Меҳнат муносабатлари муаммоларига бағишланди
— Мактаб атрофини кўкаламзорлаштириш ишларига ўқитувчи, ўқувчиларни жалб этиш мажбурий меҳнат ҳисобланадими?
— Белгиланган тартибга кўра, кўкаламзорлаштириладиган ҳудуд боғчаларда 1,5 гектар, мактабларда 2,5 гектар бўлсагина боғбон штати ажратилади. Аммо бундай катта ҳудудга эга бўлмаган муассасалар жуда кўп ва боғбон штатининг йўқлиги сабаб бу юмушларни ўқитувчилар бажараётгани қанчалик тўғри?
— Мактаб директори бир йил давомида 48 кунлик меҳнат таътилига чиқиши мумкин. Аммо нима учун академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи директорлари учун бу муддат 24 кун этиб белгиланган?
Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида “Таълим тизимида меҳнат муносабатлари муаммолари” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шу каби саволлар ўртага ташланди.
Давра суҳбатида сўз олганлар юртимизда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш кун тартибидаги долзарб масала эканини алоҳида таъкидлади.
— Касаба уюшмаси томонидан жойларда олиб борилаётган мониторинг натижаларига кўра, педагоглар, талаба ва ўқувчиларни ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига ва мажбурий меҳнатнинг бошқа турдаги кўринишларига жалб этиш камаймоқда. Аммо бутунлай барҳам топгани йўқ, — дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Лазокат Турикова. — Бунинг учун таълим тизимидаги барча ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, вазирликлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур. Жойларда педагоглар, ёшлар билан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларидан кўзланган мақсад ҳам шу.
Шунингдек, давра суҳбатида вазирликлар мутасаддилари, ҳуқуқшунослар, кадрлар бошқармаси бошлиқлари касаба уюшмаси фаоллари ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Шоҳиста ПИРИМОВА