“Супер контракт” шартлари қандай?
Савол: Тошкент архитектура-қурилиш институтига ўқишга киролмадим. “Супер контракт”да ўқиш ниятим бор. Бу борада янги лойиҳа ишлаб чиқилаётгани ҳақида эшитган эдим. Бирор янгилик ёки ўзгариш борми? Мен ҳозир кимга мурожаат қилишим керак? Агар белгиланган суммани тўласам, сентябрь ойидан ўқишим мумкинми?
Соҳиб ОБЛАЕВ, Яккабоғ тумани
Жавоб: Ҳозирча оширилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартибига ҳеч қандай ўзгариш киритилмади. Бу борада янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмади. Амалдаги тартибга кўра, сиз олий таълим муассасаси ректори номига ариза билан тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда мурожаат қилишингиз керак.
Олий таълим муассасалари қўшимча қабулни Давлат комиссияси қарори билан белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ тўплаган баллари энг юқори балнинг 30 фоизидан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 балгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширади.
Оширилган тўлов-контракт суммаси амалда ўрнатилган тўлов-контракт суммасига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланган:
тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир балгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
1,1 балдан 2 балгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
2,1 балдан 3 балгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
3,1 балдан 4 балгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.
Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартлари биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Кириш синовларида тўплаган натижалари максимал тўплаш мумкин бўлган балнинг 30 фоизидан кам бўлмаган, асосий квоталар доирасида ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга қабул қилинмай қолган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади ва ушбу абитуриент Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларини бажаргандан сўнг, олий таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Демак, сиз қабул чизиғига 4 балгача бўлган яқинликда бўлсангиз, балингизга кўра, ўрнатилган тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробаридан 3 баробаригача, ундан паст балл тўплаган бўлсангиз, 10 баробардан ортиқ тўлов тўлашингизга тўғри келади. Оширилган контракт суммаси бир марта тўланади. Кейинги ўқув йилидан ўрнатилган тўлов-контракт тўлови амалга оширилади.
Кириш синовларидаги энг юқори балнинг 30 фоизи масаласида яна бир тушунтириш бериб кетиш керак. Маълумки, ўтган йиллари бу кўрсаткич 68 бални ташкил этар эди, бу йил саволларнинг 36 тадан 30 тага туширилиши ҳисобига 68 балл кўрсаткичи ўзгариши мумкин.
Қўшимча қабул қилинган талабалар сентябрь ойида ўқишни бошламайди. Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилади. Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади. Абитуриент 20—30 октябрь кунлари ректор буйруғи билан ўқишга қабул қилинади. Демак, бу жараён 1 ноябрда якунига етади ва ўқишни ҳам шу муддатда бошлаш мумкин.
Яна бир нарсага эътибор қаратиш керак, оширилган контракт-тўлов пулини тўлашга имкониятингиз борлиги талаба бўлишингизни кафолатламайди. Қўшимча қабул қилинувчи талабалар сони олий таълим муассасаси имконияти(бинолар сиғими, моддий-техник база, профессор-ўқитувчилар таркиби)га кўра белгиланади. Агар олий таълим муассасасининг қўшимча талаба қабул қилиш имконияти кам бўлса ва қабул жараёнида ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларнинг кетма-кетлиги бузилмаслигини инобатга олсак, паст балл тўплаган абитуриентларнинг талаба бўлиш эҳтимоли камайиб боради.
Саволга Давлат тест маркази матбуот хизмати раҳбари Орзиқул БОБОЕВ жавоб берди.