Ахборот хизматлари давлат ва жамоатчилик ўртасида кўприк бўлсин
Бугун барча давлат ва жамоат ташкилотларида ахборот хизматлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг асосий вазифаси тизимдаги янгилик ва ислоҳотлардан кенг жамоатчиликни тезкор ва холис хабардор этишдан иборат.
Афсуски, аксарият вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари бу вазифани бажара олмаяпти. Оддий фуқаролар тугул журналистларнинг ҳам баъзи идоралардан зарур маълумотларни вақтида ололмаслиги, оддий ахборотни олиш учун ҳам қоғозбозлик талаб қилиниши, кунлаб кутишга тўғри келиши ахборот хизмати ва мутасаддиларнинг ўз идораси фаолиятини ёритишга эътиборсизлигидан далолат беради.
Ахборот хизматлари фаолиятини жонлантириш мақсадида шу йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорлик, очиқ мулоқот ва ахборот алмашувини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўз тажрибам мисолида айтадиган бўлсам, бир муддат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ахборот хизматида ишладим. Бу хизматнинг энг асосий муаммоси бюрократик тўсиқлардан холи эмаслигида эди. Кўп ҳолларда матбуот хизмати ходимлари асосий ишидан чалғиб кетади. Журналистлар бирон ахборот сўраб мурожаат қилса, вазирлик раҳбариятига расмий хат билан чиқиш шартлиги таъкидланарди. Топшириқ шундай эди. Йўқса, “Ўзбекистонда неч та олий таълим муассасаси бор?”, “Янги ўқув мавсумида олий таълим муассасаларига қанча талаба қабул қилинди?” каби оддий саволларга ҳам жавоб берилмасди. Оқибатда матбуот котиби сифатида мен учун вазирлик, олий таълим муассасалари раҳбарларининг ОАВда чиқишини ташкил қилиш у ёқда турсин, ҳатто улардан керакли ахборотни олиб, журналистларга бериш ҳам мураккаб кечган. “Юқори”дан топшириқ ёки розилик бўлмаса, вазир, ўринбосарлари, ректор, ҳатто проректор ҳам интервью бермас эди. Ваҳоланки, бажарилган ишлар, йирик лойиҳаларни ОАВ орқали халққа етказиш зарур.
Бир сафар Россиянинг нуфузли журнали ходимлари республикамиз олий таълим тизимидаги ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳақида вазир номидан мақола сўради. Материални тайёрлаш дастлаб вазир ўринбосарига, сўнг бошқарма бошлиғига, охири бўлим бошлиғига юкланди. Сансалорлик оқибатида охир-оқибат ҳеч қандай маълумот ҳам, мақола ҳам тайёрланмади.
Олий таълим муассасаларидан маълумот олиш доим муаммо бўлган. Чунки айрим ўқув юртларида ОАВ билан ишлаш учун маънавият ва маърифат бўлими масъул бўлса, бошқасида бу вазифани ахборот-ресурс маркази бажаради. Қисқаси, унисидан сўрасанг — бунга, бунисига мурожаат қилсанг — унга йўналтиради. Оқибатда, мухбир хабари учун сўраган оддий маълумотни салкам бир ҳафта деганда базўр оларди.
Президентимизнинг шу йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида эндиликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида қўшимча 2 та штат бирлигида ахборот хизмати ташкил этилади, олий таълим муассасаларида эса қўшимча 1 тадан штат бирлигида матбуот котиби лавозими жорий этиладиган бўлди.
Олий таълим тизими очиқлигини таъминлаш, уни либераллаштириш сари ташланган бундай ислоҳотлар тез орада самара беради, албатта. Энди вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари ҳам айни даврга мос равишда ўзларига берилган вазифани сидқидилдан бажариши, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириши керак. Аввалгидек ваколатига кирмайдиган вазифалар, раҳбарларнинг турли ҳисоботларию қоғозбозликлар билан ўралашиб қолмасдан, балки тизимдаги янгиликларни тез, холис ва ҳаққоний равишда жамоатчиликка етказиши зарур.
Фарҳод БАБАШЕВ, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг “Педагогика ва психология” кафедраси доценти