Матбуот савияни оширишга хизмат қилсин!
Мактабда ўқиб юрган кезларимиз бирор сўзнинг қандай ёзилиши, тиниш белгиларининг қай ўринда қай тарзда қўлланилишига доир баҳс чиққудек бўлса, устозларимиз дарҳол матбуот нашрларини кўриш кераклигини таъкидлар, ўзимиз ҳам газета титкилаб, кўплаб сўзларнинг тўғри ёзилишини ўрганардик. Не-не зукко муаллимларимизнинг газета-журналларни саводхонлик манбаси сифатида тавсия этиши болалик шууримизда босма нашрларга ҳурматни шакллантирди. Бироқ кейинги йилларда айрим нашрларни варақлаб, улар муаллим ва ўқувчиларга ёрдам бериш ўрнига уларни чалғитаётганига гувоҳ бўляпмиз. Қуйидаги фикрларимиз шу хусусида.
Шўро даври матбуоти ҳам маъмурий ва кучишлатар идоралар сингари асосан давлат, ҳукумат манфаатларига хизмат қилар, халқнинг маънавий эҳтиёжлари билан номигагина қизиқарди, холос. У замонлар газета-журналларида “Бош муҳаррир” тугул “муҳаррир” атамасини келтиришга ҳеч бир мардумнинг юраги дов бермас, тўғрироғи, бундай қилиш бировнинг хаёлига ҳам келмасди. Қўл остида элликка яқин ижодкору техник ходими бўлган валломат ҳам шунчаки “редактор” дейилар, ҳатто шугина атаманинг тўғрисида исм-фамилияси турадиган инсон ҳам имзосини киши билмас, камтаргина қилиб кўздан панароқ жойга қўярди. Жавобгарликдан қўрқиш ҳисси шу қадар эди. Албатта, бу тарзда юрак ҳовучлаб яшаш, айниқса, ижодий жамоа раҳбари учун маънавий-руҳий тутқунликдан бошқа нарса эмас. Яқин ўтмишдаги авторитарми, тоталитар тузумни эслашдан мурод, бир томондан, бугунимизнинг қадрини ҳис этмоқ, эмин муҳит шукронасини келтирмоқ бўлса, иккинчи томондан, бир ёмоннинг бир яхшисини ҳам эътироф этмоқдир. Фаолияти сиқиқ муҳитда кечган бўлса-да, аввалги “редактор”лар ҳозирги айрим “Бош муҳаррирлар”дан анча масъулиятли, тағин ҳам очиқроқ айтадиган бўлсак, анча камтар ва саводли эди.
Марказий нашрларни қўя турайлик, ўзидан бошқа икки нафар ходими ё бор, ё йўқ, имловий, жумлавий хатолари ғужғон бўлган газетаси ойда-йилда бир-икки чиқиб-чиқмайдиган, ҳатто юридик манзилининг тайини йўқ жаноблар ҳам уят-андишани йиғиштириб, ўзларини бемалол, баралла “Бош муҳаррир” деб эълон қилиб юборишган. Ахир, уруш даврида аскар боболаримиз ўқ ёмғири остида окопларда қоғозни тиззаларига қўйиб, шоша-пиша битган номалари ҳам бунчалар бадхат чиқмаган-да.
Очиғи, аввалги одамлар саводсизлик тугул, ҳуснихатининг беўхшовлигидан-да уялган. Бироқ мамлакатимиз пойтахтида ва турли ҳудудларида чоп этилаётган, минглаб обуначиларига эга газеталар тахламини кўздан кечириб, ўша нашр соҳиблари ўрнига ҳам уятдан бизнинг этимиз жимирлаб кетди. Яна денг, камтарлик кўчасига яқинлашишни истамаётган бу жанобларнинг ўз обуначиларига “Бизни танласангиз, хато қилмайсиз”, “Йил давомида сара асарлар ўқиш имкони фақат бизда бор!” дея баландпарвоз ваъдалар беришига нима дейсиз? Мактаб кўрмаган ҳам гаврон билан чўпнинг фарқига боради, бироқ “Одамларга зиё улашаман”, деб кўксига ураётган бу жаноблар тире билан дефисни қаерларда қўллашни билмайди. Саводхонликнинг мана шу оддийгина қоидасини ўрта мактабнинг бошланғич синфидаёқ ўрганиб, ўзлаштириши шарт бўлган айрим жаноблар бугун шунчаки муҳаррирмас, “бош муҳаррирман”, деб даъво қилмоқда. Бу хатолар, бир-икки марта бехосдан содир этилсаю матн ичида кўз илғамас жойларда ўтиб кетган бўлса, биз ҳам кўз юмган бўлардик. Аммо мисол келтираётган нашрларимизда саводсизлик узлуксиз жараёнга айланиб бормоқда. Ташқи муқовадаги анонсларда, сарлавҳалару рукнларда хунукдан хунук хатолар манглайдаги сўгалдек осилиб турса, боз устига, бундай саводсизликни жаноб бош муҳаррирлару ўрта ва кичик муҳаррирлар бошлари узра яловдек кўтариб олган бўлсалар, гўё минглаб ўқувчиларни менсимагандай ҳар сонда такрорлаб турсалар, қандай тушунмоқ ва баҳоламоқ керак?
