Нотаниш синфдаги 45 ўқувчи
“Ma’rifat” газетасида эълон қилинган (2018 йил 23 май) “Синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги керак!” номли мақолани ўқиб, 45 ўқувчига дарс ўтиб, мураккабликларга дуч келганим ёдимга тушди.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида нотаниш синфда бир соатлик дарс ўтишга пухта тайёргарлик кўрдим. Ниҳоят кутилган кун келди. Не кўз билан кўрайки, синфда 45 ўқувчи ўтирарди. Шу пайтга қадар узоғи билан 30 нафаргача ўқувчига дарс бергандим. Ҳаяжон босди. Лекин ортга йўл йўқ. Синфга кузатувчилар кириб бўлган. Таваккал қилиб дарсни бошладим.
Янги педагогик технология, АКТдан яхши фойдаланганим учун ўқувчиларга мавзуни тушунтира олдим. Аммо дарс давомида барча ўқувчи билан ишлашга вақт етмади. Назоратчилар дарсни ижобий баҳолашса-да, нотаниш ўқувчиларнинг барига вақт ажратолмаганимдан ўзимни айбдор ҳисоблай бошладим. Уйга қайтганимда кўп йиллик педагогик тажрибага эга онам ҳолатимни дарров пайқади.
— Энг маҳоратли ўқитувчи ҳам 45 дақиқа давомида 45 нафар ўқувчи билан ишлай олмайди, — дея мени юпатди. — Мен 16 нафар ўқувчини ўқитган вақтларим ҳар бир болани дарс давомида икки мартадан доскага чиқариб, билимини синовдан ўтказардим. Ҳар дарс¬да ўқувчиларим билан индивидуал ишлашимни билган ўғил-қизлар дарсга тайёргарликсиз келмасди. Синфда меъёрдан ортиқ ўқувчи ўқиса, баъзилари ўқитувчи эътиборидан йироқ бўлади. Бўш ўзлаштирувчи кўпаяди.
Демак, синфдаги ўқувчилар сони қанчалик оз бўлса, таълим сифати шунча юқори бўлади.
Дилноза НОРМАТОВА, Юқоричирчиқ туманидаги 15-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси