Дарсликлар таъминоти: муаммо, таклиф ва ечим
Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиздаги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг давлат стандартлари ва талаблари асосида янги авлод дарсликлари, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражасини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида мазкур соҳадаги қатор муаммолар ҳал этилмоқда. 11 йиллик умумий ўрта таълим тизими жорий қилингани, ўқитувчи-педагогларнинг ойлик иш ҳақи оширилгани, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари, ўқитувчиларнинг таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли кўринишдаги жамоат ишларидан буткул озод этилгани бу борадаги муҳим ижобий ўзгаришлардан саналади.
Бироқ тизимда, жумладан, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим соҳасида ҳозиргача сақланиб қолаётган, ечимини кечиктириб бўлмас муаммолар ҳам талайгина. Бу ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат назорат-таҳлил тартибида ўрганилганда яққол намоён бўлди. Хусусан, ўрганилган туманларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси пастлиги аниқланди.
Масалан, 2018 йил 18 январь ҳолатига Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги барча 36 та умумтаълим мактабида 10-синф бўйича 896 дона ҳуқуқ фани дарслиги умуман бўлмаган, 8 та умумтаълим мактабида эса, 5-10-синфлар бўйича 200 донага яқин дарслик ўқувчиларга етказиб берилмаган. Аксарият ўқувчиларга фақат эски дарсликлар тарқатилган.
Йиғилишда бу каби камчиликлар жорий ўқув йилида ҳам кузатилаётгани танқид қилинди. Жумладан, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасалари ўзбек, рус ва тожик тилларидаги 745 минг 79 тўплам дарсликлар билан, яъни ортиқча 63 минг 669 тўплам дарсликлари билан таъминланган бўлса-да, 3-синф бўйича дарсликлар 98 фоизга таъминланган. Дарсликлардан фойдаланиш муддатининг 2 йилдан 3 йилга ва 4 йилдан 5 йилга узайтирилгани натижасида 2021 тўплам дарслик етишмаслиги аниқланди. Вилоятдаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 68970 нафар ўқувчисидан 67484 нафари дарслик билан таъминланган бўлиб, 1486 тўплам дарсликка эҳтиёж мавжуд.
Хоразм вилоятида ҳам дарсликлар 3-синфлар учун таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда 96,4 фоиз, таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда – 67, 4-синфлар учун ўзбек мактабларида – 98,8, қозоқ тилли мактабларда – 82, 5-синфлар учун қозоқ тилли мактабларда – 68, туркман тилида дарс бериладиган мактабларда – 70 фоиз, таълим туркман тилида олиб бориладиган мактабларда 11-синфлар учун 86 фоизга дарсликлар билан қамраб олинган, холос.
Ҳар икки вилоятда жорий ўқув йили бўйича умумтаълим мактаблари учун буюртмалар шакллантирилган бўлса-да, 2 октябр ҳолатига кўра, айрим дарсликлар ҳалигача етиб келмаган. Умуман, янги ўқув йилининг иккинчи ойи бошланганига қарамасдан, умумтаълим мактаблари бўйича тиллар ва синфлар кесимида етишмайдиган дарсликларни Халқ таълими вазирлиги томонидан қайта тақсимот қилиш ишлари ҳалигача ниҳоясига етказилмаган.
Йиғилишда ўрганилган ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам дарслик ва ўқув адабиётлар, жумладан, умумтаълим фанлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича янги авлод дарсликлари, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик ҳолати талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Дарсликлардан фойдаланиш даврининг узайтирилиши муносабати билан пайдо бўладиган адабиётлар танқислигини йўқотилган ва яроқсиз ҳолга келган дарсликлар учун тўланган жарималар ҳисобидан қоплаб бориб, қайта нашр ишларини ташкил этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Дарсликларнинг умумтаълим мактабларига қадар ўз вақтида етказиб берилиши, фойдаланиш муддати тугаган дарсликларни таълим муассасаларидан олиб кетиш ва утилизация қилишнинг қатъий назорат тизимини яратиш каби муҳим масалалар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Maнба: www.uza.uz