Бўш иш ўринлари кўп, лекин ишсизлар нега камаймаяпти?
Мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий муҳофазасига алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил февраль ойидаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган опа-сингилларимиз, шу жумладан, ногирон аёлларга ғамхўрлик кўрсатиш, улар билан якка тартибда, аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Фармон эълон қилинганига кўп вақт бўлмаса-да, жойларда ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Мардикорлик билан тирикчилик қилаётган аёллар сони анча камайди. Қийналган, ёлғиз, ногирон аёлларга тикувчилик, бисер тўқиш, пазандалик каби ҳунарлар ўргатилиб, бандлиги таъминланмоқда. Хусусан, Бағдод туманида яшовчи имконияти чекланган аёлга ҳокимлик томонидан тикув машинаси совға қилинди. У ўз уйига яқин ҳудудда жойлашган шифохонага ёстиқ жилдини тикиб бермоқда. Бундай мисоллар кўп. Шунга қарамай, ҳудудларда ҳамон аёлларга мос бўлмаган ишлар билан шуғулланаётган хотин-қизлар топилади. Аёлларнинг мардикор бозорида вақтинчалик иш сўраб тургани оғриқли нуқталардан биридир.
Олтиариқ туманидаги бозорда ишсиз аёллар талайгина. Туманда боғдорчилик ривожлангани боис улар, асосан, боғ ва токзорлардаги мавсумий ишлар, сотувга мўлжалланган мева-сабзавотларни қадоқлаш юмушларига жалб этилади.
— Тирикчиликнинг айби йўқ, — дейди Бағдод туманидаги 2-Бағдод қишлоғида истиқомат қилувчи Дилноза. — Турмуш ўртоғим иккимиз мавсумий иш билан шуғулланамиз. Маълумотимиз йўқ, мактабни битириб турмуш қурганмиз. Тирикчилик тошдан қаттиқ. Болаларимиз биздек қора меҳнатда қолмаслиги, ўқиб, фаровон яшаши учун ҳаракат қиляпмиз. Иш танлаб ўтирмаймиз. Яхши ҳақ тўланса, бўлгани. Ҳаттоки, ғишт қуйиш ёки том сувашга ҳам борганмиз. Яқинда янги ғишт заводи қурилди. Ҳозир шу ерда ғишт ташиб, тахлаш билан бандман. “Кара” русумли ғишт ташувчи машинани бош¬қаришни ҳам ўргандим.
Бозорда тўпланган аёлларнинг ҳаммасини ҳам “мардикор” дейиш унчалик ўринли эмас. Сабаби, улар орасида бозор иқтисодиёти шароитида шаклланган янги касбларнинг малакали мутахассислари ҳам бор. Уларга зарур шарт-шароит, ишга хавфсиз ёлланиш имконияти яратилса, бас. — Мева-сабзавотлар экспорти билан шуғулланамиз, — дейди олтиариқлик тадбиркор Воҳиджон Отаназаров. — Агар қадоқловчи аёллар бўлмаса, ишимиз тўхтаб қолади. Масалан, гилос ёки узумни қадоқлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Россия дўконларида елим яшикда қадоқланган гилос сотилганини кўрганмисиз? Қадоқланган бу маҳсулотни туғилган кун ва байрамларга совға сифатида яхшигина пулга харид қилишади. Аммо гилос ёки узумни талаб даражасида қадоқлаш учун йиллар мобайнида орттирилган бой тажриба зарур. Шунинг учун биз ёлланган аёлларга етарли даражада шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Улар ўз бригадасини тузиб олади. Энг яхши бригадаларнинг бозори чаққон. Чунки ҳамма ҳам ўз маҳсулоти яхши қадоқланишини истайди. Бундай аёллар юртимиз экспорт салоҳиятини ошириш учун хизмат қилаётган малакали касб эгаларидир.
Аёлларни вақтинчалик иш билан таъминлаш бозори нафақат вилоят, балки пойтахтимизда ҳам мавжуд. — Оиламизни моддий жиҳатдан таъминлашда турмуш ўртоғимга ёрдам бергим келади, — дейди ана шундай бозорларга иш ахтариб чиққанлардан бири Гулноза Қодирова. — Тўғри, ҳамма иш ҳам аёл зотига тўғри келавермайди, лекин ҳаёт мажбур қилса, ҳар қанақа ишни бажарамиз. Корхонада ишлаб кўрдим, берган ойлик маоши жуда кам. Баъзи иш берувчилар иш ҳақимизни бермаган пайтлар ҳам бўлди. Эрталабдан кечгача ишини қилдириб, “мардикорсан” дея ҳақоратлашса, дилимиз оғрийди. Ахир, ҳалол ишлаб пул топишнинг нимаси ёмон?!
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бўш иш ўринлари базасидаги маълумотларга кўра, 13867 та ташкилотда 84191 та бўш иш ўрни мавжуд экан. Унда нега ҳамон мавсумий, вақтинчалик меҳнат бозорида аёллар кўп? Бунга сабаб бўш иш ўринларида маошнинг жуда камлиги эмасми?
“Мардикор бозори”да нафақат эркаклар, балки аёлларнинг ҳам тирикчилик қилаётгани нима учун мутасадди ташкилотларни ташвишлантирмайди? Президентимизнинг юқорида келтирилган фармони талаблари жойларда тўлиқ амалга оширилса, бу муаммонинг ечими топилган бўлар эди.
Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА