Айбдор ўқитувчими?
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар, телевидение, матбуот саҳифаларини кузатсангиз, гўё ўқувчи жабрдийдаю ўқитувчи унга зулм қилувчи золимдек таассуротга эга бўласиз. Айниқса, ижтимоий тармоқдаги гуруҳларда ҳар куни мактаб ва ўқитувчилар мавзуси муҳокама этилади. Ўқитувчилар номига аччиқ танқидлар ёғилади.
Шундай кезда ўзимнинг ўқувчилик давримни эслайман. Устозимизнинг кўзига тик қарамасдик. Ёки арзимас бир даккиси учун ота-онамизни, тоғамизни чақириб келмасдик. Баъзи эркак ўқитувчилардан ўғил бола синфдошларимиз қаттиқ ҳайиқарди. Эркак устозларимиз синфдош йигитлар билан кўпинча тарбия масаласида холи гаплашарди. Аммо бирор синфдошим уйига арз қилиб бориб, ўқитувчининг “шармандасини чиқариш”га уринмасди. Бугун-чи? Ўқувчи қизлар бемалол эркак ўқитувчига гап қайтаради.
Бугунги кун ўқитувчисининг ҳолатини педагог бўлиб фаолият юритаётган инсондан бошқа ҳеч ким тўлиқ англаб етолмайди. Ҳафталаб дарсга келмайдиган ўқувчининг давомати ота-онадан кўра ўқитувчини кўпроқ ташвишга солади. Кечқурун бобоси билан кўчага чиққан бола бахтсиз ҳодисага учраса ҳам ўқитувчи жавоб беради. “Сен йўл ҳаракати қоидаларини яхши ўргатмагансан!” деган маломатга қолади. Ижтимоий тармоқларда ҳам бирор ўқувчининг камчилиги ҳақида айтилса, қайси мактабданлигини қистириб ўтиш одатга айланди. Шу тўғрими? Мактабдан чиққан битта безори бола ҳамма ўқувчининг тарбиясини ўзида акс эттирмайди-ку!
Кўп йиллик фаолиятим давомида яхшига “сен ёмонсан”, деганда, ёмонга айланганини, ёмонга “яхшисан”, деганда ижобий томонга ўзгара бошлаганини кузатганман. Бир соатгина фарзанди билан дарс қилишга сабри етмайдиган ота-оналар, ҳадеб ўқитувчидан камчилик топиб, уни “ёмон”га чиқарсангиз, устозлар ҳам “бўрининг оғзи еса ҳам, емаса ҳам қон” қабилида иш тутишга жазм этмасинлар. Фарзандингизга таълим бераётган устознинг қанчалик касбига меҳр қўйиши, ўз вазифасини виждонан бажариши халқнинг ишончига ҳам боғлиқ.
Шарифа СУЛТОНОВА,
Яккабоғ туманидаги 14-мактаб ўқитувчиси