Байрамга муносиб совға
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик тантанаси арафасида пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган 199-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб янги қиёфага кирди. Таълим муассасасининг аввалги ҳолати ўтмишга айланиб, у таниб бўлмас даражага келтирилди.
Мактаб жойлашган кўчага бурилибоқ ўзгаришни пайқайсиз. Бундан атиги уч ой олдин ўнқир-чўнқир, лой ва тупроқли бўлган тошкўча ойнадек ялтираб турибди. Муассаса дарвозасидан кирибоқ кўзингиз ям-яшил ўтлоқда “сайр” қилиб юрган тинчлик рамзи — лайлакларга тушади. Ландшафт дизайнининг гўзал намунасини томоша қилар экансиз, ранг-баранг гулзор, салобатли арчалар, йўлакда гуркираб ўсаётган райҳонлар сизга ҳақиқий байрамона кайфият улашади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг май ойида шаҳар прокурори ва Учтепа тумани прокурори мактабда бўлганди. Таълим даргоҳи ачинарли ҳолатда эди. Ташриф жараёнида мактабнинг умумий ҳолати, шарт-шароити ўрганилиб, Тошкент шаҳар ва Учтепа тумани прокуратураси ташаббуси билан қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режаси тузилди, бунга тадбиркорлар жалб қилинди. Бу саъй-ҳаракат замирида мактабга ҳамма хизмат қилиши керак, деган эзгу ният ётибди.
Ташаббус туфайли мактаб янги қиёфа касб этди. Тадбиркорлар ҳомийлиги билан йўлак ва ҳовлининг 800 квадрат метр¬лик майдонига брюсчатка ётқизилди. 1200 квадрат метр жой асфальтланди. Ошхона тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 70 ўринга мўлжалланган янги стол-стул билан жиҳозланди. Иккита музлаткич келтирилди. Ошхона канализация тармоқлари янгиланди.
Қишки спорт залининг синган ойналари алмаштирилиб, ромлар тўр билан тўсилди. Янги спорт анжомлари ва 4 миллион 500 минг сўмлик турли ўйинчоқлар жисмоний тарбия машғулотларини самарали ўтказишга хизмат қилади. Кийиниш ва ювиниш хоналарига кафель ўрнатилиб, янги жиҳозлар келтирилди. Ёзги спорт майдончаси эса мактаб ҳовлисига кўрк бағишлаб турибди. Ям-яшил, атрофи тўр билан тўсилган майдонча гўёки “тўполончи”ларни интизорлик билан кутаётгандек.
120 ўринга мўлжалланган фаоллар залига болалар учун қулай ўриндиқлар келтирилди. Аввалги стуллар ногирон боланинг ҳаракатланиши учун қийинчилик туғдирарди. Энди бу ерда байрам тадбирларини кенг доирада нишонлаш мумкин.
Мактабда 248 нафар ўқувчи таҳсил олади, уларга 70 нафар педагог сабоқ беради. 53 нафар болага уйда таълим берилади. Уларга ҳам ҳомийлар ўқув қуроллари, доска, ногиронлар аравачасини совға қилишди.
— Мактабимиз 1967 йилдан бери бирор маротаба капитал таъмирланмаган, — дейди директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нилуфар Саидазимова. — 2010 йилда ҳомийлар пластик дераза ромларини ўрнатиб кетган эди. Бу йил бизга туҳфа қилинаётган янги жиҳозларни кўриб, бошимиз кўкка етди.
Болалар дарс оралиғида сайрга чиқиши ва ўйнаши керак. Мактабнинг янги ўйин майдончасида ўқувчиларга ана шу имконият яратилди. Кўм-кўк ўтлоқ, ранг-баранг турниклар, аттракционлар ҳар бир болада ҳавас, иштиёқ уйғотади. Жисмоний даволаш ва гимнас¬тика хонаси, юмшоқ ўйинчоқ, коррекцион машқларга мўл¬жалланган турли геометрик шакллар, коптокчалар, оёқдаги асаб толаларини ривожлантирувчи уқалаш гиламчаси тарбияланувчиларни реабилитация қилишга ёрдамлашади.
— Фарзандим Умрон Тўраев 7-синфда ўқийди, — дейди Муҳаббат Сирожова. — Унга якка тартибда таълим берилмоқда. Байрам тадбирларига уни ҳам таклиф қилишар, аммо бора олмасди. Ҳомийлар томонидан берилган янги аравача армонимизни ушалтирди. Ўғлимни бу аравачада тадбирга олиб боришим мумкин.
— Биз тарбияланувчига кўпроқ ҳунар ўргатамиз. Имконияти чекланган бўлса ҳам, пазандалик, тикиш-бичишга қўли келишадиган ўқувчиларимиз кўп. Эски тикув машинасида кийим тиккунча қийналган қизлар энди 6 дона замонавий тикув машинасида чеварлик сирларини ўрганишади, — дейди технология фани ўқитувчиси Саодат Тожиева.
Имконияти чекланган бола соғлом тенгдоши қатори барча ҳақ-ҳуқуқларга эга. Уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви учун қайғураётган масъул идораларга, тадбиркорларга минг раҳмат!
Райҳона ХЎЖАЕВА