Ота-оналарни ҳамкорликка чақираман
Мактабга мониторинг гуруҳи келса, таҳликага тушамиз: ўқувчилар қандай натижа кўрсатади? Улар олиб берган балл билан ўқитувчининг меҳнати баҳоланади. Мониторинг гуруҳини танқид қилмоқчи эмасман. Ахир, улар бизга аксимизни кўзгу орқали кўрсатмоқда. Унда таълим сифатини қандай яхшилаш мумкин?
Болалигим ёдимда. Ота-онам кун бўйи ишда. Аммо шундай темир интизом ўрнатилган эдики, билимимизни устоздан олдин, ота-онамизга кўрсатиш қатъий талаб эди. Онам ўқитувчи, кундузи мактаб, кечқурун рўзғор иши билан банд, биз билан шуғулланишга вақти етмасди. Отам уйга қачон келиб, қачон кетганлигини билмасдик. Аммо столи устида кундалик, уйга вазифалар очиқ ҳолда, қўшимча ўрганилаётган фан топшириғи дафтари туриши шарт эди. Отам қай вақти келмасин, дафтаримизни текширувдан ўтказар, кейинги топшириқни қайд этиб қўярди. Паст баҳо олсак, яхши баҳо олмагунча ота-онамиздан яширардик. Кечқурун соат олтидан кейин дарвоза ёпиларди. Акаларимнинг ўртоғи чақириб келса ҳам онам рад жавобини берган. Зарурат туғилиб, онамдан пул сўрасак, битта жавоб: “Отангдан сўра”.
Ҳамма ота-оналар ҳам қаттиққўлми? Улар фарзандининг мактабига охирги марта қачон борди? Боргандир, устози боласига бир шапалоқ тортганда! Охирги марта қачон дафтарларини кўздан кечирди? Кундалигига имзо чекдими, фарзандининг хоҳиш-истаги билан қизиқдими, у қайси фанни яхши кўраркан? Ўша фан ўқитувчисини танийдими? Ота-онанинг бурчи фақат яхши едириш, бекаму кўст кийдиришдан иборат эмас-ку! Нега улар бола тарбияси учун 24 соатдан атиги 1 соатини ажрата олмайди.
Ота-оналарни ҳамкорликка чақирмоқчиман. Дарсимизга келишсин. Кундалик топшириқларни кузатиб боринг. Болани рағбатлантириб турсангиз, кўп натижага эришамиз. Устозга таълим-тарбия жараёнида кўмаклашиш сизнинг ҳам бурчингиз.
Дилдор НУРМУҲАММЕДОВА, Термиз туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси