Қонун фақат қоғоздами?
БИРИНЧИ ҲОЛАТ
Барчамиз ҳеч бўлмаганда бир марта ошхона, қаҳвахона ёки ресторанга кирганмиз. Таъбимизга мос овқатни танлаш учун таомнома (тўғрироғи, меню) билан танишганмиз. Шунда унинг қайси тилда ёзилганига ҳеч эътибор берганмисиз? Рус тилида! Ҳатто ўзбекча таомларнинг номи ҳам чиройли қилиб русча ёзилган бўлади.
КЎЧИРМА. 20-модда. Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин. (Берилиши мумкин, берилади эмас).
ИККИНЧИ ҲОЛАТ
“Lex.uz” сайтидан бирор-бир қарорни олишингиз ва ундан амалиётда фойдаланишингиз керак. Зарур ҳужжатни топасиз ва кутилмаганда ўша ҳужжатнинг ўзи ёки қайсидир иловалари рус тилида эканидан ҳафсалангиз пир бўлади.
ИККИНЧИ ҲОЛАТНИНГ ДАВОМИ
Бугунги кунда давлат томонидан қабул қилинаётган қарорлар дастлаб жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда ва шундан сўнг қабул қилинмоқда. Аммо муҳокамага қўйилаётган лойиҳаларнинг деярли барчаси рус тилида эълон қилинаётир. Ҳақли савол туғилади: уларни ким муҳокама қилади ва таклифларини беради? Давлат тилида сўзлашувчиларми ёки давлат тилини билмайдиганларми? Умуман, лойиҳалар давлат тилида эълон қилинмас экан, муҳокамага қўйишдан не наф!
КЎЧИРМА. 8-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.
Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.
Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республика давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.
УЧИНЧИ ҲОЛАТ
Маош олаётганингизда қайдномага имзо қўясиз. Шу қайдноманинг давлат тилидаги кўриниши қанақа бўлади, биласизми? Мен билмайман!
Мабодо банкка ишингиз тушса, қизиқиб кўринг. Иш қоғозларининг неча фоизи давлат тилида экан?
Коммунал соҳада ишлайдиганларга саволим бор: қачон давлат тилида шартномалар тузасиз ва бошқа иш қоғозларини ҳам давлат тилида юритасиз?!
КЎЧИРМА. 10-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин. (Амалга оширилиши мумкин, амалга оширилади эмас).
ТЎРТИНЧИ ҲОЛАТ
Ҳар бир ташкилотнинг бошқа ташкилотларга чиқарадиган расмий хатқоғози, муҳри, штампи бўлади. Мана шу расмий хатларда нима учундир ташкилот номи доимо икки тилда акс эттирилади. Шунингдек, вазирликлар, давлат идораларининг номи ҳам улар жойлашган бино пештоқида икки тилда ёзилади.
КЎЧИРМА. 19-модда. Муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари муҳрлари, тамғалари, иш қоғозларининг матнлари давлат тилида бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар ва муассасалар, қўшма корхоналарнинг, шунингдек, миллий маданият жамиятлари ва марказларининг муҳрлари, тамғалари, иш қоғозлари матнларининг таржимаси давлат тилида такрорланади.
БЕШИНЧИ ҲОЛАТ
Адабий тил нима учун керак? Тил бирлигини, халқ бирлигини сақлаш учун керак. Бутун халққа ҳавола қилинаётган, бутун халқ кўраётган ва эшитаётган матнлар адабий тил меъёрларига амал қилган ҳолда берилиши зарур. Бугун телевидениеда ҳам, радиода ҳам барча ўз билганича, ўз лаҳжасию шеваси имкониятлари доирасида сўзламоқда. Умуман, журналист ўз тилининг тарғиботчиси ва бойитувчиси бўлиши керак. Шунда ҳам адабий тил қоидаларидан чекинмаган ҳолда. Телевидение ёки радио шевада сўзланадиган минбар бўлмаслиги керак. Чунки катта ёшлилар ҳам, ёшлар ҳам телерадиода берилган ҳар қандай кўрсатув ёки эшиттиришни тўғридан-тўғри қабул қилади.
КЎЧИРМА. 7-модда. Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади…
16-модда. Телевидение ва радио эшиттиришлари давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда олиб борилади.
17-модда. Ноширлик фаолияти давлат тилида, эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда эса, бошқа тилларда ҳам амалга оширилади.
ОЛТИНЧИ ҲОЛАТ
Тилимизда янги сўзлар салмоғи шиддат билан ўсиб бормоқда. Уларнинг қайси бири адабий тил учун, аниқроғи, фан тили учун меъёр эканлигини билиш қийин.
Биз кўчирма келтирамиз. Хулоса эса сиздан.
КЎЧИРМА. 7-модда. …Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди.
Янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади.
ЕТТИНЧИ ҲОЛАТ
Отамнинг исми Холбой, лекин ҳужжатларда Колбой бўлиб кетган. Шу боис мен Колбоевичман. Фарзандларимга фамилия бераётганимда ФҲДЁ ходимлари билан анча тортишишимга тўғри келган. Демоқчиманки, фамилияларда, ота исмларида ҳозиргача давом этаётган мана шундай хатоликларни тўғирлаш фурсати етмадимикан?! Ёки Джуралар, Ходжалар, Ибрагимлар, Иргашлар, Ахмедлар… ва яна кўплаб шунақа исмлар ўзимизга ёқадими?! Русча ёки инглизчада ўзбек исмлари ўша тилларга мослаб айтилади ва ёзилади. Лекин ўзбекчада бундай қилмаймиз. Умуман, исмларнинг ўзгартирилиши қанчалик тўғри?
КЎЧИРМА. 15-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”. 1995 йил 21 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг биринчи моддасида худди шундай деб белгилаб қўйилган. Ҳа, ёзилмаган, айнан белгилаб қўйилган. Маълумки, қонун талаблари шу давлатда яшаётган ҳар бир фуқаро, фаолият юритаётган ҳар бир ташкилот учун бажарилиши мажбурий бўлган меъёрдир. Демак, йигирма тўрт моддадан иборат бўлган “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун мажбурийдир.
Зоҳид ШАКАРОВ