бундай кўрсатма беришга ўша биргина видеомурожаат сабабми? Аслида, гап бошқа ёқда: қўрқув, асабнинг тоқат қилолмай қолиши, вазиятни, яъни айни пайтдаги ҳолатни англолмай қолиш — иродани йўқотиш каби омиллар-чи? «Агарда ёзмасанг, отанг отилади! Эринг ва қизинг қамалади! Қариндош-уруғларинг репрессия қилинади!».
Сўроқ вақтида терговчилар, камерада эса 22 ёшли қотил аёл — З.Жуманиёзованинг тазйиқ ва «ишлов»лари, «Эринг қамалди, ҳозир ўлимга маҳкум этилганлар билан бир камерада, қизинг ҳам қамоқда, опанг аллақачон айбдор деб топилган, ўғлинг¬ни болалар уйига бериб юборишди! Аканг бир ўлимдан қолди, турмада ўзини осган экан, энди отанг қамоқда чирийди ва унинг қабри темир панжара ортида қолиб кетади», каби дағдағалари ёки Гдляннинг: «Отанг бойлигини қаерга кўмган, саноат олтинлари қаерда, тилладан ишланган ҳайкаллар ва тангалар қани?! Сен ҳам порахўрсан, мафияга алоқадорсан, очкўз аёлсан! Отанг сени деб хор-зор бўлиб ўлиб кетади! Пулни деб отангнинг ҳаётини хавф остига қўйяпсан», дея ўшқиришларини шунчаки қабул қилиш мумкинми?
Тўйиб ухламаслик, овқатланмаслик, тўхтовсиз сўроқдаги руҳий қийноқлар ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Карташьян бошини чангаллаган аёлнинг ҳолдан тойганига ишонмай, сувга нимадир қўшиб беради ва ана энди айтиб турганини осонлик билан «ёздириб» олаверади.
Сожида опанинг аризасидан: «1988 йилнинг 14 ноябрь куни менга дадамнинг иккинчи марта ёзма мурожаат қилган хатини кўрсатишди. Хатни ўқиб юрагим яна ёмон бўлиб қолди, англадимки, биз ҳаммамиз тузоқдамиз. Чойнакдан нимадир қуйиб узатишди, ичишга қўрқдим. Сўроқ ярим тунгача давом этди. «Отанг иккинчи марта сенга хат ёзяпти, миллионларнинг қаердалигини фақат сен биларкансан, агарда уни бизга топширмасанг, даданг нафақада қарилик гаштини суриш ўрнига қамоқда итдай ўлиб кетади, сенга эса узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланади!».
Туҳмат — қанчалар оғир гуноҳ. Бироқ кишилар Гдлян ва Ивановнинг терговлари ёлғон кўрсатмалар билан миллатдошларни, қариндошу жигарларни бир-бирига қайрашга қаратилган ўта разил жиноят эди. Унинг қурбони бўлганлар ўз жонларини сақлаб қолиш учун эмас, қамоқда ҳам ўлолмагани учун виждонига қарши иш тутган. Беш ойлик қамоқ жазоси, асабни ишдан чиқарувчи саволлар, таҳқирлаш, қўрқув, ҳадик ва ниҳоят ортда қолди. Аммо асл мақсад — «миллион»¬ларнинг топилмагани Гдляннинг тинчини бузди: «Наҳот, бир пайтлар республика енгил саноат вазири, Бутуниттифоқ касаба уюшмалари Марказий Кенгашининг секретари, Давлат план комитетини бошқарган, Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг раиси лавозимида ишлаган, энг йирик вилоятга раҳбар бўлган одамда пул бўлмаса? Наҳотки?!». Мана шу аламли савол уни эс-ҳушидан айирди, буткул ваҳший ҳайвонга айлантирди.
Боласи турганида жони кўзига кўринармиди?
Гдлян ва Ивановнинг махфий суҳбатидан:
Иванов: — Тошкент вилоятининг собиқ раҳбари М.Мусахонов нафақада-ку, қамайверамизми?
Гдлян: — Бизга фарқи йўқ, гўрга кирмаган бўлса, бўлди. Чақир ва қама. Айб топамиз. Ҳаммасини ўйлаб қўйганман. Хотини ва қизлари билан қўрқитсак, истаган қоғозингга қўл қўйиб беради. Бизга кўп пул керак! Тушуняпсанми, жуда кўп. Бунақа собиқ раҳбарлар орқасидан ҳам катта пул ишлаб олишимиз мумкин. Отаси қамалиб кетмаслиги учун ер тагидан бўлсаям топиб келишади. Қани, ишга кириш, фойдаланиб қолиш керак, укам!
Иванов: — Бўлди, бажараман...
Шундан кейин нафақага чиққанига 2 йил бўлган Мирзамаҳмуд ота порахўрликда айбланиб қамоққа олинади. Тергов ва суриштириш жараёни Гдлян сценарийси бўйича давом этади. «Пора олганман ва берганман, аммо ўз айбимга чин кўнгилдан иқрорман». Мана, Мирзамаҳмуд отадан талаб қилинган кўрсатма. Шуни ёзиб берса, бўлди, бемалол қарилик гаштини суриши мумкин экан.
Умрининг катта қисмини эл-юрт хизматига бағишлаган, бунинг учун собиқ иттифоқнинг энг юксак унвонлари билан тақдирланган, нуфузли раҳбар сифатида катта обрў-эътибор қозонган коммунист, етарлича ҳаётий тажрибага эга инсон илк сўроқдаги бу пўписадан қўрқиб кетмади, албатта. Нафақадалигини, йўқотадиган лавозими йўқлигини, муҳими, бировдан пора олмагани ва бермаганини дангал айтди. Рус тилида равон сўзлайдиган Мирзамаҳмуд отанинг гаплари қатъий эди. Аммо сохта гувоҳлардан ёлғон кўрсатма олишга уста бўлиб кетган Гдлян бу жасоратга мийиғида кулиб қўйди, холос.
Бунинг иккита сабаби бор эди. Биринчиси, Ўзбекистоннинг вазирларидан тортиб, биринчи котибини ҳам қамоққа олаётган Гдлян учун нафақадаги собиқ обком секретари ким бўлибди? Иккинчидан, Лаврентий Бериянинг тергов гуруҳи гумон қилинганлардан кўрсатма олиш бўйича 26 та ноқонуний усул қўллаган бўлса, Тельман Гдлян «пахта иши»ни текшириш давомида сўроққа тортилганлардан 18 хил ноҳақ йўл билан «иқрорнома» олган. Ярим кечгача олиб борилган сўроқлар кекса¬йиб қолган Мирзамаҳмуд отанинг иродасини буколмади. Гдлян режадаги “а” ва “б” пунктларни бажаришга киришди: собиқ обком секретарининг ўғли Мирзаюсуф акани ва қизлари Сожида ҳамда Нафиса опаларни қамоққа олди.
— Хўш, ҳалиям кўрсатма бермайсизми? — дея совуқ тиржайди Гдлян.
— Фарзандларимни тинч қўй, уларни бу ишга аралаштирма! — деди нафаси қиса бошлаган Мирзамаҳмуд ота.
— Унда, мана бу кўрсатмани қайтадан ёзиб беринг.
Мирзамаҳмуд ота олдиндан тайёрлаб қўйилган «иқрорнома»га нигоҳ ташлади. Не кўз билан кўрсинки, бутунлай туҳматдан иборат кўрсатмада сўроққа тортилган-тортилмаган ўнга яқин раҳбарларнинг исм-фамилиялари бор эди. Қон босими ошиб кетган Мирзамаҳмуд отанинг юзлари қизарди, қоғозни қўшқўллаб нарига сураркан, «Бу қип-қизил бўҳтон-ку!» деди жаҳл билан.
— Сиз ва оила аъзоларингизга озодлик керак, менга эса мана шу қоғоз!
— Имзо чекмайман! Исбот талаб қиламан! Мана шу одамларнинг лоақал учтаси билан юзлаштиринг-чи, қани кўзимга қараб нима дейишаркан?
— Исботми, марҳамат. Қани, эшик олдига келинг-чи?
Мирзамаҳмуд ота аранг қаддини ростлади. Қия очиқ эшикдан йўлакка хавотир билан қаради. Кўзларига ишонмади. Қўлларига кишан солинган икки қизи мунғайиб турарди.
— Уларни нима қилмоқчисизлар? — йиғламсираб сўзлади ота.
— Нима қилардик, турмага тиқамиз, кейин кўзига қон тўлган «зек»ларнинг олдига киритамиз...
— Ярамас! — ғазабланган Мирзамаҳмуд отанинг муштлари титраб кетди.
Отанинг руҳи тушиб, оёқларида куч қолмади, жойига зўрға ўтирди. Кўзига «иқрорнома» ва унинг ортидаги мислсиз хўрликлар эмас, суюкли қизларининг қамоқхонадаги аянчли ҳолати кўринди... Гарчи иродаси тоғдек метин бўлмасин, гап қизларининг ор-номуси, келажагига келиб тақалганда, бўшлик қилди, «туҳмат»ларга кўнишга мажбур бўлди.
Гдлян мақсадига эришаркан, ғолибона илжайди. «Иқрорнома»да Пискент район партия комитетининг биринчи котиби Учқун Баҳодировдан 10000 рубль пора олгани, Ўзбекистон Марказий Комитетининг котибаси Раъно Абдуллаевага 15000 рубль пора бергани ва яна бир қанча шахсларнинг фамилиялари бор эди. Бироқ бу кўрсатма бошдан-оёқ ёлғон, туҳмат эди.
Оилавий қамашлар билан гердайган Гдлян 1983—1989 йилларда Ўзбекистонда ўзини «қонун» ва «суд» деб ҳисоблаб, истаган кишини қамоққа олди. Бунинг учун на прокурорнинг санкцияси, на суднинг қарорини кутиб ўтирди:
• 1984 йил июлда Бухоро области Матлубот кооперацияси раиси ўани Маҳмудов қамоққа олинган, кечга яқин унинг укаси Маҳмуд Мирзабоев ҳам сўроққа тортилади. ДХҚнинг Бухоро вилояти бошқармасида уни Гдляннинг тергов гуруҳи сўроқ қилади ва кечаси хонага қамаб қўяди. Эрталаб уни бинонинг ҳовлисидан ўлик ҳолда топишади. Ноқонуний сўроқ, қийноқ ва таҳқирлашга чидолмаган Маҳмуд Мирзабоев бинонинг иккинчи қаватидан сакраб, ўз жонига қасд қилади.
• 1984 йилнинг 15 августида Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-лейтенант Қудрат Эргашев ўзини отиб ўлдиради.
• 1985 йил 17 май Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Г.Давидов учун сўнгги кун бўлди. Госпиталда ҳам тинч қўйишмагани учун бошига кетма-кет ўқ узади.
• 1985 йил 23 декабрда Тошкент шаҳри Оржоникидзе район ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Ҳожимуродов ҳам ҳаёт билан видолашади. Гдлян гуруҳидаги терговчи Альберт Карташьян полковникнинг офицерлик шаънини таҳқирлаб, бошига мислсиз азоб-уқубат солгач, ўзини ўлдиради.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ўлиб-ўлолмаганлар эса юртдошига, миллатдошига туҳмат қилишга ёки шундай туҳматни қабул қилишга мажбур бўлган. Афсуски, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари, эл кўз тиккан шахс Рафиқ Нишоновнинг ўзи қонун ҳимоячилари ниқобидаги манфур жиноятчиларни қўллаб-қувватлаб турса, ўзбекнинг жабрдийда вакиллари додини ким эшитарди?
Гдлян ваъдасида турмади: Мирзамаҳмуд Мусахоновни тинчгина уйига қўйиб юбормади, аксинча, жиноий иш очиб, тўпланган материални судга оширди. 1987 йили Тожикистон ССР Олий суди оқсоқолни пора олиш ва беришда айбдор, деб топиб, 6 йилга қамаб юборди. Собиқ иттифоқ таркибидаги республикалар 1991 йил кузига келиб, бирин-кетин ўз мустақиллигини эълон қилгач, шукрки, 1992 йилда М.Мусахонов иши худди ўша судда қайта кўриб чиқилди ва у айбсиз деб топилиб, озод этилди.
Гап шундаки, бу изтироб тарихнинг қонли лавҳаси сифатида шунчаки қолиб кетавермаслиги шарт. 5 йилча қамоқда ўтган умрнинг заволи учун ким жавоб беради? Ноҳақ қамалган минглаб юртдошларимизнинг тортган азоб-уқубатлари, чеккан жабру жафолари учун ким товон тўлайди? Боши берк кўчага кириб қолиб, ундан чиқолмай, ўз жонига қасд қилганлар учун ким жавоб беради? Наҳотки, ўша даврда замон шунақа эди, дея жимгина ўтираверсак? Бу кўргуликларни бошимизга солган ва ҳамон жавобгарликка тортилмаган жиноятчиларни наҳотки халқимиз олдида одил суд қилишнинг имкони бўлмаса?
Жиноят жазосиз қолмас, деганларидек 35 йилдан буён «ёпиғлиқ қозон»¬ни энди очиш ва кўплаб бегуноҳ кишилар ўлимига сабабчи бўлган қотил жиноий тўда — Гдлян ва унинг гумашталарини, аввало, Ўзбекистонда, сўнгра халқаро судда сўроқ қилиш ва муносиб жазога маҳкум этиш фурсати етди.
Акбар МИРЗО,
ёзувчи