Болаларимизни репетиторга топшириб қўймайлик!
“Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 23 июнь сонида чоп этилган “Репетиторсиз талаба бўлолмайсизми?” мақоласида ҳақиқатан ҳам бугунги куннинг долзарб муаммоси чуқур таҳлил асосида очиб берилган.
Аслида, “репетитор” атамаси луғатимизга қачон кириб келди? Репетиторларнинг мақсади қўшимча даромад топишми ёки мактаб партасида 11 йил ўтириб, билимига қониқмаган болаларни 4-5 ой ичида талабаликка даъвогар бўлиш даражасига кўтаришми? Бу каби саволларга жавоб тополмай бош қотираётганлар орамизда талайгина. Тобора чигаллашиб кетаётган муаммони ҳурматли муаллимларимиз ҳам ўйлаяптими ёки дарсдан кейин ўзлари ўқитаётган ўқувчиларига истаган нарх¬ни белгилаб, репетиторлик қилишяптими? Бу кетишда таълим муассасининг обрўйи, ҳурмати қаерда қолади?!
Таълим соҳасида ҳавас қилса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Ўқитувчиларга янги қулайликлар, имкониятлар, шароитлар яратилаётган бир даврда нега ота-оналар ўқитувчини тан олмай фарзандини репетиторга беришга ошиқади? Аслида репетитор ҳам билимни мактаб дарсликлари асосида беради. Кўриниб турибдики, репетиторларнинг кириб келишига сабаб, биринчидан, мактаб таълимида бўшлиқлар пайдо бўлаётгани, иккинчидан, уларнинг олий ўқув юрти билан ҳамкорлиги йўқлигида. Мақолада журналист тилга олган мураккаб тестларнинг тузилиши бунга ёрқин мисол. Айрим ота-оналар фарзандининг ўқишга уқуви бўлмаса-да, мажбурлаб репетиторга бериб, олий ўқув юртига киришини хоҳлайди. Мактаб психологи, синф раҳбари ва ота-онанинг ҳамжиҳат эмаслиги оқибатида айрим болаларнинг умри ўқув марказларида ҳуда-беҳуда ўтаётгани ҳам ҳақиқат.
Фикримча, бошланғич синф ўқувчисини репетиторга бериш мутлақо нотўғри. Агар ўқитувчининг билим савияси, дарс ўтиш маҳорати етарли бўлса, ота-оналарнинг беҳуда хавотирига ҳожат қолмайди.
Юқори синфда ўқувчининг лаёқати яққол сезилиб қолади. Касб-ҳунарга қизиқиши бор ўқувчиларни шу соҳаларга жалб қилган маъқул. Улардан турли қоидаларни ёддан сўраш, чеки йўқ мисолларни ечиб келишни талаб қилиш керак эмас. Улар келажакда яхши ҳунар эгасига айланса, шунинг ўзи кифоя. Иқтидорли, қобилиятли ёшларнинг билимини дарс жараёнида, дарсдан сўнг тўгаракларда бойитиб боришимиз даркор.
Дилноза РЎЗИМУРОД қизи