Президентимиз муаммолар ечимини кўрсатди
Йиғилишда Президентимиз бундан кейин педагоглар ўз фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилинмайди, жамиятда уларнинг нуфузини ошириш бўйича барча ишлар бажарилади, деганда кўзимдан ёш чиқиб кетди. Шу юртнинг фуқароси ва бир ўқитувчи сифатида қалбимда умид уйғонди. Ортиқча ишларга жалб қилишлар, текширувлар, ҳисобот ҳамда қоғозбозликдан юрагимиз зада бўлиб қолганди. Малакали кадрлар мактабни тарк этиб, таълим сифати тушиб бораётганди. Айниқса, ойлик маошининг камлиги сабаб эркак ўқитувчилар аллақачон бошқа ишларга ўтиб кетганди.
Агар биз бундай оқибатлар келажакда янада кўпайишини истамасак, албатта, болаларимизга билим бераётган устозларни қўллаб-қувватлашимиз, дарсда рўзғорнинг минг бир каму кўсти ҳақида эмас, ўқувчиларига характеридан келиб чиқиб, индивидуал ёндашиш борасида бош қотираётган устозлар сафини кенгайтириш йўлларини қидиришимиз керак.
Президентимиз энг замонавий услублар асосида дарсликлар яратиш, лаборатория хоналарини қайта жиҳозлашга ҳам алоҳида тўхталди. Тан олиш керак, аксарият мактабларнинг фан кабинетларида эски, аллақачон муддатини ўтаб бўлган ва ишдан чиққан асбоб-ускуналар турибди. Ўқитувчи лаборатория машғулоти ўтказиши учун бир моддани топса, иккинчисини тополмайди. Айрим дарсликлардаги хатоликлар, дарслик муаллифларининг монополияси, ҳаттоки, ўқитувчилар учун мўлжалланган қўлланмалардаги чалкаш маълумотлар педагог ва ўқувчини ҳам чалғитиб қўяётган эди. Эндиликда Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолатларнинг олдини олиш борасида тегишли чораларни кўради, деган умиддамиз.
Ўтган қисқа давр ичида педагогларнинг мажбурий меҳнатдан озод қилиниши, ижтимоий нуфузини кўтариш борасида кўрилаётган чоралар, шунингдек, ойлик маошларини ошириш ва моддий рағбатлантириш, дарсликларнинг янги авлодини яратиш, сифатли мактаблар қурилиши бўйича махсус инжиниринг компанияларини ташкил этиш каби муҳим таклифлар мактаб таълими ривожи учун жиддий қадамлар ташланаётганидан далолатдир.
Музаффар ИЛАШЕВ,
Яшнобод туманидаги 215-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари