Ягона мактаб формасини кредитга олса бўлади
Дунёнинг аксарият мамлакатларида ўқувчиларнинг ягона мактаб формаси жорий этилган. Мисол учун, Қозоғистонда мактаб формаси 2003 йилдан босқичма-босқич татбиқ этилган. Қирғизистонда ўқувчилар либосининг умумий талаблари 2015 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган. Юртимизда мактаб формаси лойиҳасини яратишда мутахассислар хорижий тажрибаларни ўрганди. Энг асосий фикр, ғоя ва таклифлар маҳаллий, миллий шароитни ҳисобга олган ҳолда, педагоглар, ўқувчиларнинг ота-оналари, либос усталаридан олинди. Ниҳоят мактаб формаси учун тўқ кўк ранг асос қилиб олинди ва у бошланғич ҳамда юқори синф ўқувчиларига алоҳида-алоҳида татбиқ этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси каби тегишли ташкилотларга мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария-гигиена меъёрларига мувофиқ сифатли тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган. Бу эса фарзандларимизнинг турли сифатсиз матолардан тайёрланган либос кийишининг олдини олиб, саломатлигини муҳофаза қилади.
Ота-оналарда мактаб формасини қаердан олиш, нархи борасида саволлар кўп. Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, мактаб формасининг нархи ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан маҳсулот тайёр ҳолга келгач, бозор иқтисодиёти механизмлари, ижтимоий оммабопликни инобатга олган ҳолда белгиланади. Тайёр мактаб формаси республикамизнинг барча туман марказларида маҳаллий ҳокимлик органлари ва корхоналар томонидан ташкил этилган махсус расталарда эркин савдога чиқарилади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини уларнинг технологик имконияти ва ҳудудий жойлашувини (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида) инобатга олган ҳолда шакллантиради.
— 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига ягона мактаб формасида келиши ихтиёрий, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийдир. Ота-оналар ва ўқувчиларга кенг таништириш мақсадида мактаб формасининг намунавий кўриниши акс эттирилган баннер ҳар бир таълим муассасасининг кириш қисми(фойе)га илиб қўйилади, — дейди Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати мутахассиси Шавкат Хўжақулов. — Қарорда мактаб формасини харид қилишнинг барчага, жумладан, кам таъминланган ёки кўп фарзандли оилаларга қулай бўлишини таъминлаш мақсадида тижорат банкларига аҳолининг мактаб формаларини харид қилиш учун қисқа муддатли истеъмол кредитлари ажратилиши ҳам белгиланган. Шу турдаги кредит билан қизиққан ота-оналар тижорат банкларининг ҳудудий шохобчасига мурожаат қилиши мумкин.