Яқин вақтларгача мунтазам бюрократ тўраларнинг дидига мос материаллар бериб борадиган ёки бир зайл қишлоқ хўжалигини ёритадиган зерикарли газета-журналлар кенг жамоатчиликни матбуотдан бир қадар бездириб ҳам қўйганди. Истиқлол насимлари билан бирга адабиёт, санъат, маънавият соҳаларини кенг ёритадиган нашрларнинг дунёга келиши ва кўпаяётгани барчамизни қувонтирмоқда. Масалан, “Адабиёт” номли газетани дунёга келтиргани учун “Ma’rifat va adabiyot” масъулияти чекланган жамияти раҳбарига раҳмат айтмоқ жоиз. Бу жуда катта ютуқ, аммо бу ютуқнинг бир эмас, бир нечта лекини ҳам бор. Бир “лекин”и шуки, элга маърифат, зиё улашаман деган марди майдонлар ана шу майдонга муносиб бўлмоғи керак. Зеро, бир пайтлар ёзган матнларимизнинг бехато эканига ишонч ҳосил этмоқ учун сўзларни газеталарнинг матнлари билан солиштирардик. Бугунги кунда ўзларига бино қўйган айрим бош муҳаррирларнинг беписандлиги боис, газеталаримиздан бошланғич синф ўқувчилари бемалол хато топадиган уятли ҳолга келиб қолдик. Аввало, таҳририят баъзи матн¬ларни нима учун ўта кичик ўлчамдаги шрифтларда чоп этаётганига тушунмадик. Матн қора ҳарфларда бўлса, нега саҳифа ҳам ёппасига қора рангда бўлиши керак? Айниқса, “Китобхон болажон” рукнида берилган “Шеър ва қуён” ҳикоясини кўзойнакда ҳам базўр ўқиш мумкин (25 сентябрь 2017 йил № 2(02). 30-31-бетлар). Сўнгги саҳифа тагида келтирилган таништирувда эса қалин қора ва ёруғ ҳарфларда алоҳида ёзилиши шарт бўлган ёзувлар аралашиб кетган. Жумла тузишда ғализликлар кўп. “Бугунги сонда газета саҳифаларида” деган жумла қисқа қилиб: “Ушбу сонда” ёки “Газетамизнинг ушбу сонида” шаклида берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Газетанинг 1-бетида келтирилган анонслару мухлислар изҳорида ҳам бошланғич саводи чала одамга хос “Мах(ҳ)шаргача уйғоқ буюк Алишер...”, “Газета сотиш ша(о)ҳ(х)обчаси...”, “Қато(а)ғон йили”, “Х(Ҳ)урматли “Адабиёт” ижодкорлари!” каби хатоликларга кўзимиз тушади. Ушбу хатолар ички саҳифаларнинг матнларида кетган тақдирда ҳам уятли ҳолат бўлар эди. Башарти, 1-бетда, сарлавҳаю рукнларда мунтазам равишда такрорланиб турса, демак, таҳрир ҳайъати газетачиликни шунчаки эрмак билиб, ўқувчиларининг маънавий эҳтиёжларига беписанд қарамоқда. Бошқаларни авом санаб, каллага келган фикрни ҳеч иккиланмай халқ мақоллари дея эълон қилиб юборавериш ҳам зиёли кишига хос эмас. “Она ернинг тупроғи — (?)она сутидан азиз” эмиш. Бу гап қайси “донишманд”нинг калласига келди экан? Уйқашу қофиядош сўзларни мақол деб тўқиб, боз устига, сархушликда турфа чучмал фикрларни халқ номига тўнкаб юборавериш инсофданми? “Ватаннинг вайронаси — умрнинг ғамхонаси”, “Ватаннинг вайронаси – умрнинг ҳайронаси” эмиш. Булар қайсидир ишончли манбадан олинганми ё ўйламай айтилганми? Кўпсонли ўқувчилар хоҳишига кўрами ё бош¬қа сабаб, таҳририят ёзувчи Назар Эшонқул билан тез-тез суҳбат уюштиришни йўлга қўйган. Бироқ қош қўяман деб кўз чиқаришдан ҳам эҳтиёт бўлиш фойдадан холи эмас.
“ — Менга сизни бугунги ўзбек адабиётининг энг истеъдодли вакили деб таништиришди. Ўзингиз ҳақида маълумот берсангиз...”.
“Адабиёт инсон қалби учун курашдир” Назар Эшонқул ва Жанубий Кореянинг Донгдук университети профессори Ин Гён Оҳ суҳбати” (“Адабиёт” газетаси 2017 йил, 21 октябрь № 3(03).
Камтаринликни бошига тож қилиб киймоқни бобомерос қадрият билгувчи ўттиз уч миллион аҳолиси бор буюк халқ орасидан кимгадир “Энг истеъдодли...” деб баҳо беришда озгина мулоҳаза қилайлик. Камтарликдан шу пайтгача ҳеч ким очдан ўлган ё бевақт қазо қилган эмас, муҳтарам ҳамкасблар! Бу ерда икки ҳамсуҳбатдан ҳам кўра, таҳририятнинг айби аниқ кўзга ташланмоқда. Донгдук университети профессорининг исм-фамилияси газетанинг 1-бетидаги анонсда ана шу шаклда, 5-, 6- ва 7-бетларда берилган йирик суҳбат охирида эса Ин Гён О(х) тарзида берилмоқда. Аслида эса, “Инчёнг О” бўлиши керак! Охиригача диққат билан санамадигу, битта мана шу суҳбат-интервью матнида бўғин кўчиришу жумлавий нуқсонлардан ҳам ташқари, кўзга ташланган орфографик хатоларнинг ўзи йигирма бешдан ортиқ экан.
Ҳатто бир мақоланинг аҳамиятини кучайтириш мақсадида келтирилган атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон — Ватаним маним” шеъри ҳам мазмунга путур етадиган даражада жиддий хатолар билан берилмоқда:
Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро
Жаҳонгири кам бўлар асли(рости)...
Бизни қувонтирган ҳолат юқорида тилга олганимиз — “Ma’rifat va adabiyot” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти номи ва йўналиши деярли бир хил бўлган иккита нашрга (“Адабиёт” ва “Адабиёт газетаси”) муассис бўлиб турибди. Савоб ишга бел боғлагани учун муассисга минг бора ташаккур. Бироқ ҳар икки газета ҳам ўз жамоаси таркибига она тилимиз қоидаларини чуқур биладиган ва эълон қилинаётган бадиий асарлару мақолаларни мазмунан бойитиб таҳрир қила оладиган мутахассисларни киритмоғи лозим. Фикримизча, иккала газета ҳам номига монанд саҳифаларида жаҳон ва миллий адабиётимизнинг сара намуналари, шу соҳа янгиликлари ва ўткир, долзарб маънавий-маърифий, илмий, бадиий-публицистик мақолалар бериб бориши лозим. Эҳтимол, унинг зиммасида биз билмаган бошқа вазифалар ҳам бордир.
Юқорида “Адабиёт” газетасининг атиги икки сонидаги имловий ва услубий хатоларга тўхталиб ўтдик. Мана шундай таҳлилни “Адабиёт газетаси” мисолида ҳам батафсил келтирадиган бўлсак, мазкур мақоламиз кўламига сиғмай қолиши мумкин. Мухтасар қилиб, баъзи эътирозларимизни келтириб ўтамиз, холос.
Қўлимизда “Адабиёт газетаси”нинг 2018 йил 5 март сони. Газета ўзининг асосий йўналиши бир ёқда қолиб, суғориш, ирригация тизими муаммолари устида тадқиқотлар олиб бораётган ўзбекистонлик ва тожикистонлик икки таниқли олимнинг шу соҳада икки давлат ўртасида айрим келишмовчиликларга барҳам бериши мумкин бўлган таклиф-ғоясини уч саҳифада ўзбек ва рус тилларида эълон қилган.Савол туғилади: “Адабиёт газетаси” бу қишлоқ ё сув хўжалиги вазирликларининг нашри бўлмаса, таҳририятни ўзига алоқаси бўлмаган мавзуларда, тағин денг, икки-уч саҳифада элликдан зиёд турли хатолар билан мақола беришга қандай зарурат ундади экан?
Эҳтимол, бир-бирига қондош ва жондош икки эл дўстлигини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадми? Жуда соз, бундай савоб ишга ўз йўналиши билан ёндашиш ҳам мумкин-ку! Халқаро миқёсдаги глобал муаммолар ечимига аралашишдан аввал таҳрир ҳайъати ҳамжиҳат бўлиб “Бўғин қандай кўчирилади?”, “Тире ва дефис қандай ҳолатларда қўлланилади?”, “Худо хох(ҳ)ласа...” деган иборанинг қаерида “х”, қаерида “ҳ” қўйилади?” каби саволларнинг ечимини излагани яхши эмасми? Негаки, ҳамкасбларимиз эълон қилинаётган катта-кичик асарлардаги диалогларда тирени деярли ишлатмаяптилар. Ким билсин, балки, онгли равишда воз кечиб юборгандирлар.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоси