«Яхшиям, ўқитувчи экансан, онаси!»
Ўттиз йилдан бери ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераман. Кечалари мижжа қоқмай, ўқувчилар дафтарию ижодий ишларини текшириб, тунни тонгга улаган кезларим кўп бўлган.
Рўзғор бутлаш, кам-кўстини тўлдириш асносида кўплар қатори янги уй, машина сотиб олишни кўпдан буён орзулаб юрардик. Нолимайман, аммо уззукун ишласам ҳам, маошим харажатлардан ортмасди. Шу алфозда беш ўғил-қизни тарбиялаб, улғайтирдик. Болаларимиз институтда кетма-кет тўлов-шартнома асосида ўқиди. Боз устига, яқинда келин тушириб, тураржойимиз тор келиб қолганди.
Шундай вазиятда Президентимизнинг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини матбуотда ўқиб, суюниб кетдим. Турмуш ўртоғимнинг «Яхшиям, ўқитувчи экансан, онаси!» деган алқовидан беихтиёр ғурурга тўлдим. Боиси, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоизлик имтиёзли ипотека кредити асосида бериш қайд этилган.
Шунингдек, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида педагог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолияти учун 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 7 фоиз ставка миқдорида кредитлар бериш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. 30 сотихдан зиёдроқ томорқамиз бор. Бўш вақтимизда ўғил-қизларим билан шу ерга экин экиб, ҳосилидан даромад оламиз. Энди иккала ўғлим томорқамизда сабзавот ва полиз экинлари учун қўшимча иссиқхона ташкил этиш ниятида. Муаллимларнинг оила аъзоларига бериладиган имконият — имтиёзли кредит уларга айни муддао бўлди.
Муаллимнинг меҳнати шогирдларининг муваффақиятида яққол акс этади. Шукрки, кўп йиллардан буён ўқувчиларим “Инглиз тили билимдонлари” кўрик-танлови, фан олимпиадаси, билимлар беллашувининг республика босқичида инглиз тили фанидан мунтазам юқори натижаларга эришмоқда. Чинакам мураббий маърифат улашаётган илми толибларидан ҳеч қачон шахсий ёки моддий манфаат кўзламайди. Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш, таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқарув органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тизими кўзда тутилгани машаққатли меҳнатимиз қадр топаётганининг исботи бўлди. Буёғига давлатимизнинг ана шундай юксак эътибор ва рағбатига муносиб бўлиш, астойдил меҳнат қилиб, халқимизнинг ишончини оқлаш қолди, холос.
Назокат МУҲАММАДИЕВА,
Дўстлик туманидаги 6-мактаб ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими