Айбдор ўқитувчими?
Ёзги таътил. 4-синф ўқувчиси ота-онасидан пул олиб, истироҳат боғига равона бўлар экан, йўлда тенгқурларини учратиб қолди. Савол-жавобдан бошланган суҳбат аввал тортишувга, кейин жанжалга айланди. Шериклар бараварига болага ташланмоқчи бўлишди. Уларга бас келолмаслигини англаган бола ўзини ҳимоя қилиш учун ердан тош олиб, жон-жаҳди билан рақибларига улоқтиради. Зўравонлардан бири инграб ерга ағанайди. Унинг боши қаттиқ жароҳатланган экан. Шукрки, шифохонада боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Сайёр суд жараёнида ҳодиса сабаблари муҳокама қилинди. Хўш, нега бу жиноят содир этилди? Бунга ким айбдор?
Мактаб раҳбарияти, синф раҳбарлари, ўқитувчилар, маҳалла фаолларининг боши эгик. Бола шу мактаб ўқувчиси, шу маҳаллада яшайди. Унинг айби учун ўзини жавобгар ҳис этган синф раҳбари кўз ёши тўкиб, қайта-қайта кечирим сўради. Афсуски, ота-она совуққон, жавобгарликдан эса тонди. Ажабо!
Аслида, ҳодисанинг ёзги таътилда содир этилганини инобатга оладиган бўлсак, ота-она ўзини айбдор ҳис этиши керак. Бола пул сўрадими, уни нимага сарфлашини, қаерга кетаётганини суриштириш ота-онанинг иши.
Болани тарбиялайдиган педагог-мураббийлар, муассасалар кўп. Аммо ота-она биринчи ўринда туришини унутмайлик!
Мунаввара РАҲМОНОВА, Когон шаҳар ХТБ шўъба раҳбари