Қадримга ачиндим
2018 йил 28 апрель куни “Ma’rifat” газетасида чоп этилган “Ўқитувчига эркинлик беринг! Ёхуд сертификатли муаллим керакми ёки малакали?” номли мақолани ўқиб, жуда таъсирландим. Таълим-тарбия мураккаб жараён. Ўқитувчи ўз касбини севмаса, бола шахсини ҳурмат қилмаса, ўз ўрнини тополмайди. Дарҳақиқат, мақолада илгари сурилган фикрларда жон бор. Охирги йилларда ўқитувчининг мисқоллаб терган обрўсига биргина тест барҳам бериб қўймоқда.
Мен ҳам бу йил аттестациядан ўтолмадим. Аввалига унчалик эътибор бермадим. Ўз устимда ишламаганимни (тестга тайёргарликни назарда тутяпман) тан олдим. Аммо мактабимиз раҳбарияти ўқув йили охирида иккинчи тоифали ўқитувчиларга “Тушунтириш хати” ёздириб, огоҳлантирди. Биласиз, ИДУМИларда фақат олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар ишлаши керак. Ҳар йили тоифаси бир поғона тушган ёки аттестациядан ўтолмаган ҳамкасбларим қаторидан жой олдим. Уларнинг ички кечинмаларини юракдан ҳис қилдим. Ихтисослаштирилган мактабнинг даражасига жавоб беролмаган ўқитувчининг ўрнини билимли, маҳоратли мутахассис эгаллаши тўғри. Аммо педагогнинг билим ва малакасини биргина тест белгилаётгани адолатдан эмас. Меҳнат фаолиятида яхши натижага эришган, ўқувчилар меҳрини қозонган ўқитувчи аттестациядан ўтолмаслиги унинг билимсизлигини билдирмайди.
Мактабимиз туманда, вилоятда ўз ўрнига эга. Шунинг учун ҳар йили туман, вилоят семинарларини ўтказиб борамиз. Ҳар бир семинарда “Очиқ дарс” ўтиб беришга ҳаракат қиламан. “Очиқ дарс”ларим кузатувчи ўқитувчилар ва раҳбарлар томонидан “намунали” деб топилган. 2013-2014 ўқув йилида ўқувчим Ҳулкарой Мирзаева билимлар беллашувининг республика босқичида 2-ўринни эгаллади. Дарсда ўқувчиларга бирор мавзуни тушунтиришдан, улар мендан ўрганаётганидан завқ оламан. Шу боис ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўраман. Ҳар куни дарс ўтаман, дарсдан сўнг иқтидорли ўқувчилар билан ишлайман. Марҳамат, Олтинкўл, Хўжаобод, Асака туманларидаги ҳамкасбларим билан фикр-мулоҳаза, тажриба алмашамиз. Уларнинг дарсларини, иқтидорли ўқувчилар билан қандай ишлаётганини жонли кузатаман. Бу йил ҳам ўқувчим фан олипиадасининг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллади. Афсуски аттестацияда бу эътиборга олинмайди...
Муҳаррамхон САТТОРОВА, Избоскан туманидаги 39-ИДУМИнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси