Таълимда коррупцияга қарши қандай курашилади?
Таълим тизимининг издан чиқиб, аянчли аҳволга келиб қолишига катта таъсир кўрсатган омиллардан бири — коррупциядир. Болаларни мактабга қабул қилишдан тортиб, ўқитувчиларнинг ишга жойлашиши, устамалар белгиланишигача — жуда кўп масалалар кўпинча пул (пора), таниш-билишчилик, маҳаллийчилик орқали ҳал қилинадиган даражага етиб келгани ҳақиқат.
Бугун бу иллатларга қарши жиддий кураш бошланди. Ўқитувчи-мураббийлар ойлиги оширилгани, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган педагогларга уй-жой, автомобиль харид қилиш ва тадбиркорликни бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратилаётгани шундан далолат беради.
Эътиборлиси, ўзгаришлар таълим ривожига тушов бўлаётган иллатларни илдизидан қирқишга, тизимга янги ва инновацион лойиҳаларни татбиқ этишга қаратилмоқда. Яъни, шу чоққача биз айтишга истиҳола қилиб ёки бекитиб келган камчиликларни ҳал этиш учун йўллар очилди. Бу фурсатни қўлдан бой бермай, жамиятимиз тараққиётини орқага тортаётган қусурларга қарши барча биргаликда курашиши, жамиятда ҳуқуқий саводхонлик юксалишига ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Одамлар онги ўзгариши лозим
Таълимдаги коррупцияни йўқотиш учун одамлар онги, ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчи-педагоглар ва мактаб маъмуриятининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улардаги эскича қарашлар, қотиб қолган стереотиплар, комплексларни йўқотиш ва парчалаб ташлаш биринчи галдаги вазифадир. Чунки порахўрликка мойиллик бор экан, иллат яширин равишда содир этилаверади.
Энг аввало, кичик ёшдан коррупция, унинг зарарлари, оқибатлари ҳақидаги илк дунёқараш шакллантирилиши, болаларда поранинг энг оддий шакллари ҳақида тасаввур ҳосил қилиниши зарур. Бу каби жиноятларга тоқатсизлик муҳитининг шаклланишида хабардорлик қанчалик муҳим бўлса, жазо ва жавобгарликнинг муқаррар экани ҳам шунчалик долзарбдир. Кимдир истаганича пора олсаю, ҳеч ким унинг мушугини “пишт” демаса, жазога тортилмаса, болалар, одамлар онгида: “Адолат йўқ, унга қарши курашиш бефойда”, деган нотўғри фикр пайдо бўлади. Ваҳоланки, уларда ҳар қандай жиноятнинг жазоси бор, порахўр ҳам, пора берувчи ҳам қонун доирасида жавобгарликка тортилади, деган қатъий ишонч шакллантирилиши зарур.
Аммо аллақачон кўзимиз “ўрганиб” қолган порахўрликдан бирдан қутулиб бўлмайди. Бунинг учун содда ва таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда уни изчиллик билан йўлга қўйиш лозим.
Масалан, мактабга қабул жараёнини олайлик. Ота-она боласи яхши ўқиши, муносиб таълим-тарбия олиши учун фарзандини обрўли мактабга, унинг ҳам танилган ўқитувчисига топширишни истайди. Бунинг учун бор имкониятини ишга солади — таниш-билишларидан фойдаланади, пул ва хизматини таклиф қилади.
Аслида муаммони ҳал этиш учун одамлар нима сабабдан шу мактаб ва педагогга интилаётгани тўлиқ ўрганилиши, улар ҳақида очиқ маълумотлар тўпланиб, вазият назоратга олиниши ҳамда ўша синф ёки мактабга қабул танлов асосида ташкил этилиши мумкин. Марҳамат, болангиз шу синф ёки мактабда ўқишини хоҳласангиз, барча қатори танловда қатнашсин, интеллектуал салоҳияти текширилиб, психологик-педагогик кўрикдан ўтказилсин.
Айни пайтда бу тажриба тизимда қисман қўлланмоқда. Асосан, муайян фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларни танлов асосида қабул қилади. Бу қоиданинг ўрнатилиши мактаблар ўртасида рақобатни кучайтириб, барча таълим муассасалари ва синфларда ўқитиш сифатини ошириш чораларини кўришни талаб этади.
Қуйи бўғинларда ҳам шаффофлик бўладими?
Ўқитувчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш учун уларга имтиёзли шартларда уй-жой ва автомобиль харид қилиш учун кредитлар бериш жорий қилинмоқда. Табиийки, бундай имкониятга ҳамма ўқитувчи эмас, энг муносиб — фидойи, ўз ишининг устаси бўлган илғор педагоглар лойиқ кўрилади. Бироқ энг қуйи бўғинларда улар холис саралаб олинадими, имтиёзлар адолатли тақсимланадими? Бу ўринда ҳам коррупцияга йўл қўйилиб, рўйхатлар тор доирада — айрим шахслар манфаатлари доирасида тузилмайдими?
Назаримда, бу борада инсон омили минимал даражада иштирок этадиган шундай механизм ишлаб чиқилиши керакки, унда ўқитувчининг иш стажи, эришган ютуқ ва натижалари, ташаббускорлиги, фаоллиги, бир сўз билан айтганда, ҳар жиҳатдан муносиб экани махсус алгоритм асосида компьютер технологиялари ёрдамида ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Тизимга маълумотларни жойлашда жамоатчилик иштироки ҳам таъминланиши керак.
Мисол учун, мактабда ўқитувчилар рейтинги ўқувчиларнинг ўзлаштириши, турли танлов ва мусобақаларда ўзи ва ўқувчилари эришган натижалар, фаолиятида янги таълим технологияларидан фойдаланиши каби анъанавий мезонлардан ташқари, ота-оналар ва ўқувчилар, педагогик жамоа, жамоатчилик тузилмаларининг у ҳақдаги фикри ва фаолиятига қўйган баҳолари, собиқ ўқувчиларига таълимнинг кейинги босқичларида ёки иш жойидан берилаётган хулосалар (ўзлаштириши, натижалари, тавсифномалар) ҳам ҳисобга олиниши мумкин. Ўқитувчининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлари рейтинг натижаларига салбий таъсир кўрсатиши лозим. У ҳар бир ножоиз ҳаракати келгусида имтиёзларга эга бўлишда тўсқинлик қилишини англаб турсин.
Интервью усули
Таълимда коррупцияга қарши курашда турли халқаро ташкилотлар фойдаланиб келаётган интервью олиш усулини ҳам йўлга қўйиш мумкин. Тан олиш керак, қоғозбозликлар, турли ҳисоботларни кўздан кечириш коррупцион манзарани тўлақонли гавдалантирмайди. Айрим коррупционер мутасаддилар барча ҳужжатбозлик ишларини шу қадар маромига етказиб бажарадики, қоғозлар асосида унинг пора¬хўрлиги, маблағларни ўзлаштиргани ва давлат мулкини талон-торож қилганини исботлаш қийин. Далил-исботсиз эса айбдорни жазога тортишнинг иложи йўқ. Ана шундай пайтда педагоглар, ўқувчилар, таълим расмийлари билан алоҳида суҳбат-интервьюлар ўтказиш қўл келади.
Яккама-якка суҳбатларда коррупциянинг шакли, ишлаш механизми, амалга оширишдаги ҳалқалар – шахслар, усул ва воситалар ҳақидаги маълумотлар тўпланади. Шундан сўнг коррупционерга эмас, балки коррупцияни келтириб чиқараётган сабабларга қарши комплекс кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади. Бунда коррупционер, унга воситачилик қилаётганлар қаттиқ огоҳлантирилиши, мансабдор шахслар, яқин қариндошларининг даромадлари, мол-мулклари, сарф-харажатлари ўрганилиб, ноқонуний йўл билан топилган даромадлар аниқланган тақдирда, тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бу усул коррупцияга хизмат қилаётган омилларни тизимли бартараф этиш, қайси ўринларда коррупцияга кўпроқ йўл қўйилаётганини, бунинг сабабларини аниқлаш имконини ҳам беради.
Антикоррупция дарслари
Болаликдан коррупцияга қарши тоқатсизлик кайфиятини уйғотиш учун мактабларда антикоррупцион дарс¬лар ташкил этилиши керак. Дарсда коррупция нима, унинг қандай зарарлари борлиги болалар тушунадиган содда тилда етказилиши, ўқувчилар билан коррупция ҳақида суҳбатлар ўтказилиши, ролли ўйинлар ўйналиши мумкин.
Дарсларда коррупцион ҳолатларга аниқ мисоллар келтирилиб, унинг оқибатлари, қарши курашиш усуллари, бунда ўқувчининг шахсий иштироки қандай бўлиши айтилади. Масалан, муайян тиббий маълумотномани олишда кўрикдан ўтмай туриб, пора эвазига ишни битириш ҳолати ҳаммага таниш. Аммо шундай йўл билан тиббий маълумотнома олган сил касаллигига чалинган шахс мактаб ошхонасида ишласа нима бўлади? Оқибатда қанча одам касалланади, улар орасида сиз ҳам бўлишингиз мумкин, дейилади.
Кичик ёшдаги болалар билан ишлашда ролли ўйинлар фойдали. Бирор вазият саҳналаштирилиб, пора олувчи соҳа мутасаддилари роли болалар ўртасида тақсимланади. Ёки болалар виждонли ва виждонсиз раҳбар ҳақидаги ўз қарашларини суратлар орқали тасвирлаб беради.
Жамиятда порахўрликка қарши кураш кенг қамровли, комплекс ишларни ўз ичига олади. Биргина сабабга қарши курашиб бу иллатни йўқотиб бўлмайди. Барча сабаблар чуқур ўрганилиши, порахўрлик, яъни оқибат эмас, балки унга олиб борувчи йўллар, уни вужудга келтирувчи сабаблар йўқотилиши керак.
Ўқитувчи пора олмайди, мактаб директори ҳаммани тенг кўради, у ўз мансаби ва ваколатларини ҳеч қачон суиистеъмол қилмайди, биз пора бериб ўқимаймиз, таълимда тенглик, қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик бўлиши шарт, қабилидаги тушунчалар одамларнинг қон-қонига сингиб, қадрият даражасига кўтарилмас экан, коррупция биз билан ёнма-ён яшайверади.
Санжар РУСТАМОВ