Мактаб ярмаркаларига марҳамат!
Янги ўқув йилига саноқли кунлар қолди. 10 августдан юртимизнинг турли савдо мажмуалари ҳамда умумтаълим муассасаларида фаолият бошлаган мактаб ярмаркалари харидорлар билан гавжум.
Жараённи уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган. Мактаб бозорларидаги маҳсулотлар юртимизда белгиланган стандарт талабларига жавоб беради ҳамда уларнинг сифати маҳаллий ҳокимликлар томонидан назоратга олинган. Асосий эътибор — ота-оналарга қулайлик яратиш, ўқувчиларни юқори сифатли, ҳамёнбоп ўқув қуроллари ҳамда кийим-бош билан таъминлашга қаратилган.
Айни пайтда пойтахтимиздаги барча мактаб ярмаркалари намунали иш олиб бормоқда. Харидорлар расталарда ўқувчи дафтари, умумий дафтар, кундалик дафтар, расм дафтари, ручка, портфель, чизғич, циркуль, акварель бўёғи, рангли қалам, фломастер, ватман, ўчирғич, пластилин, елим, рангли қоғоз, қаламйўнғич, қаламдон, нота дафтари, идора дафтари, тушь, оддий ва рангли бўр, бархат қоғоз, ўғил ва қиз болалар учун пойабзаллар, спорт либосларини муаммосиз топади.
Мактаб ярмаркалари вилоятларда ҳам фаолият олиб бормоқда. Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлимининг дарсликлар бўйича мутахассиси Қосимжон Баҳовуддинов бу ҳақда шундай дейди:
— Вилоятдаги 84 та умумий ўрта таълим мактаби, 22 та туман(шаҳар)даги барча буюм, озиқ-овқат, деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли гавжум жойларда 50 номдаги ўқув қуролларини сотишга ихтисослаштирилган мактаб ярмаркалари халқимизга хизмат кўрсатмоқда. Сотувга қўйилган ўқув қуроллари, дарслик, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа турдаги зарур истеъмол товарларининг нархи туман ва шаҳар давлат солиқ инспекциялари томонидан назоратга олинган. Жумладан, 12 варақли дафтарлар сифатига қараб, 300 сўмдан 500 сўмгача сотилмоқда.
Бугун савдо расталарида муқоваси ўқувчи маънавиятига салбий таъсир қилувчи турли суратлар билан безатилган дафтарлар деярли учрамайди. Бундай маҳсулотларни сотувга чиқармаслик бўйича тадбиркорларга олдиндан тушунча берилган.
— Вилоятимиздаги барча туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Мактаб ярмаркалари”нинг дислокацияси ишлаб чиқилди, — дейди Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими методисти Иброҳим Эшмаматов. — 400 та умумтаълим мактаби учун 60 та мактабда мактаб ярмаркалари очилган. Жиззах шаҳридаги “Кўк бозор”, “Эски шаҳар” буюм бозори ҳамда туман(шаҳар) марказларидаги ярмаркаларда 26 турдаги ўқув қуроли, мактаб анжомлари, пойабзал савдоси ташкил этилган. Маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари маҳсулотларнинг аҳолига қулай нархларда етказилишини назоратга олган.
Мактаб бозорларининг фаолиятини барча ҳудудларда ҳам талаб даражасида деб бўлмайди. Масалан, Нишон туманидаги 7 та мактаб ярмаркаси 29 298 нафар ўқувчига хизмат кўрсатиши керак. Афсуски, бу расталар улар талабини тўлиқ таъминлай ололмаяпти. Жумладан, 20-мактабда фаолият олиб бораётган ярмарка 28-, 16-, 17-, 30-, 35-, 38-мактабларнинг 6000 нафардан зиёд ўқувчисини зарур ўқув қуроллари билан таъминлаши лозим. Лекин сотувда ўқув қуролларининг тўлиқ эмаслиги харидорларга қийинчилик туғдирмоқда.
Шўрчи ва Денов туманларидаги мактаб ярмаркаларида ўқув қуролларининг ўртача нархи белгилаб берилган. Жумладан, қиз болалар учун пойабзаллар 45 000 дан 70 000 сўмгача, ўғил болалар пойабзаллари 45 000 дан 90 000 сўмгача ҳамда болалар спорт кийимлари 55 000 дан 150 000 сўмгача сотилмоқда.
— Хоразм вилоятидаги 59 та умумтаълим муассасасида мактаб ярмаркалари ташкил этилди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими методисти Қаҳрамон Отажонов. — Мазкур ярмаркалар 452 та умумтаълим мактабидаги 246 382 нафар ўқувчига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Урганч, Чолиш, Боғот, Гурлан, Ҳазорасп, Хонқа, Хива, Янгиариқ, Янгибозор, Шовот ҳамда Қўшкўпир деҳқон бозорларида ҳам ярмаркалар фаолият олиб бормоқда. Сотувга қўйилган ўқув қуролларининг барчаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Харидорлар маҳсулотларни ҳеч бир эътирозсиз харид қилмоқда.
Гулюз ОРИФЖОНОВА