Халқ идорада эмас, масъуллар халқ орасида
Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли ўзгаришларга сабаб бўлди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий раҳбарлари бошчилигидаги секторлар фаолияти ўз самарасини бераётир.
Туман(шаҳар)лардаги ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳам халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этмоқда. Жумладан, Чортоқ туманида ҳам фуқаролар мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларга қонуний чора кўришга жиддий эътибор берилмоқда. Туман халқ таълими бўлими раҳбарияти ҳам мурожаатларни белгиланган талаб ва меъёрлар доирасида кўриб чиқмоқда.
— Йил бошидан буён фуқаролар ва юридик шахслардан 70 га яқин ёзма ва оғзаки мурожаат олдик, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Шоҳиста Турғунова. — Тегишли муаммоларни мутахассислар ва давлат идоралари ҳамкорлигида имкон қадар қисқа фурсатда кўриб чиқиш, ечимини топиш тизими йўлга қўйилди. Бўлим қошида виртуал қабулхона ишлаб турибди. Бундан ташқари халқ таълими бўлими мудири сифатида жойларда сайёр қабуллар ўтказяпман. Бу тадбирнинг иш режаси ва жадвали ишлаб чиқилган. Ҳозиргача Чортоқ шаҳри, Қорабоғ ва Короскон қишлоқларида яшайдиган таълим тизими ходимлари ва фуқаролар иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди. Фуқаролардан тушган 24 та мурожаат ўша жойнинг ўзида кўриб чиқилиб, 16 таси ижобий ҳал этилди. Мурожаатларнинг баъзиларини ҳал этиш учун қўшимча вақт ва бошқа давлат идораларининг ҳам иштироки зарурлиги назарда тутилиб, қонун доирасида тегишли жавоб берилди.Мухтасар Эргашева Чортоқ шаҳрининг «Ойқирон» маҳалласида истиқомат қилади. У 2015 йилда Наманган давлат университетини биология йўналиши бўйича битирган. Бироқ ёш мутахассис икки йилдан буён иш тополмай юрган эди. Туман халқ таълими бўлими мудирининг сайёр қабули ҳақида эшитгач, унга мурожаат қилди.
— Ёш ўқитувчи учун иш топиш ҳамма ерда ҳам жуда ўткир масала эканлигини билардим. Шунинг учун ижобий жавоб оламан, деб ўйламагандим. Август ойида шу ҳудуддаги таълим муассасаларидан бирига ишга жойлашадиган бўлдим, — дейди Мухтасар.
У каби яна 10 нафар ёш мутахассис иш билан таъминланди.
Чортоқда фарзанди хорижий тилларни ўрганишини, айниқса, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабда ўқитишни хоҳловчи ота-оналар кўпчиликни ташкил этади. Ҳозир тумандаги таълим рус тилида олиб бориладиган ягона 40-мактаб бу эҳтиёжни қондира олмаяпти. Қорабоғ қишлоғида яшовчи Раҳимжон Абдуллаев ўз мурожаатида ота-оналар номидан шу муаммони ҳал этиш, туманда таълим рус тилида олиб бориладиган яна бир мактаб ташкил этишни сўраган эди.
— Мазкур мурожаат ҳам назоратга олинди ва муаммони ечиш учун маълум вақт, тегишли идораларнинг иштироки зарурлиги тушунтирилди, — деди туман ХТБ мудири. — Биз туман ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ва бошқа алоқадор идоралар иштирокида мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўряпмиз. Қорабоғ ҳудудида фаолияти тўхтатилаётган коллеж биносида шундай мактаб ташкил этиш ҳаракатидамиз.
— 6,5 ёшли фарзандимни 6-мактабнинг 1-синфига қабул қилишларини сўраб борсам, «Қабул жараёни тугади», дея рад жавобини беришди, — дейди Турғунпўлат Солиев. — Маҳалламизда туман халқ таълими бўлими мудири сайёр қабул ўтказишидан хабар топгач, унда иштирок этдим. Қабул пайтида мактаб маъмурияти нотўғри жавоб бергани, фарзандим 1-синфга қабул қилинишини айтишди ва рўйхатга киритишди. Муаммо ҳал бўлди.
Одамларнинг дардига малҳам бўлиш, уларни муаммо ва қийинчиликлар исканжасидан халос этиш ҳар бир давлат идораси, ташкилот раҳбарининг долзарб ва эзгу вазифасига айланди.
Cамарқанд вилоятидаги аҳоли билан учрашувларда ҳам халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ҳаётий талаб биринчи ўринга қўйилмоқда. Аниқланган камчиликлар тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Масалан, Оқдарё туманидаги 1-мактабнинг спорт майдончаси ва ҳовлиси ўралмаган эди. Муассаса атрофини ўраш учун маҳаллий ҳокимият томонидан 50 миллион сўм ажратилди. 5-, 21-, 31-, 51-мактабларни таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.
— Секторлар билан ҳамкорликда ўқув йилининг 3-, 4-чорагида маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирокида ўқувчилар билан учрашувлар ўтказилди, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Моҳира Худойқулова. — Жараёнда ўқувчилар давоматини яхшилашга эришдик. Мунтазам дарс қолдирувчиларнинг оиласи билан яқиндан мулоқот ўрнатилди. Бундан ташқари, секторлар фаолиятида аҳолининг ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва иш ўрни яратиш бўйича мурожаати ўрганилди. Балоғат ёшидаги қизлар ўз қизиқиши бўйича касбий таълимга йўналтирилди. Сайёр қабул пайтида мактаблардаги физика, кимё, биология лаборатория хоналаридаги айрим носозликлар бўйича шикоят тушганди. Бу масала ҳам ўрганилиб, ҳокимият томонидан 50 миллион сўм миқдорида маблағ берилди. Шундан сўнг 3-, 4-, 10-, 22-, 37-, 39-, 42-мактабларда лаборатория хонасидаги муаммолар ҳал этилди. 23- ва 18-мактабда сув қувури тизими созланди.
Қашқадарё вилоятида ҳам халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида сектор раҳбарлари сайёр қабуллар ташкил қилмоқда. Таълим тизимидаги муаммолар аниқланиб, тезкорлик билан бартараф этилмоқда. Ғузор тумани ҳокими Оллоёр Боймиров бошчилик қилаётган сектор ҳудудидаги 24 та мактабда 12221 нафар ўқувчига 781 нафар ўқитувчи сабоқ бермоқда. Ўқув муассасаларида олиб борилган ўрганишлар натижасида мактабларнинг иситиш тизимидаги камчиликлар бартараф этилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
— Туман ХТБ мониторинг бўлими томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, 1-3-секторларда ўқувчиларнинг ўзлаштиришидаги сифат кўрсаткичида ўсиш кузатилди, — дейди туман ХТБ мудири ўринбосари Бердиёр Бозоров. — Айниқса, ишчи гуруҳи томонидан ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу юқори малакали кадрларни мактабга жалб қилишда ижобий натижа беряпти.
Секторлар ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда тумандаги 14-, 32-, 53-мактабларнинг ўқув биноси капитал реконструкция ва таъмирга муҳтож экани, 4-, 12-мактабларнинг қозонхонасини алмаштириш ва таъмирлаш, 21-, 46-, 61-, 63-мактабларнинг ҳудудини ўраш, 20-, 32-, 53-мактабининг том қисми таъмирталаб ҳолатда экани қайд этилди. Мазкур муаммолар секторларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасига киритилди.
Мухбирларимиз