Миша, Гуля, Диля...
Миллат тарихидаги энг буюк ҳодисалардан бири бу она тилимизга давлат тили мақомининг берилиши бўлди. Шу воқеага ҳам йигирма тўққиз йил тўлди. Хўш, бу йиллар давомида она тилимиз, нутқимиз ва мулоқот маданиятимизда нималарга эришдик? Тилимизнинг ўзига хос латофатини, гўзаллигини ҳамма ҳам ҳис этяптими? Бетакрор ва бой забонимизнинг хазинасига юртдошларимизнинг муносабати қандай?
Тўғри, расмий доираларда нутқ маданиятига эътибор қаратяпмиз, бироқ уни ҳам талаб даражасида деб бўлмайди. Чунки афиша(реклама)ларда ҳамон чет тили атамалари устувор. Ўзбекча ёзилганларида услубий ва имловий хатоларга йўл қўйилмоқда. Бу каби нуқсонлар ёшлар саводхонлигига таъсир қилмайдими? Айниқса, истеъмолда шлатилаётган сўзларимизга диққат қиладиган бўлсак, паразит сўзлар (демак, дейлик, айтайлик, нима эди, нима десам экан, маълумки, ҳалиги, анақа, хўш-хўш каби) ҳамда варваризм (бошқа тилдан кириб келган короче, окей, шест секунт, звоню) хусусиятидаги сўзларни ўқувчилар, талабалар нутқида кўплаб учратамиз.
Бундан ташқари, гўё ўзимизни маданиятли қилиб кўрсатмоқчи бўлгандай ота-оналаримиз яхши ният билан қўйган исмларимизни ҳам (Муҳаммадни — Миша, Гулчеҳрани — Гуля, Дилбарни — Диля, Бобурни — Боря, Бахтиёрни — Бахти, Баҳодирни — Боҳо, Зулфияни — Зуля каби) бузиб ёки қисқартириб ишлатамиз. Бу ҳолатлар она тилимизга ҳурматсизлик эмасми? Нега миллат руҳи яшаётган она тилимиздаги гўзал сўзларни бузиб талаффуз қиламиз?
Она тилимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов таъкидлаганидек, уч дарёдан сув ичади: туркий, форсий ва арабий. Неча минг йиллар оша нурланиб, турфа маънодош сўзлар ва халқ мақоллари, фразеологик бирикмалар, турли қочирим ва ҳазил-мутойибаларнинг кенг қўлланилиши туфайли бойиб келаётган тилимиз туркий тилнинг барча гўзалликларини ўзида мужассам этади.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари ва бошқа қадимий манбалар бугун она тилимизда қўлланилаётган сўз ва ибораларнинг нақадар қадимийлигидан далолат беради. Ҳазрат Навоийнинг достон ва ғазаллари, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг кўплаб шеърларида ўзбек тилининг бой имкониятлари ўз ифодасини топган. Адабий-бадиий бу манбаларда миллат бахт-иқболи мужассам. Аммо она тилимизнинг қадри ва нуфузини тушириб юборадиган воқеа-ҳодисаларга кундалик ҳаётимизда кўп дуч келамиз.
Бир гуруҳ тарғиботчилар Қашқадарё вилоятига борганимизда, ёши улуғ отахон мени қўярда-қўймай уйига бошлаб кирди.
– Ўғлим, бизникидан бир пиёла чой ичиб кетинг, илтимос.
Рози бўлдим.
— Кампир, иди суда. Мен Тошкондан меҳмон олиб
келяпман, чой олиб чиқ, бу киши кўп ўтирмайди, тез бўл!
— Хўп, бобоси, хўп, меҳмондан айланай, келинг, оға! — деб кампир ҳам мулозамат кўрсатди. Шунда отахон 14-15 ёшлардаги набирасини чақирди:
— Аҳмад, бу ёққа қара!
— Лаббай, дедушка!
— Дедушка дема, бобо де, деб сенга неча марта айтаман, қулоғи йўқ бола экансан-да.
— Меҳмон, бу Тошконда катта идорада ишлайдиган ўғлимнинг боласи бўлади. Ҳозир ёзги таътил бўлгани учун бизникида, сал қишлоқ ҳаётини кўрсин, иш ўргансин, дейман-да.
— Тўғри қиласиз, отахон.
— Ҳой бола, мен бугун сенга у бу ишларни буюриб кетувдим. Отанг менга «Аҳмаджон кўп ақлли, нима иш буюрсангиз, бажаради», деган. Вообше бекор гап экан. Просто ҳайронман-да, давай чойни обке.
— Ладно, хватит, — дедию набира орқасига бурилди.
Шу пайт кампир патнисда чойнак, пиёла, қанд-қурс олиб келди. Набирасининг хафа бўлганини кўриб, онахон чолига танбеҳ берган бўлди.
— Маладессан, хафа бўлма, тойчоғим, — деб эркалади момоси болани.
Хонадондан чиқар эканман, отахоннинг “вообще”, “просто”, “давай”, кампирнинг эса “маладес” сўзлари ҳақида хаёлга чўмдим. Аслида, улар ишлатган сўзларнинг ўзбек тилида ҳам муқобиллари кўп.
Ўзбекистон телевидениеси орқали ўзбекчалаштирилиб намойиш этилаётган чет эл кинофильмларида қаҳрамонларнинг “боряпман” деган сўз ўрнига “кетяпман”ни ишлатиши кишига эриш туюлади.
Шиддаткор ахборот асрида яшаяпмиз. Бу муомала ва мулоқот маданиятимизга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Аччиқ-тизиқ, киноя, кесатиқ билан оила бузилиб кетиши, дўстлар орасига нифоқ тушиши, дугоналар бир-биридан аразлаши, жон-жигарлар тескари бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Нега оила бузилади? Нега ажралиш кўп, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бунга бесуяк аъзо — тилдан отилиб чиқаётганзаҳар -заққум сўзлар сабабчи бўлмаяптими? Эр хотинини “қанжиқ, бефаросат” деб ҳақорат қилса, аёлнинг тилидан “томаётган” “сўтак, дадарвоқи, гуляший” деган сўзларга қайси эркак дош бера олади? Қани ширинсуханлик, қани муомала маданияти? “Яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан, мусулмон динидан чиқади” деган нақл бежиз айтилмагандир. Агар ўзбек тилининг сўз бойлигидан ўринли фойдаланилса, оғир-босиқлик, ақл-мулоҳаза билан иш тутилса, жаҳл чиққанда, ақл қочмаса, одамлар ўртасида зиддият пайдо бўлмас эди. Қўпол сўз ҳеч кимга ёқмайди. Одам борки, ширин сўзнинг гадоси. Иккинчи жаҳон урушининг оғир кунлари “Сен етим эмассан” шеърини битган шоир Ғафур Ғуломнинг “Бир оғиз ширин сўз нондек арзанда”, деган сатрини эсланг.
Дарҳақиқат, ҳар биримиз ўз вужудимизнинг султони бўла туриб, нега тилимизни бошқараол маймиз? Инсонни унинг нутқида ишлатаётган сўзларига қараб маънавиятли ёки маданиятсиз дейиш ўринлироқдир. Сўзни топиб гапирдими, унга ҳавас билан қараймиз. “Яхши топиб, ёмон қопиб гапиради” деган мақол бор, ахир. Ҳар қандай сўзни ҳам “Томдан тараша тушгандай” қилиб эмас, юмшоқлик билан, мулойим тарзда етказса бўлади. Она тилимиз бисотида ана шундай имконият истаганча топилади. Тилимиздан чиқаётган сўзни кўриб бўлмайди, уни эшитиб, ҳис этамиз, холос. Ҳис этиш орқали бизнинг маънавий дунёмиз янгиланади. Тилимизда сўзлар булоқ сувидек тиниқ бўлса, нутқимиз гўзал, фикримиз лўнда, юзимиз жозибали, муомаламиз ширин бўлади. Бу ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.
Норқул БЕКМИРЗАЕВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент