Менинг нафсим балодир...
Мактабга комиссия келди. 40-45 дақиқада бутун маълумотларни йиғиб, ҳаттоки 4-5 та дарсга кирибди. Мактаб раҳбарлари қуллуқ қилган. Текшир-текшир ниҳоясига етгач, таомилга кўра, директор уни бир пиёла чойга таклиф қилди. У эса “Чой ичгани келмадим, ўртоқ директор, мени кўчада такси кутиб турибди, яна қанча мактабга боришим керак!” деб қўрс жавоб берди.
Раҳбар уни кузатиб ортига қайтди. Аммо бироздан сўнг “комиссия” унга қўнғироқ қилиб, “Биз ҳозир фалон кафеда сизнинг камчиликларингизни протоколга туширяпмиз, тез келинг!” деди. Меҳмондўстлик таомилини қойиллата олмаган раҳбар анчага тушадиган бўлди. “Чой ичгани келмадим”, деган одам тузукроқ жойда овқатланмоқчи бўлган экан-да...
Тамагирлик — азалий иллат. Чақалоқ туғилса, суюнчи бериш одатимиз бор. Туғруқхоналарда ишлайдиганлар бу борада устаси фаранг. Икки ҳамширанинг суҳбатига қулоқ тутинг-а:
— Фалончи мақтанишни жуда қойиллатарди! Кеча укаси ўғил кўрди, берган суюнчисини қара, 10 минг сўмгина. Қурумсоқ! Кеча чақалоқнинг кўзига дори сурдим-да, отасидан беш баравар пулини олдим.
— Дорихонага кириб чақалоқ кўзига суриладиган малҳам қанча туришини сўрадим. 2500—3000 сўм экан. Биттаси камида 70—100 марта суришга етса керак, — дейди иккинчиси.
Кабоб ва сомса олиб туғруқхонада ётган келинимизни кўргани бордим. Санитаркадан сумкани бериб юбориб, ўзим дераза орқали бироз суҳбатлашиб қайтдим. Эндигина дарвозага етсам, келиним қўнғироқ қилиб, “Опа, ҳамшира кўчанинг овқати мумкин эмас сизга деб, нарсаларни олиб чиқиб кетди. Ойим лағмон олиб келган эди, хамирли овқат чақалоққа ёқмайди деб уни ҳам олиб қўйди, менга бирор пишириқми, пирашками оберсангиз, қорним оч” деди...
Муножатхон БУРҲОНОВА, Марҳамат туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси