Имконияти чекланганларга қандай имтиёзлар берилмоқда?
Биз кўп ҳолларда бебаҳо неъматларга ношукрлик қиламиз. Соғлом бўлсак-да, баъзан фиғонимиз фалакка чиқади. Шундай вақтларда бир тин олиб танимиз соғлиғи, қорнимиз тўқ, устимиз бутлиги ҳақида ўйлаб кўриш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Аммо орамизда жисмоний имконияти чекланганлар ҳам истиқомат қилади. Улар имконияти чекланган бўлса-да, шукрона билан яшайди. Жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш, яхши яшаш учун ҳаракат қилади.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган фуқаролар, ногиронларнинг таълим олиш ва касб эгаллаши, меҳнат қилиши, хавфсизлиги, саломатлигини тиклашидаги ҳуқуқлари кафолатланган. Бу борада қонун ҳужжатлари базаси яратилган.
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ногирон болаларнинг мактабгача таълими мактабгача таълим муассасаларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, шу жумладан, интернат-уйларда амалга оширилади. Шунингдек, ногиронларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими барча таълим даргоҳларида, зарур бўлган ҳолларда эса ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади.
Ногиронларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган таълим масканларида, шунингдек, ногиронлар жамоат бирлашмаларининг корхоналарида таъминланади.
Ушбу қонунга кўра, ногирон меҳнат шароитлари одатдагича бўлган ташкилотларда, ногиронлар меҳнатидан фойдаланиладиган ихтисослаштирилган корхоналарда ишлашга, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.
Ногиронларнинг эҳтиёжлари ва маҳаллий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этилади. Кўзи ожиз ногиронлар шароитлари ўз имкониятларига мос келадиган ишлаб чиқаришда иштирок этишда имтиёзли ҳуқуққа эга.
Имконияти чекланганлар, болалар ва болаликдан алоҳида эътиборга муҳтожлар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия мосламалари, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиш, шунингдек, касб-кор эгаллаш ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқига эга.
Ногиронлар давлат соғлиқни сақлаш тизими ва меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ногиронлар ва сурункали руҳий хасталикларга чалинган ногиронлар эса ижтимоий таъминот муассасаларида яшаш ҳуқуқига эга.
Алоҳида эътиборга муҳтож инсонларга пул тўловлари, техника ёки бошқа воситалар, шу жумладан, автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш, тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш ва маиший хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, транспорт хизматлари кўрсатиш, дори воситалари билан таъминлаш, шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
– Тўла-тўкис саломатликка эга эмасман, аммо бу ҳаётимдан нолишимга сабаб бўлолмайди, – дейди Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Ўқув ишлаб чиқариш” масъулияти чекланган жамияти ходими, 1-гуруҳ ногирони Равшун Ҳакимов. – Болалигимда соғлом болалар каби ўйнай олмаганим, дунёни улардек ранг-баранг кўрмаганим учун ўкинган вақтларимда ҳам ота-онам ва яқинларим менга далда бўлган. Ушбу корхонада 16 йилдан буён фаолият юритаман. Оила тебратаман. Давлатимиз, жамиятимиз биз каби инсонларни тушунади, имконият беради. Шунинг ўзи катта бахт.
Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 2 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланган эди.
Ҳужжатга кўра, олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти олий таълим муассасалари томонидан шакллантирилиб, бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар орқали ҳар йили Президентнинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда Республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилиши белгиланган.
Бу ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз учун катта имконият ва қулай шарт-шароит яратилганининг белгисидир.
– Туманимизда саккиз мингдан зиёд жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз яшайди, – дейди Республика Ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўлинмаси раиси Олим Султонов. – Шундан икки мингтаси балоғатга етмаган. Уларнинг жамиятда фаол бўлиши, интеграциялашуви учун барча чоралар кўрилмоқда. Уларнинг саломатлигини тиклаши, керак бўлса жарроҳлик амалиётини ўтказиши, моддий таъминоти, бандлиги юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Болалар учун кўрик-танловлар ташкил қилсак, катталар учун савдо-кўргазмалари ташкил этамиз. Бундан ташқари, уларнинг имкониятидан келиб чиқиб спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказамиз. Ҳуқуқшунослар, психологлар, нотариуслар ва бошқа соҳа вакиллари билан учрашувларни уюштирамиз. Уларнинг ҳунармандлик билан шуғулланиши учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда. Ҳар бир ҳаракатимизда инсон манфаатлари ётади.
Бу каби саъй-ҳаракатлар билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашилади.
Барно МЕЛИҚУЛОВА
www.uza.uz